Бош саҳифа / Сиёсат / Судья бўлиш учун 7 йиллик меҳнат стажи керак бўлади

Судья бўлиш учун 7 йиллик меҳнат стажи керак бўлади

2021 йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.

Қонундаги асосий янгилик 2-моддасида судларнинг янги тизими белгиланди.

Хусусан, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлари иқтисодий судлар билан бирлаштирилганлиги ҳамда туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилганлиги муносабати билан суд тизимида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар  ва Тошкент шаҳар судлари, шунингдек туманлараро маъмурий судлар кўрсатиб ўтилди.  

Бундан ташқари, судьяларнинг мустақиллиги, қонун ва суд олдида тенглик, суд ҳужжатларининг мажбурийлиги, суд ишларини юритишнинг ошкоралиги, суд ишлари юритиладиган тил, суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқи, айбсизлик презумпцияси каби судлар фаолиятининг принципларига қўшимча равишда қонунийлик деб номланган 8-моддада Ўзбекистон Республикасида одил судлов қонунга қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилиши белгиланган бўлса, суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқи назарда тутилган
17-моддада тарафлар ва қонунда назарда тутилган бошқа шахсларнинг суд ҳужжати устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканликлари мустаҳкамлаб қўйилди.

28-моддада эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг ваколатларида ишларни назорат тартибида кўриш назарда тутилмаган ҳамда назорат инстанцияси ўрнига кассация инстанциясида ишларни такроран кўриш институти жорий этилганлиги муносабати билан қонуннинг 29-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари ишларни биринчи инстанция, апелляция ва кассация тартибида, шу жумладан кассация инстанцияси судида такроран кўриши белгиланди.  

Қонуннинг 3-боб 32-38-моддаларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар  ва Тошкент шаҳар судларининг таркиби, ваколатлари, Раёсат ва судлов ҳайъатларининг вазифалари, суд раисининг ҳамда раис ўринбосарлари – судлов ҳайъатлари раисларининг ваколатлари аниқ ва равшан белгилаб берилган.

Янги таҳрирдаги қонун билан соҳага киритилган ўзгартишлардан яна бири бу судьялик лавозимига номзодларга нисбатан белгиланган талабларнинг кучайтирилганлигидир. Хусусан, эски таҳрирдаги қонуннинг 61-моддасига кўра, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси илк маротаба судьялик лавозимига тайинлиниши мумкин эди. Аммо, эндиликда янги таҳрирдаги қонуннинг 67-68-моддаларига асосан ўттиз беш ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган ва юридик ихтисослик бўйича камида етти йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси туманлараро, туман, шаҳар судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкинлиги белгиланди. Бу судьялик лавозимининг ўта масъулиятли вазифа эканлиги билан бевосита боғлиқ.

Шунингдек, илгари судьяларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган интизомий жазо чоралари қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинган бўлса, янги таҳрирдаги қонуннинг 74-77-моддалари судьянинг интизомий жавобгарлиги масаласини тартибга солишга қаратилган бўлиб, 76-моддада интизомий жазо чораларининг турлари аниқ белгилаб берилди.

Янги таҳрирдаги қонунда судьялар билан бирга улар оила аъзоларининг моддий ҳамда ижтимоий ҳимояси назарда тутилганлиги, судьяларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда уй-жой ижараси билан боғлиқ тўловларнинг тўлаб берилиши қонун доирасида тартибга солинганлиги, судьялар ва улар оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича кўрилган чоралар судьяларни одил судловни таъминлаш борасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб ҳисобланади. 

Худди шунингдек, судьяларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, судьялар мустақиллигининг асосий кафолатлари, судьянинг дахлсизлиги, судга ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик, судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва муддатидан илгари тугатиш, судьялар малака ҳайъатлари фаолияти ва соҳани тартибга солиш билан боғлиқ бошқа муносабатлар ҳам тўлиқ тартибга солинган.

Албатта мазкур ўзгаришлар суд мажлисларининг ошкора ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини суд йўли билан кенг ҳимоя қилиш ва шу орқали шахсларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

                                                                          Асқар Мамараимов

                                                                                  Шеробод туманлараро иқтисодий судининг раиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Термизда Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш учун логистика маркази ташкил этилади

БМТ Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш учун Ўзбекистонда логистика марказини ташкил этади. Бу ҳақда БМТ расмийси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan