Бош саҳифа / Жамият / Тавсиянома олиш муддати тугаяпти

Тавсиянома олиш муддати тугаяпти

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 402-сонли қарорига асосан, айрим тоифага кирувчи хотин-қизлар ва кам таъминланган оиладаги қизлар учун олий таълим даргоҳларига кириш учун тавсиянома бериш тизими ишлаб чиқилган ва бу орқали ўтган йилнинг ўзида 1000 га яқин юртимиз хотин-қизлари қатор олий ўқув юртларига қабул қилинган эди.

Аммо ушбу қарорга айрим ўзгартириш ва қўшимчаларга киритиш, танлаб олинадиган хотин-қизларни аниқлашда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш ва бу орқали чинакам эҳтиёжманд оила фарзандларига ғамхўрлик кўрсатишни даврнинг ўзи тақозо этаётган эди.

Шу мақсадда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ушбу қарорга кўплаб ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш бўйича янги қарор лойиҳаси тайёрланди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 3 июнь куни тасдиқланган “Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 402-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 338-сонли қарори асосида ушбу жараёнлар тўлиқ такомиллаштирилди.

Энг асосийси, талабгорларни танлаш жараёнларида инсон омилини камайтириш мақсадида, қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш масаласини кўриб чиқиш жараёни Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими, “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси билан боғланади.

Шунингдек, оиланинг эҳтиёжмандлик даражасини аниқлаш “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг қиз фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотлар орқали аниқланади.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, ўтган йилдан фарқли равишда белгиланган мезонларга мос келган эҳтиёжманд оилалардаги барча талабгор хотин-қизларга ушбу тавсияномалар берилади.

Хўш, хотин-қизлар ушбу тавсияномани олиш учун нима қилишлари зарур?

Юқорида келтириб ўтилган қарорга асосан, тавсиянома олиш мақсадида мурожаат этган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳар йили 30 майдан 8 июнга қадар олиб борилади. Шундан келиб чиқиб айтиш лозимки, ҳужжатларни топшириш эртага — 8 июнь куни якунланади.

Шу сабабли айни вақтда қарор мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, жараёнларни аниқ ва содда тушунтириш мақсадида вазирлик масъул ходимлари ҳамда юртимиздаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан аҳоли ўртасида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Айтиш лозимки, ўқиш истагида бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг мурожаатлари aziz-ayol.uz сайти орқали электрон шаклда қабул қилинади. Мурожаатлар талабгор хотин-қизларнинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича яшаш жойидаги туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига юборилади.

Фуқароларимиздан сўраб қолардикки, агар ушбу сайт орқали тегишли маълумотларни юборишда тушунмовчилик ва бошқа муаммоларга дуч келсангиз, ўзингиз яшаб турган маҳалла фуқаролар йиғини ёки туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига мурожаат қилинг. Бу ердаги масъул ходимлар сизга керакли ёрдам ва маслаҳатларни беришади.

Энди эҳтиёжманд оилаларда яшовчи хотин-қизларни аниқлашнинг асосий мезонларига тўхталиб ўтамиз.

✔️ Қарорга асосан, биринчи тоифа — кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар. Бунда кам таъминланган оила деганда, оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила тушунилади. (Бу миқдор ҳозирги вақтда 393 минг 828 сўмни ташкил этади);

✔️ Кейингиси, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;

✔️ Учинчиси, турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;

✔️ Тўртинчиси, ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;

✔️ Бешинчиси, икки ва ундан ортиқ фарзандларини тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида (ижарада) яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;

✔️ Ва охиргиси, ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, мазкур мезонларга тўғри келган барча хотин-қизларга тавсияномалар берилади.

Ишчи гуруҳ томонидан талабгор хотин-қизларнинг ушбу мезонларга тўғри келиши ёки келмаслиги ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилади.

Ўрганиш натидаларига кўра, мурожаат қилган хотин-қизларнинг мобил телефон рақамига ёки электрон манзилига тавсиянома беришга тавсия этилганлиги, шунинг билан бирга рад этилганлиги тўғрисида хабар юборилади.

Тавсияномалар берилган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг рўйхати Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Тавсиянома ишчи гуруҳ йиғилишининг якуний баённомаларига кўра расмийлаштирилган туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларининг буйруғи асосида электрон ҳужжат шаклида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан берилади.

Ушбу тавсиянома бир йил муддатга берилади.

Тавсияномалар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан ҳар йили 15 июнга қадар талабгорларга етказилади.

Манба: Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Vaksina vahimasi

Bir necha yillardan buyon butun dunyoni tashvishga solgan, jamiyat hayotining barcha jabhalariga birday jabr ko‘rsatgan, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan