Бош саҳифа / Жамият / “Работак” маҳалласида иш қизғинми, ёки акси..?

“Работак” маҳалласида иш қизғинми, ёки акси..?

Обод қилган — обод бўлади. Мазкур халқ мақолида ҳовли-жойимизни, юртимизни обод қилсак, кўркам бинолар, чиройли кўчалар, гуллаб-яшнаган боғ-роғлар барпо этсак, аввало турмуш шароитимиз яхши бўлиши, дилимиз равшан тортиб, қалбимизда фахру ғурур ҳиссиёти пайдо бўлиши назарда тутилади. Аслида ҳам шундай.

Қизириқ туманидаги “Работак” маҳалласининг “Обод қишлоқ” давлат дастурига киритилганини эшитган маҳалла аҳли ҳам ҳудуднинг бутун қиёфаси ўзгариши, хонадонларга ичимлик суви келиши, кўчалар асфальтланиб, маҳалла биносидан тортиб мактаб, эски пастқам боғча ўрнида замонавий таъмирланган бинолар пайдо бўлишидан ниҳоятда хурсанд бўлишганди. Ўзгариш яхшида, айниқса, яшаш жойимиз обод бўладиган бўлса, қувонмай бўладими?!

Биз ҳам маҳалла аҳлининг хурсандчилигига шерик ҳолда ҳудуддаги ўзгаришу янгиланишлардан хабардор бўлиш ниятида ҳудудга ташриф буюрдик. Ахир йилнинг қарийб 5 ойи ўтиб, ярмига яқинлашиб қолди. Шу давр мобайнида ҳудудни ободонлаштириш ишлари қизғин олиб борилаётган паллага кирганини хаёл қилиб, маҳалла раиси ва фаоллари билан учрашдик. Маҳалла биноси олдида штаб ташкил этилганини, ҳудуд қиёфаси қандай тусга киришига оид карталар катта қилиб илиб қўйилганию 3 километр масофага тош тўкилгани ва “Тараққиёт” кўчасига 300 метр қувур ўтказилиб, 15 та хонадоннинг ичимлик суви билан таъминланганига гувоҳ бўлдик. Бундан ташқари, кўчаларга 31 та бетон устунлар ўрнатилган бўлиб, “Бирдамлик” кўчасида ҳам ичимлик суви қувурлари янгиланаяпти.

  • Маҳалламизда 4853 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди

“Работак” маҳалласи раиси Абдуғаффор Шодмонов. — 831 та хонадонда 1183 та оила яшайди. Улар орасидан аёллар дафтарига 29 нафар, ёшлар дафтарига 74 нафар, Темир дафтарга эса 5 нафар фуқаро киритилган. Темир дафтардаги Шахноза Ҳамраевага яқинда инкубатор, Муяссар Нормўминовага эса тикув машинаси берилди. Салима Қодировани жамоатчилик асосида ишга жойлашишига кўмаклашдик. Шу орқали уларни дафтардан чиқардик. Аёллар дафтаридаги 29 та аёлдан 11 таси дафтардан чиқарилди. Уларнинг 3 нафари имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлигини бошлади.

Жумладан, Гулноза Омонова 30 миллион сўм кредит олиб, куркачилик билан шуғулланаётган бўлса, Мавлуда Тиловова 15 миллион сўм кредит эвазига новвойхонасини ишга туширди. Наргиза Сафарова эса 30 миллион сўм банк кредити асосида оилавий мебел ишлаб чиқариш корхонасини очиб, ҳам оила аъзоларини ишли қилди. 2 нафар хотин-қиз касбга ўқитилди. Ёшлар дафтаридаги 10 нафар ёшга ҳам кредит ажратилиб, яна 10 нафари касбга ўқитилаяпти.  Албатта, булар ҳам маҳалла фуқаролар йиғинини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”да назарда тутилган.

Таъмирдан дом-дарак йўқ

Бироқ… Давлат дастури доирасида анча салмоғи каттароқ ишлар қилиниши режалаштирилган. Афсуски, режадаги ишларнинг асосий қисми ҳали қоғозда, тўғрироғи бажарилишини кутиб ётибди.

Келинг, аниқроқ таҳлил қиламиз. Давлат дастури доирасида маҳалланинг эски биноси капитал таъмирланиши, замонавий мебеллар ва компьютерлар билан таъминланиши керак эди. Шунингдек, бино юқори тезликдаги оптик толали интернет тармоғига уланиши лозим. Бироқ, бу борада ҳеч бир ишга қўл урилмаган. Ёки бўлмаса, маҳалла биноси ёнгинасида жойлашган собиқ юқумли касалликлар шифохонаси биноси ҳам фойдаланишга яроқсиз деб топилган. Унинг ўрнида ижтимоий шериклик асосида даволаш тиббий муассасасига айлантирилиши режалаштирилган. Аммо унинг тақдири ҳам ҳозирча номаълумлигича турибди.

16-мактабгача таълим ташкилотининг аҳволига қараб бўлмайди. Бино жуда эски, эшиклардан тортиб дераза ойналаригача, пол қисмигача чириб кетган. Мазкур боғча биноси капитал таъмирланиши кўзда тутилгану бироқ на таъмирдан, на қурилиш ташкилотидан дарак бор.

Нотўғри маълумотни ким ёзди?

Маҳаллада 2-умумтаълим мактаби жойлашган. Мактаб 1978 йилда қурилган бўлиб, бино чиндан ҳам эски аҳволга келиб қолган. Деворлари захлаб бошлаганига анча бўлган. Таълим муассасасини бориб кўздан кечирганимизда директор Сирожиддин Ходжамуродовни учратдик. Суҳбат жараёнида у кишининг ҳам мавжуд вазиятдан норози оҳангдаги эътирозларини эшитдик.

  • Мактабимиз 624 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни пайтда 1079

нафар ўқувчи таҳсил олади, — дейди Сирожиддин Ходжамуродов. —  Таъмирданку дарак ҳам йўқ. Кимдан сўраманг, ҳали тендер бўлгани йўқ, қурувчи ташкилот аниқлангани йўқ, деган жавобни эшитамиз. Бу ёғи 3 ой таътил ҳам бошланди. Лекин, ҳаммасидан ҳам ошиб тушгани ҳужжатларда мактаб биноси 864 ўринга мўлжалланган, дея нотўғри маълумот киритилган. Бу йил янги ўқув йилида яна 130 та ўқувчи қабул қиламиз. Ўқувчилар сони яна ортади. Ўқувчи сони кўплигидан шундоқ ҳам мактабда бирорта ҳам тўгарак фаолиятини йўлга қўйишга имконият мавжуд эмас. Келгусида бизга қўшимча бино зарур бўлади. Нотўғри маълумот ҳисобига қўшимча бино қурилиши амалга ошмайди. Шу масалада бизни бирорта эшитадиган мард топилмаяпти. Бизнинг муаммомизни ким ҳал қилиб беради?

          Директорнинг хавотирларида жон бор. Таълим сифати яхши бўлиши учун аввало, етарлича хоналар, шароит бўлиши керак. 624 ўринли мактабни 864 ўринли деб кўрсатилиши чиндан ҳам қурилиш, таъмирлаш ишларида тасдиқланадиган сметаларда хатоликлар юзага келишига ва бу тушунмовчиликларга сабаб бўлишига олиб келиши мумкин.

…ишлар ўлда-жўлда

          Бундан ташқари, маҳалладаги Гултепа кўчасида жойлашган Брикет ишлаб чиқариш цехи ва кўмир омборхонасини аҳоли яшаш уйлари орасида бўлгани учун бошқа ҳудудга кўчирилиши мутахассислар иштирокида кўриб чиқилиши белгиланган. Маҳалла раиси Абдуғаффор Шодмоновнинг айтишича, “Экология” ҳали бу тўғрисида бирор хулоса бермаган. Бу иш нега пайсалга солинаётганига биз ҳам ҳайрон бўлдик.

          Ҳудуддаги трансформаторларнинг 5 тадан 3 тасини мукаммал, 2 таси жорий таъмирдан чиқарилиши ва яна 5 та трансформатор ўрнатилиши лозим. Таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, бироқ янгиларининг ҳали дараги йўқ.

          Кўчалар асфальтлашини, тунги чироқлар ўрнатилиши, латоклар, тротуарлар қилиниши керак бўлган жойларда ҳам ишлар ўлда-жўлда.

          Дафтарлардаги оилаларга имтиёзли кредит асосида иссиқхона қуриб бериш, йирик шохли уй ҳайвонлари тарқатиш, ёш оилаларни имтиёзли кредит асосида уй-жой билан таъминлаш борасида ҳам ҳеч бир амалий ҳаракат ҳозирча бўлмаган. Маҳалланинг хотин-қизлар масалалари бўйича раис ўринбосари Саодат Бобоқулованинг айтишича, уй-жойга муҳтож 4 та оила вакили бор. Уларнинг рўйхати вилоят касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмасига тақдим қилинган. Бироқ, уларга бирор кўмак бериладими, йўқми билишмайди.

          Дарвоқе, ҳудудда янги қурилган 100 ўринли боғчани кўриб кўзингиз қувнайди. Бироқ негадир болалар овқатланиши учун мўлжалланган хона бўм-бўш. Бунинг сабабини мудира Дилафруз Насдриддиновадан сўраганимизда, мебел жиҳозлари ҳалигача берилмагани маълум бўлди. Қизиқ, янги ишга тушган боғчанинг мебел жиҳозларини йўлда туя еб-кетганми? Бунга туман ҳамда вилоят мактабгача таълим бошқармаси масъулларидан изоҳ кутиб қоламиз.   

Тендер қачон бўлади?

          “Работак” маҳалласи тумандаги 4-секторга қарашли бўлиб, сектор раҳбари Раҳматулла Сатторовдан бу борада нега ишлар пайсалга солинаётган хусусида сўрадик. Р.Сатторовнинг айтишича, мазкур ишларни амалга ошириш учун давлат дастури доирасида 13,5 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бироқ, ана шу маблағ ҳали бўлмагани сабабли ишлар тўхтаб турибди. Кейин кўплаб биноларнинг таъмири билан боғлиқ ишларни қилиш учун ҳали тендерлар ўтказилмаган ва шунинг учун қурилиш ташкилотлари аниқ эмас.

          Худди шу мазмундаги жавобни бизга туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Рустам Эшбоев ҳам берди. У киши билан уяли телефон орқали боғланганимизда ҳали бирорта объектнинг тендер савдолари ўтказилмаган ва бирорта объектда иш бошланмаганини, бу вилоятга боғлиқ масала эканлигини таъкидлаб ўтди.

          Айтиладиган гап кўп, қилинадиган иш ҳам. Лекин бўладиган хайрли ишни орқага суришдан ким манфаатдор? Ахир 5 ой вақт мобайнида тендер савдолари ўтишига нима тўсқинлик қилмоқда? Давлат дастури ижросини таъминлашга нега бундай ҳафсаласизлик, эътиборсизлик билан қаралаяпти? Бу саволларга вилоят мутасадди ташкилот масъуллари қандай жавоб қилишаркан?

          Биз ҳали мавзуга яна қайтамиз.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Энди «TikTok», «Twitter” га кириш имкони йўқми?

Ўзбекистон ҳудудида «TikTok», «Twitter»  ва «ВКонтакте»» ижтимоий тармоқлар фаолияти  чекланди. Бу ҳақда «Ўзкомназорат» ахборот хизмати …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan