Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Тадбирлининг қўли ёғлиқ

Тадбирлининг қўли ёғлиқ

Имтиёзли кредитлар кимлар ва қандай фаолият учун берилиши ҳақида кўпчилик аллақачон билиб олди. Аммо, берилаётган кредитларни ҳамма ҳам ўз тадбиркорлигини ривожлантириб, қўшимча даромад топиш ва иш ўрни яратиш учун сарфлаяптими?
Бугун айни шу масала олдимизда кўндаланг турибди. Биргина “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастури доирасида ажратилаётган кредитларчи?


Яқинда Термиз шаҳридаги “Наврўз” маҳалласидаги Аслиддин Рахимов хонадонида бўлдик. У шаҳардаги ихтисослашган санъат мактабида ўқитувчилик қилади. Аммо, қўлида ҳунари, устачиликдан яхшигина хабари бор. Нега энди ўз тадбиркорлигини йўлга қўймаслиги керак?


Аслиддиннинг хаёлидан ўтган ўй уни маҳалла раиси Владислав Маниязовнинг олдига олиб борди. Акфа ромлари ишлаб чиқариб, кичик цех очиш нияти борлигини, бунинг учун унга “Ҳар бир оила — тадбиркор” давлат дастури асосида имтиёзли кредит ажратилишида ёрдам беришларини сўради. Маҳалла фаоллари дарҳол унинг яшаш хонадонини келиб кўришди. Ўзи у айтган цехни ишлатиш учун хонадонида етарлича шарт-шароит борми, бунга аниқлик киритиш зарур эди.


Етарли шароит борлигига амин бўлишгач, маҳалладан Аслиддинга кредит олиш бўйича тавсиянома берилди. Бошқа зарур ҳужжатларни тўплаб, Аслиддин “Агробанк” АТ Термиз филиалига мурожаат қилди. Банкдагиларнинг “ҳозирча ресурс йўқ, сабр қилинг” деган гапи анча вақтга чўзилиб кетди. Ахийри, саккиз ой деганда ЎзЛиДеП Термиз шаҳар Кенгаши депутати Геннадий Кравченянинг кўмаги билан 30 миллион сўм кредит ажратилди.


— Ўтган йилнинг декабрь ойида ажратилган кредит эвазига дарҳол
иккита ускуна сотиб олиб, ишни бошлаб юбордим, — дейди Аслиддин Рахимов. — Бир нафар маҳалладошимни ҳам иш билан таъминладим, бир нафар мактаб ўқувчисини эса шогирдликка олдим. Ҳозирда мижозларнинг талаби билан акфа эшик ва деразаларини ясаб, машинамда хонадонларга олиб бориб, ўрнатяпман. Озроқ маблағ жамғарилса, яна ишимни кенгайтириб, янги иш ўрни очиш ниятидаман.


Иш билган хор бўлмайди. Берилган имтиёзли кредитни тўғри сарфлаб, ҳам рўзғорига, ҳам маҳалладошларига нафи тегаётган Аслиддин Рахимов ҳам меҳнат қилиб, ҳалол ризқ топаяпти. Ваҳоланки, бугун у яшаётган маҳаллада 58 та оила ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган.


— Маҳалламиздаги 760 та оилада 4002 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди “Наврўз” маҳалласи раиси Владислав Маниязов. — Улардан 150 нафар фуқарога турли йўналишларда тадбиркорлик қилиши учун имтиёзли кредит ажратилишига оид тавсиянома берилган. Бугунга қадар уларнинг 58 тасига кредитлар ажратилди, холос. Имтиёзли кредитларнинг берилаётгани кўплаб оилаларга ўзини тиклаб олиши, фаровон яшаши учун яхшигина қўллаб-қувватлов бўлаяпти. Аммо, уни олишда кўплаб тўсиқлар, сансолорликларга ҳам йўл қўйилаётгани аҳолига ноқулайлик туғдирмоқда. Мутасаддилар ана шу жиҳатларига эътибор қилишса, назоратга олишса, мақсадга мувофиқ бўларди.

PS: Имтиёзли кредитлар берилаяпти, иш бор жойда камчилик бўлади, деб ҳам кўп нарсага кўз юмамиз. Аммо, айрим тижорат банклари ходимларининг «отанга бор, онанга бор» қабилида акаси ё бир қариндоши каттароқ ишда ишламайдиган, ишини битказиб берадиган бирор бир таниш-билиши йўқларга қилаётган муносабати ҳақида кўп бор эшитяпмиз. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламагани каби бу норозиликлар сабабсиз ўз-ўзидан урчимайди, албатта. Демак, бу йўналишда ҳам қатъий назорат зарур. Фуқароларни сарсон қилаётганларга эса инсоф.


Ф.Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ангорда жун ва ипакчилик ривожлантирилади

Президентимиз жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan