Бош саҳифа / Жамият / Сурхондарёлик марҳум Шафоат Раҳматулло Термизий хонадони ҳоким ташаббуси билан таъмирланди

Сурхондарёлик марҳум Шафоат Раҳматулло Термизий хонадони ҳоким ташаббуси билан таъмирланди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ўтган 2020 йил 16 декабрда Ўзбекистон Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири Абдулҳаким Эшмуродов ҳамроҳлигида марҳум шоир Шафоат Раҳматуллаев (Шафоат Раҳматулло Термизий) яшаган Термиз шаҳри Тупроққўрғон маҳалласидаги хонадонда бўлиб, уйдаги шароитлар ва шоирнинг бой китоб фондига эга кутубхонаси билан танишгани, мутасаддиларга хонадонни тўлиқ таъмирлаш ва зарур қулайликларни яратиш юзасидан тегишли кўрсатмалар бергани ҳақида хабар қилган эдик.

Наврўз умумхалқ байрами арафасида эл суйган шоирнинг турмуш ўртоғи Хосият Раҳматуллаевага тубдан қайта таьмирланиб, барча замонавий шароит яратилган уйнинг калити топширилди.

 Сурхондарё вилояти Шеробод туманида 1941 йил таваллуд топган хассос шоир ўз ижод намуналари билан элимиз қалбидан чуқур жой олган. Ижодкорнинг “Жануб шамоли”, “Умид остонаси”, “Озод сўз”, “Кўринмай гулладим”, “Шоҳ ва шоир” сингари китоблари нашр этилган. 1965 йили Тошкент Давлат консерваториясини тугатган Ш. Раҳматуллаев шунингдек, мусиқа соҳасида “Мусиқа услубиёти”, “Мусиқа алифбоси” ва “Бошланғич мусиқа” рисолаларини чоп эттирган. У 1968 йилдан Термиз давлат университетида ёш авлодга сабоқ бериб, кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Узоқ йиллар Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлимини бошқарган. 1998 йилда “Шуҳрат” медали, 2003 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. 2016 йил 27 март куни вафот этган.

Янгиланиш ва яшариш байрами арафасида тубдан қайта таъмирланган хонадонда шоирнинг дўстлари, шогирдлари, оила аъзолари ва қўни-қўшнилари Шафоат Раҳматуллаевни ёд этиб, унинг ибратли фазилатларини эслади. Турмуш ўртоғи Хосият Раҳматуллаева шоирдан ёдгорлик бўлиб қолган китоблар, мусиқа асбоблари ва спорт анжомлари, ҳали нашр этилмаган шеър ва достонлари билан таништирди.  

–Устоз билан бир факультетда йигирма йилдан кўпроқ муддат бирга ишладим, – дейди Термиз давлат университети санъатшунослик факультети доценти Абдураим Турсунов. 

– Бой билимга эга Ш.Раҳматуллаев ўта хокисор, ҳалол инсон эди. Ажойиб шоир ва хассос санъатшунос сифатида қалбимизда бир умр яшайди. Қирқ йил шу даргоҳда ёшларга таълим-тарбия бериб, бировнинг дилини оғритмаган. Ўтган йил хонадонларига турмуш ўртоқларини йўқлаб келганимда, уйлари бироз тўкилиб қолгани, китоб жавонларига шифтдан томчи ўтганини кўриб, андак ранжиган эдим. Буни қарангки, орадан кўп ўтмай, вилоят ҳокими келиб, оила аъзоларидан ҳол-аҳвол сўрабди. Уйни тўлиқ қайта таъмирлатиб, жиҳозлаб ҳам берибди. Бундай эътибордан нафақат устознинг оила аъзолари балки, тенгқурлари, биз шогирдлари ҳам беҳад мамнун бўлдик. Файзли хонадонда устозни ёд этдик.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда ижодкорларни қўллаб-қувватлаб, муносиб рағбатлантириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз белгилаб олган муҳим йўналишлардан бирига айланди. Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар натижадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.  

– Кейинги йилларда юртимизда ижодкорларга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг муносиб меҳнат қилиши ва турмуш кечириши учун барча қулайлик яратилмоқда, – дейди Ўзбекистон Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири Абдулҳаким Эшмуродов. 

– Адабиёт ва санъатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган марҳум шоир ва ёзувчилар, санъаткорларнинг оила аъзолари ижтимоий қўллаб-қувватланаётир. Шафоат Раҳматулло Термизий хотирасига ҳурмат ҳам давлат даражасидаги ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. Бу йил шоирнинг ҳали чоп этилмаган асарларини нашр қилдириш режалаштирилган. Воҳада бу борадаги ишлар давом эттирилади.

Эл суйган шоир яшаб, ижод қилган хонадонни тубдан таъмирлаган Термиз шаҳридаги “Мадинабону Сурхон” масъулияти чекланган жамияти уйга бянги китоб жавони ва бошқа мебель жиҳозлари, табиий газ плитаси, электрсув иситиш қозони совға қилди.                                                    

 – Аслида ижодкорнинг турмуш ўртоғи, уйининг бекаси бўлишда гашти ҳам, оғирлиги ҳам бор, – дейди шоирнинг турмуш ўртоғи.

– Гашти шундаки, у ёзган асарнинг ҳали сиёҳи қуримай туриб, танишасиз ва ўзгача завқ туясиз. Оғирлиги – кайфиятига қараб яшашингиз, инжиқликларини кўтаришингизга тўғри келади. Турмуш ўртоғим юксак инсоний фазилатга эга, кўнгил одами, беозар шоир эди. У кишининг вафотидан сўнг уйимизнинг оҳори ўчди. Кутубхонасига бир бурчакдан чакки ҳам ўтди. Ватанга хизмат қилган шоирга эҳтиром сифатида хонадонимиз таъмирланиб, ўзгача зеб улашилганидан бошимиз кўкка етди, рости.  

Шу куни Сурхон булбули, дея ном олган Шафоат Раҳматуллаевнинг янгиланган уйида шоир ва ёзувчилар, профессор-ўқитувчилар, ижодкор талаба-ёшлар шоир кутубхонаси билан яқиндан танишди. Шоирнинг Ватан, истиқлол ва соф муҳаббатни, юртимизнинг гўзал табиатию, танти, меҳнаткаш одамлари, ноёб урф-одат ва жасорати тараннум этилган шеърлари ўқилди.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan