Бош саҳифа / Жамият / Сув остидаги фидоийлик

Сув остидаги фидоийлик

Навбатчиликдан ҳориб уйга қайтган Максимни онаси кутиб олди. Тамадди қилиб олгач, бироз тин олиб, сўнг уй ишлари билан шуғулланмоқчи бўлиб турганда уяли телефонига вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси тезкор навбатчилик гуруҳидан қўнғироқ бўлди. Шеробод туманидаги Хомкон қишлоғидаги кўлда иккита ака-ука чўмилаётиб, чўкиб кетганини, улардан бирининг жасади топилмаётганини айтишди. Максим вазиятни дарҳол тушунди ва онасига хавотир олмаслиги учун «Тадбир бўлаётган экан, ишхонадан чақиришди» дея, тезда ишхонаси томон отланди.

У ерда уни жамоаси кутиб турарди. Максим моҳир ғаввос бўлгани боис, бундай вазиятларда унинг сувга шўнғиши муваффақиятли кечади. Тезда махсус ҳимоя кийимларини ҳамда анжомларини олиб, тезкор қутқарув гуруҳи билан воқеа жойига қараб йўл олишди. Кўлга шўнғиган Тришкин ярим соатларча сув тагини излади ва иккинчи жасадни ҳам топиб, уни қирғоққача олиб келди.

Жасадни олиб кетишди, қутқарув гуруҳи эса ортга қайтишди…

Қутқарувчилик машаққати

Бу каби ҳолатлар Максим Тришкиннинг ҳаёт тарзига айланиб улгурган. Қанчалик хавфли бўлмасин, муҳими у ўз касбини яхши кўради. Айни пайтда Сурхондарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув отряди сувда қутқарув гуруҳи қутқарувчиси вазифасида фаолият юритаётган қаҳрамонимиз олти йилдирки, вилоятда фавқулодда вазиятларни бартараф этишда, аҳоли ва ҳудудларни турли хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. У ҳатто, вилоятда ўтказилаётган барча тактик-махсус ва қўмондонлик-штаб ўқув машқларида ҳам фаол.  

  • Саккиз ёшимдан сузишга қатнаганман, — дейди Максим Тришкин. —Мусобақаларда ҳам қатнашиб, ғолиб бўлганим эсимда. Аммо, ғаввос бўлишни орзу қилмаган бўлсамда, бугун шу касб менинг тақдиримга айлниб улгурган. Бундан афсусланмайман. Чунки, қанчалик машаққатли бўлмасин, кимгадир ёрдам бериш, одамларни қутқариш кишига бошқача завқ беради.

2018 йил баҳор мавсумида ёғган кучли ёмғир оқибатида Қумқўрғон туманнинг “Элобод”, “Азларсой” ва “Боғоро” маҳаллаларида содир бўлган сув тошқинидан 4 нафар кекса ёшдаги ва 15 нафар вояга етмаган болаларни қутқариб қолиш ишларида,  Узун тумани содир бўлган 1,5 млн.м3 ҳажмдаги ҳаракатдаги ер кўчкиси йўналиши бўйлаб жойлашган Хонжиза қишлоғидаги 78 та хонадонни хавфсиз ҳудудга кўчиришда ҳам Максим Тиришкин фаоллик кўрсатганини ҳамкасблари айтиб юришади.

Бундан олти йил бурун кўплаб устоз ходимлардан соҳа сирларини ўрганган Максим бугун ўзи ёш қутқарувчиларга устозлик қилмоқда. Ҳатто, қалтис вазиятларда ҳам у ўзини йўқотиб қўймаслик кераклигини, қутқарувчи ҳар қандай вазиятга руҳан тайёр туриши лозимлигини ҳам уқтириб, ҳам ўзи ўрнак бўлаётир.

