Бош саҳифа / Жамият / Тиббиёт ходимлари қачон “нажот фариштаси”га айланади?

Тиббиёт ходимлари қачон “нажот фариштаси”га айланади?

Қумқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасида вилоят ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули ташкил этилди. Унда асосан туман тиббиёт бирлашмаси томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати атрофлича таҳлил қилиниб, бу борада аҳолининг мурожаатлари, таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

Дастлаб, вилоят телерадиокомпания- си томонидан туман тиббиёт бирлашмаси фаолиятидан тайёрланган танқидий-таҳлилий кўрсатув йиғилганларга намойиш этилди. Унда туман тиббиёт бирлашмаси бўлимларининг тиббий санитария қоидаларига жавоб бермаслиги, беморларга яроқлилик муддати ўтиб кетган дори воситалари ишлатилиб келинаётгани, айрим тиббий буюмларнинг стерилланмаганлиги, шифокорларнинг ҳеч қандай муҳр билан тасдиқланмаган қоғоз варақларига рецепт ёзиб беришлари, шунингдек, беморларнинг касаллик тарихи ёзилган тиббий варақасига беэътибор қаралаётгани, умуман бўлимлардаги тартибсизлик, шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларининг масъулиятсизлиги танқид остига олинди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокими Э. Турдимов қабулга келган туман   аҳолисини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларини тинглаб, кўтарилган масалаларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш бўйича туман ҳокими ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, депутатларга вазифалар белгилаб берди.

— Бизнинг маҳалламиз ҳудудидаги қишлоқ врачлик пункти тугатилиб, маҳалламиз ҳудудидан анча узоқ жойлашган Қарсоқли қишлоқ оилавий поликлиникасига бириктирилди, — дейди Қумқўрғон тумани “Пахтаобод“ маҳалла фуқаролари йиғини фуқароси Худойназар Турсунов. — Бу эса маҳалламиз фуқароларига ноқулайлик туғдираяпти. Шу боис, қишлоқ оилавий поликлиникаси бизга яқинроқ бошқа ҳудудга бириктирилса, яхши бўларди.

— Қизим 2010 йилда Шўрчи тиббиёт коллежини тамомлади, — дейди “Янгишаҳар“ маҳалласида яшовчи Ҳайитгул Бердиназарова. — Мана етти йилдан буён қизимни ўрта тиббиёт ходими қилиб ишга олишларини сўраб, тумандаги тиббиёт бирлашмаси, туман кўп тармоқли поликлиникасига мурожаат қилдим, аммо натижа бўлмади.

Хабарингиз бор, айни пайтда олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш қизғин давом этмоқда. Бунинг учун абитуриентнинг ўқишга лаёқатли, соғломлигини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этилиши керак. Сайёр қабул жараёнида аҳоли томонидан тиббий маълумотномани олиш учун туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси ходимлари 11 минг сўмдан пул талаб қилишаётгани бўйича ҳам эътироз билдиришди. Шунингдек, аҳоли  тумандаги тиббиёт бирлашмасидаги айрим шифокор мутахассисларнинг етарли билим ва малакага эга эмаслиги, ўрта тиббиёт ходимларининг қўпол муомалада бўлишидан шикоят қилишди.

Айтиш керакки, бу йил тез тиббий ёрдам йўналиши бўйича дори-дармонлар учун маҳаллий бюджетдан ўтган йилга нисбатан икки баравар кўп миқдорда пул маблағи ажратилган. Лекин шунга қарамай, тумандаги тез тиббий ёрдам бўлимида беморлар зарур дори-дармон воситаларини дорихонадан ўзлари сотиб олиб беришар экан. Ваҳоланки, тиббиёт бирлашмаси масъуллари бунга умуман бефарқ қарашган.

Аҳоли билан мулоқот жараёнида шунга амин бўлдикки, туман тиббиёт бирлашмаси фаолиятида бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар талайгина. Шу боисдан аҳоли кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва мутахассисларнинг масъулиятсизлигидан норози. Ўйлаймизки, аҳоли билан бўлган очиқ мулоқотдан тумандаги тиббиёт бирлашмаси ходимлари ўзларига хулоса чиқаришиб, эгнидаги оппоқ либосига доғ туширмасликка ҳаракат қилишади. Фақат бунинг учун масъул ходимлар ўз вазифасини ҳафсала билан тўлақонли адо этишга бел боғлаб, фидойилик кўрсатса, аҳолининг яқин кўмакдошига, чинакам маънодаги нажот фариштасига айланади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

“Сурхон тонги“ мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Vaksina vahimasi

Bir necha yillardan buyon butun dunyoni tashvishga solgan, jamiyat hayotining barcha jabhalariga birday jabr ko‘rsatgan, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan