O‘zini oqlagan “Termiz tajribasi”

Date:

Бугун спорт соҳаси жамият тараққиётининг муҳим кўрсаткичи сифатида эътироф этилаётган бўлса-да, амалдаги ҳолат унинг реал ривожланиш даражаси билан ҳар доим ҳам мос келмаслиги яққол сезилмоқда. Спортни фақат мусобақалар билан чеклаб қўйиш, уни оммавий соғломлаштириш воситаси сифатида тўлиқ йўлга қўймаслик, айниқса, мактаб ва олий таълим тизимида спорт тўгаракларининг “номига” ташкил этилиши соҳадаги тизимли муаммоларни очиб бермоқда. Айрим ҳудудларда ёшларнинг жисмоний тайёргарлиги паст, спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланилмаётгани ҳамда ихтисослашган спорт мактабларининг кутилган натижани бермаётгани соҳада масъулият
ва ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатади. Шу нуқтайи назардан, спорт соҳасида мавжуд имкониятларнинг тўлиқ ишга солинмаётгани бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланди. Айнан шу каби масалалар жорий йил 7-апрель куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам кескин кўтарилди. Унда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мавжуд муаммолар очиқ таҳлил қилиниб, аҳолини оммавий спортга жалб этиш ишлари сустлиги, айрим ҳудудларда ҳокимларнинг бу соҳага бефарқлиги танқид қилинди. Шунингдек, йиғилишда олий таълим тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Термиз давлат университетининг спортни ривожлантириш бўйича тажрибасини оммалаштириш, барча олийгоҳларда ушбу тажриба асосида бир йиллик аниқ иш режаларини ишлаб чиқиш ва спорт клублари
фаолиятини реал натижага йўналтириш вазифаси қўйилди. Шу билан бирга, спорт мактаблари ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, мураббийлар ишини натижадорлик билан боғлаш зарурлиги ҳам қайд этилди.
Айни вазифаларнинг амалий исботи сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда спорт вазирлиги томонидан Термиз шаҳрида спорт ҳафталиги ва олий таълим муассасалари раҳбарлари учун ўқув-амалий семинар ташкил этилди.


Раҳбарлар намуна кўрсатди


Эндиликда маҳаллаларда оммавий спорт натижадорлиги фақат қамров кўрсаткичи билан эмас, балки аҳолининг саломатлик даражаси ва реал жисмоний фаоллик кўрсаткичлари
асосида ҳам баҳоланади. Бу эса спортни расмий тадбир даражасидан чиқариб, уни ҳаётий эҳтиёжга айлантиришга қаратилган муҳим ёндашув сифатида баҳолаш мумкин. Шу билан бирга, ҳар бир вазир, тармоқ ва банк раҳбари, вилоят ҳамда туман ҳокимлари ўз ходимлари учун спорт билан шуғулланиш шароитини яратиш билан бирга, шахсий намуна кўрсатиши шарт.


Термиз давлат университетида ўтказилган спорт ҳафталиги доирасида эрта тонгдан “Соғлом ҳаёт учун ўн минг қадам” шиори остида оммавий юриш марафонида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов бошчилигидаги юртимиздаги олий таълим муассасаларининг
207 нафар ректори ана шундай намуна қўрсата олди. Марафон нафақат талаба-ёшларни, балки шаҳар аҳолиси — катта-кичик фуқароларни ҳам ўзига жалб этиб, умумий фаоллик муҳитини шакллантирди. Бу эса шаҳар аҳолиси кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиб, жамиятда соғлом ҳаётга бўлган қизиқишни янада оширди.
Спорт ҳафталиги доирасидаги бундай амалий тадбирлар нафақат тарғибот воситаси, балки реал ижтимоий фаолликни шакллантирувчи муҳим механизмга айланишига шубҳа йўқ. Шу боис, бу каби ташаббусларни тизимли давом эттириш жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашнинг асосий омилларидан бири бўлиб хизмат қилади.


Ривожланиш формуласи: тажриба, таҳлил ва янги вазифалар


Айни пайтда Термиз давлат университетида 18 та спорт иншооти мавжуд, ташкил этилган 4 та клубга 18 та спорт тури бўйича 5 мингга яқин талаба қамраб олинган. Университетнинг волейбол ва гандбол жамоалари олий лигада, футзал ва футбол жамоалари эса биринчи лига беллашувларида фаол қатнашмоқда. Соҳани ривожлантириш учун биргина ўтган йилда спорт инфратузилмасига 4,7 миллиард сўм, спорт клубларига эса 3,2 миллиард сўм маблағ сарфланди. Замонавий шароитлар талаба-спортчилар учун қулай муҳит яратиб, уларнинг машғулотларга қизиқиш ва интилишини оширмоқда. 2025-йилда талаба-спортчилар халқаро мусобақаларнинг ўзида 18 та медалга эга чиққани ҳам фикрларимизни тасдиқлайди. Бу эса, албатта, ўрганиш, тажриба олиш мумкин бўлган жиҳат.
Ҳафталик доирасида ташкил этилган ўқув-амалий семинарда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Спорт вазири Адҳам Икрамов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, соҳадаги мавжуд ҳолат ва келгусидаги йўналишлар юзасидан муҳим фикрларни билдирдилар.


Меҳмонларни муносиб кутиб олиб, семинарни очиб берган вилоят раҳбари:
“Ҳудудларда спортни ривожлантириш маҳалладан бошланиши керак. Ҳар бир ёш учун имконият яратиш, иқтидорни эрта аниқлаш ва уни қўллаб-қувватлаш — бугунги кун ҳокимларининг асосий вазифаларидан биридир”, — дея ҳудудларда спортни ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
Анжуман давомида олий таълим муассасалари раҳбарлари учун илғор тажрибаларни алмашиш, спорт соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, замонавий бошқарув ёндашувларини жорий этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш каби йўналишларда аниқ вазифалар белгиланди. Хусусан, ҳар бир олийгоҳ ўзидаги самарали спорт тизимини бошқа муассасалар билан улашиши, талабаларни спортга жалб қилишнинг янги усулларини жорий этиши зарурлиги таъкидланди.
— Спортни олий таълим тизимига чуқур интеграция қилиш — бу фақат жисмоний фаолликни ошириш эмас, балки талабаларни интизомли, мақсадли ва соғлом фикрлайдиган авлод сифатида тарбиялашнинг муҳим омилидир, — дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов. — Ҳар бир олийгоҳда яратилаётган тажриба умумий миллий тизимга айланиши зарур.
Йиғилишда жисмоний тарбия ва спортни олий таълим тизими билан узвий боғлаш, талабалар орасида соғлом ва фаол ҳаёт тарзини шакллантириш ҳамда спорт инфратузилмасини
ривожлантириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири экани алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, Спорт вазири Адҳам Икрамов қуйидагича фикрни билдирди: “Спорт инфратузилмасини ривожлантириш билан бирга, энг муҳим масала — ёшларни мунтазам спортга жалб этишдир. Натижадорлик фақат мусобақаларда эмас, балки оммавий спорт маданиятининг шаклланишида намоён бўлиши керак”.
Семинар якунида Президент томонидан белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда ҳудудлар кесимида амалий натижаларга эришиш юзасидан таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилиниб, келгусидаги ишлар учун аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Спортни олий таълим тизимига чуқур интеграция қилиш нафақат соғлом авлодни шакллантиришга, балки жамиятда интизомли, фаол ва ташаббускор
ёшлар қатламини яратишга хизмат қилади. Шу боис белгиланган вазифаларни амалий натижага айлантириш ҳар бир олий таълим муассасаси учун муҳим стратегик йўналиш бўлиб қолади.

Майдонларда қайнар ҳақиқат


Бугун спорт инфратузилмасини ривожлантириш масаласи фақат бино ва майдонлар қуриш билан эмас, балки уларнинг реал ишлаши, ёшлар билан тўлиқ бандлиги ҳамда жамият ҳаётига чуқур сингиб бориши билан баҳоланмоқда. Шу маънода олий таълим тизимида яратилаётган спорт мажмуалари ва уларнинг амалий фаолияти соҳадаги ислоҳотларнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири сифатида намоён бўлади. Ҳафталик доирасида меҳмонлар Термиз давлат университетида яратилган замонавий спорт инфратузилмаси билан яқиндан танишдилар.


Дастлаб, теннис кортларида ёш спортчиларнинг машғулот жараёнлари кузатилди. Бу ерда талабалар ва маҳалла ёшлари ўртасида техника, тезкорлик ва стратегик фикрлашни ривожлантирувчи қизғин баҳслар бўлиб ўтаётгани меҳмонлар эътиборини тортди. Ҳар бир зарба ва ҳар бир ҳаракатда ёшларнинг спортга бўлган жиддий ёндашуви яққол сезилиб турарди. Шунингдек, сузиш ҳавзасида олиб борилаётган машғулотлар ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда нафақат профессионал тайёргарлик, балки соғломлаштириш йўналишидаги оммавий машғулотлар ҳам йўлга қўйилган бўлиб, ёшларнинг сув спортига бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётгани кузатилди.
Фитнес ва оғир атлетика залларида эса куч, чидамлилик ва жисмоний тайёргарликни оширишга қаратилган тизимли машғулотлар ташкил этилган. Бу жойда талабалар ўз мақсадлари сари интилиб, мураббийлар раҳбарлигида индивидуал дастурлар асосида шуғулланаётганини кўриш мумкин.
Кураш мажмуасида миллий спорт турига бўлган алоҳида эътиборни кузатиш мумкин. Бу ерда ёшлар ўртасида кучли рақобат, техника ва маҳоратни оширишга қаратилган қизғин курашлар бўлиб ўтади. Миллий спорт анъаналарининг давомийлиги ва ёшлар орасида кенг оммалашуви бу жараёнда яққол кўзга ташланади.


Футбол, гандбол ва баскетбол майдонларида эса маҳалла ёшлари учун ташкил этилган тўгараклар фаолияти билан танишилди. Бу майдонларда ҳар бир спорт тури бўйича алоҳида гуруҳлар шаклланган бўлиб, ўзаро мусобақа ва дўстона баҳслар қизғин руҳда кечаётганини кузатиш мумкин. Ёшлар жамоа-
вийлик, тезкор қарор қабул қилиш ва ҳамжиҳатлик каби кўникмаларни айнан шу жараёнда шакллантирмоқда.
— Президентимиз Спортни оммалаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида олийгоҳлар ректорларига Термиз давлат университетидаги спортни ривожлантиришга қаратилган янгиликларни ўрганиш масаласида алоҳида топшириқ берди, — дейди Бухоро давлат тиббиёт университети ректори Шуҳрат Тешаев. — Олийгоҳ ректорлари учун 2 кунлик семинар ташкил этилди. Талабалар, ўқувчиларга шароит яратиш борасида ўрганган бўлсак, спортни оммалаштириш учун нафақат талабалар, балки аҳоли учун ҳам ушбу спорт майдончаларининг очиб қўйилганлиги эътиборимизни тортди. Қолаверса, спортчиларнинг кунлик рационига ҳам алоҳида эътибор қаратилган, бу ерда ташкил этилган илмий лаборатория, у ерда олиб борилаётган ишлар спортни янада оммалаштиришга, юқори натижаларга эришишга замин ҳозирлаётгани ва бу ишларни ўзимизда тағиб қилсак, оммалаштирсак, албатта, кўзлаган мақсадга етамиз.
Танишув давомида адаптив спорт йўналишидаги янги ёндашувларга эътибор қаратилди. Имконияти чекланган ёшлар учун яратилган шароитлар, уларнинг спортга жалб этилиши ва тенг имкониятлар асосида шуғулланиши ижтимоий инклюзия тамойилларининг амалда ишлаётганини кўрсатди.
— Бугунги кунда университетимизда иқтидорли ёшларни саралаб олиш асносида 11 та таълим йўналиши очишга муваффақ бўлдик, — дейди Термиз давлат университети спорт фаолияти факультети декани Илёс Ҳасанов. — Ҳозирда спорт фаолияти факультетида 833 нафар талабамиз бор бўлса, университетда 4 мингдан ортиқ ёшни спорт тўгаракларига қамраб олганмиз. Университетимизда 6 та ёпиқ, 12 та очиқ спорт иншооти мавжуд. Бу спорт
иншоотларидан тўлақонли, жадвал асосида кетма-кетликда машғулотлар жараёнини ташкил қилганмиз. Ўтган йилда республика бўйича ташкил этилган мусобақаларда талабаларимиз
88 та олтин, 67 та кумуш, 154 та бронза медалларини қўлга киритиб, жами
309 та республика ва халқаро мусобақалардан қўлга киритилган медаллар шодаси. 18 таси халқаро майдонларда қўлга киритилган. Эндиликда талабаларни спортга, соғлом турмуш тарзига 85 фоизга қамраб олишни ўз олдимизга мақсад қилиб олдик.
Мазкур спорт мажмуаларидаги амалий жараёнлар нафақат инфратузилма мавжудлигини, балки унинг тўлиқ ишга тушган, ёшлар билан ҳаётий боғланган тизимга айланганини кўрсатмоқда. Бундай муҳит соғлом авлодни тарбиялаш, спорт маданиятини кенгайтириш ва жамиятда фаол ҳаёт тарзини мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

“Вазир кубоги”: жасорат ва ишонч ўз сўзин айтди


Спорт ҳафталиги доирасида ўтказилган тадбирлар орасида талаба-қизлар ўртасидаги футбол мусобақаси алоҳида руҳ ва мазмун касб этди. Бугун қизлар футболи шунчаки спорт тури эмас, балки жасорат, ишонч ва тенг имкониятлар тимсолига айланиб бормоқда. Майдонга тушган ҳар бир қиз нафақат ғалаба, балки ўз салоҳиятини намоён этиш учун ҳам курашди.
Термиз давлат университетида бўлиб ўтган “Вазир кубоги” мусобақаси ана шу руҳни тўлиқ акс эттирди. Тадбир давомида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов мусобақанинг аҳамиятига тўхталиб, қизлар спортини ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугунги ислоҳотларнинг муҳим қисми эканини таъкидлади. Ёшларни спорт орқали чиниқишга, ўз устида ишлашга ва жамиятга ибрат бўлишга чорлади. 13 та жамоа иштирок этган беллашувлар давомида ўйинлар кескин, муросасиз тарзда кечди. Ҳар бир учрашувда тезкорлик, техника ва жамоавий уйғунлик яққол сезилди. Мусобақа жараёнида Термиз давлат педагогика


институти жамоаси иштирокчиси Барно Ботирова ўзининг чаққон рефлекслари ва сўнгги дақиқалардаги қутқарувлари билан жамоасини бир неча бор мағлубиятдан асради.
Феруза Алиқулова (ЎзДЖТСУ) эса майдон марказида ўйинни бошқариб, аниқ паслари ва ўйинни тезлаштириш қобилияти билан жамоасининг юрагига айланди. Озода Хожиева (ТДПУ) эса тезкорлиги ва совуққон зарбалари билан рақиб дарвозаларини бир неча бор ишғол қилди.
— Қизлар ўртасида футболга бўлган қизиқиш жуда катта, — дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи Нодир
Қосимов. — 260 нафардан зиёд қиз майдонда тўп сурди. Бу йил футбол бўйича Вазир кубоги, кейинги йилдан эса талаба-қизлар ўртасида тўғридан-тўғри талабалар лигаси ташкил этилади. Бундай тадбирлар, мусобақалар соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга, ушбу спорт турини тарғиб қилишга хизмат қилади.


Жамоалар кесимида қаралганда, ҳар бир жамоа ўзига хос услуб билан майдонга тушди. Баъзилари техник ва комбинацион ўйини билан ажралиб турса, бошқалари жисмоний тайёргарлик ва тезкорликка таяниб ҳаракат қилди. Яна айрим жамоалар интизомли ҳимоя ва қарши ҳужумлар орқали рақибларига жиддий қаршилик кўрсатди. Энг муҳими, барча жамоаларда ғалабага бўлган иштиёқ ва охиригача курашиш руҳи сезилиб турди.
Финал босқичида жамоалар сўнгги дақиқагача муросасиз кураш олиб борди. Мусобақа якунлари бўйича 3-ўрин Термиз давлат педагогика институти (ТерДПИ), 2-ўрин Термиз давлат университети (ТерДУ) жамоасига насиб этган бўлса, 1-ўрин шоҳсупасидан Қарши давлат университети (ҚарДУ) жамоаси жой олди.
“Вазир кубоги” мусобақаси нафақат спорт беллашуви, балки қизларнинг иродаси, салоҳияти ва интилишларини намоён этган муҳим майдон бўлди. Бундай тадбирлар эса соғлом, фаол ва ўзига ишонган ёшлар сафини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.

Сайёра АЛЛАЕВА

Xabarni ulashish:

Obuna bo‘ling

Dolzarb xabarlar

Tavsiya qilamiz
Related

Cheklovlarga yo‘l qo‘yilmaydi

O‘zbekistonda elektr energiyasi va tabiiy gaz iste’molchilarini tarmoqlardan ajratish...

“Burch, jasorat va matonat”

9-may — Xotira va qadrlash kuni munosabati bilan Sariosiyo...

“Boysun bahori”: milliy merosga boy sayohat

Erta tongdan Boysun tumanida “Boysun bahori” xalqaro folklor festivali...

Attestatsiya boshlandi

Surxondaryo viloyatidagi umumta’lim maktablarida 9-sinf bitiruvchilari uchun jismoniy tarbiya...
KunTun
KunTun