Хатар ҳар қадамда

Ҳар доимги иш кунларининг бирида навбатдаги шўнғиш манзили Жарқўрғон канали туби бўлди. Канал суви анча тез оқади. Унча-мунча одамнинг юраги сув тагига шўнғишга юраги бетламайди. Аммо Максим Тришкинни бу чўчитмади. Аксинча, у хотиржам ҳолда махсус ҳимоя либосини кийиб, кислород баллонини тақди ва белига боғланган арқон билан сувга шўнғиди. Сув бироз совуқ эди. Максим тахмин қилинган жойларни кўздан кечирди. Аммо бирдан кутилмаганда белига боғланган арқон яхши маҳкамланмагани учунми ечилиб кетди. Канал суви тез оққани боис Максимни зумда оқизиб кетди. Канал таги турли темир-терсаку арматура бўлаклари бор эди. Бирдан Максимнинг кийимига арматура бўлаги кириб, уни тутиб қолди. Темир бўлагидан қутулиш учун Тришкин роса ҳаракат қилди, аммо ҳа-деганда буни уддалай олмасди. Анчагина чуқур жойда Максим шу ҳолатда 2 соатча сув тагида қолиб кетди.  Ниҳоят у устидаги нимчани ечишга қарор қилди ва иш кийимини йиртиб, темир бўлагидан қутулиб, сув юзига кўтарилди. Қирғоққа чиқиб кислород баллонини ечди, унда бор-йўғи беш дақиқалик кислород қолганди.

Ҳа, Тришкиннинг хизмат бурчини ўташ даврида ана шундай қалтис вазиятлар ҳам бўлган. Унинг энг чуқур шўнғиши эса Тўпаланг дарёсида 35 метр чуқурликка бўлган. Маълумки, сув тагида босим жуда кучли бўлади. Ваҳоланки, бундай чуқурликдаги босим остида қалтисроқ ҳаракат қилинса, инсоннинг қулоқ, кўз ҳамда мия соҳасида ўта жиддий жароҳатлар ҳосил қилиши мумкин. Бундай жароҳатлар эса инсон ҳаётига ҳам хавф солиши турган гап. Бироқ, моҳир ғаввосни булар чўчитмайди, унинг учун муҳими шўнғиш пайтида қирғоқда ишончли одамларнинг бўлиши. Чунки ғаввос белига боғланган арқоннинг бир учи ўша одамда бўлади-да.

— Инсоннинг ҳам ҳаётда ишонган кишиси бўлиши унга яшашга умид беради, — дейди қаҳрамонимиз. — Менинг ишонганларим эса онам ва акам. Қийин дамларда доим уларнинг маслаҳатига, кўмагига суянаман.

Энг яхши ғаввос қутқарувчи

Ҳаётда бир жойда тўхтаб қолишни хушламайдиган қаҳрамонимиз вақтини беҳудага сарфламайди. Доим уни бошқарма ҳудудидаги махсус ҳовуздаги машғулотларда учратасиз. Ҳатто, булардан ортиб, бузилган асбоб-ускуналарни, турли техникаларни тузатишни ҳам эплайди. Бу ҳунарни эса Максим Термиз шаҳридаги ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида ўрганган. Келажакда ушбу фаолият билан шуғулланувчи маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси очиш нияти ҳам йўқ эмас.

Мустақиллик тенгдоши бўлган ёш М.Тришкиннинг ютуқлари ҳам бор. Жумладан, 2016 йилда ўтказилган республика қутқарувчилар кўпкураш мусобақасида “Энг яхши ғаввос қутқарувчи” номинацияси соҳиби бўлиб, Фавқулодда вазиятлар вазири томонидан тақдирланган. Ўтган йилги мустақиллик байрами арафасида эса Президент фармони билан “Дўстлик” орденига муносиб кўрилган.

Ғаввослик бу мириқиб сувда чўмилиш эмас, у катта масъулиятдир. Ўз ҳаётини хатарга қўйиб сув тубига шўнғиш учун ҳам “катта” юрак керак. Бинобарин, бу ишни Максим Тришкин каби бурч ва касб даражасида бажариш эса чинакам фидойиликдир.

Феруза Раҳмонқулова, журналист

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan