Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Паст ҳосил олиш

Паст ҳосил олиш

ЕРГА НИСБАТАН ХИЁНАТ ДЕБ БАҲОЛАНАДИ

Халқимизни нон билан таъминлаш муҳим масалалардан бири бўлиб соҳада изчил ислоҳотлар олиб борилаяпти ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалик корхоналари ҳукумат томонидан мудом иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватланаяпти.

Яқинда кучга кирган Вазирлар Маҳкамасининг “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ғаллачиликни ривожлантиришда тўғаноқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш ва уни сифат жиҳатдан янада тараққий эттиришга қаратилгани билан эътирофга моликдир.

Қарорда белгиланганидек, 2019 йилда давлат хариди учун бошоқли дон етиштириш бўйича амалдаги тартибдан мутлақо фарқ қиладиган янги тизим ва механизмлар жорий этилиши назарда тутилган. Хусусан, келгуси йил ҳосили учун суғориладиган ва лалми майдонларга экилган бошоқли дон экинлари ялпи ҳосилининг прогноз ҳажмлари тасдиқланиб, суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш “ерга нисбатан хиёнат” деб баҳоланиши ва ер ижара шартномаси бекор қилинишигача чоралар кўрилиши белгиланди. Бу бежиз эмас. Аёнки, охирги йилларда ўрим пайти шундай тартиб қўлланиладиган бўлиб қолди: яъни давлат шартномасида белгиланган ғалла тайёрлаш режасини бажарган фермер хўжалиги ёки қишлоқ хўжалик корхонаси зиммасига режадан ортиқча яна 10 ёки 15 фоиз дон топшириш мажбурияти юкланди. Бу ҳолат аслида вазиятдан чиқиш учун жорий этилган тартибдир. Чунки ҳамма фермер хўжаликлари ҳам заминдан кўзланган ҳосилни етиштира олмаяпти.

Бироқ, СИУ ёки туман ғалла тайёрлаш буюртмасини бажариши шарт. Оқибатда бу тартиб илғор фермернинг ҳафсаласини пир қилар, қўлини ишдан совутарди. Чунки у ерга уруғ қадаётган пайтда ҳосил етиштиришда фаол иштирок этган аъзоларига ҳосил мўл бўлса, режадан ортиқчасини тақсимлаб беришни ваъда қилган. Қолаверса, ортиқча доннинг бир қисмини бозор нархида сотиб, фермер хўжалигининг тракторига эҳтиёт қисм олишга ёки бошқа ҳал этилмай келаётган муаммолар ечимига сарфлашни ният қилган. Аммо буғдойи олиб қўйилгач, ниятлари, орзулари саробга айланади. Энг ёмони, самарали меҳнат қилиб, мўл ҳосил етиштирган илғор фермер ҳам, давлат томонидан ажратилган уруғлик, ёнилғи-мойлов материаллари, маъданли ўғитни олган бўлса-да яхши ишламай, заминнинг умрини беҳуда ўтказган, белгиланган даражада буғдой етиштирмаган қолоқ фермерга ҳам бир хил муносабат.

Айнан шунинг учун ҳам юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш, ҳосилдорлик кўрсаткичи паст бўлган фермер хўжаликларига нисбатан кескин чоралар кўриш тартиби ишлаб чиқилмагани суғориладиган унумдор ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги пасайишига сабаб бўлди.

Ғаллачиликка оид янгилик шундан иборатки, 2019 йилдан эътиборан республика давлат бюджети параметрларига суғориладиган ерларда бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлар ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналарига ягона ер солиғини ҳисоблашда солиқ ставкаларининг ҳосилдорликка қараб коэффициентлар қўллаш тартиби жорий этилади. Яъни, гектаридан ўртача 30 центнер ва ундан паст ҳосил олинганда икки баравар, ҳосилдорлик ўттиз бир центнердан қирқ центнергача бўлганида эса 1,5 баравар кўпайтирувчи коэффициентлар қўлланилади. Мазкур тартиб ғалла етиштирувчиларни олтинга тенг бўлган суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш борасидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Қувонтирадиган жиҳати шуки, 2019 йил мўл бошоқли дон етиштирадиган деҳқоннинг даромади ортади. Чунки етиштириладиган буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархи бир миллион 200 минг сўм ёки жорий йилдагига нисбатан 1,6 баравар юқори даражада белгиланди. Бу эса маҳсулот етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий ҳолатини яхшилаш баробарида иқтисодий жиҳатдан барқарорлашувига олиб келади.

Таъкидлаш керакки, ғаллакорларнинг ишлайдиган даври келди. Мўл ва сифатли ҳосил етиштирган деҳқон қўшимча даромадга эга бўлади. Чунончи, давлат хариди учун етиштирилган ғаллани табақалаштирилган нархларда, яъни устама ва чегирмалар қўллаган ҳолда сотиб олиш тартиби жорий қилинади. Бошқача айтганда, етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб давлат хариди учун етказиб берилган ғаллага 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланилади. Масалан, харид нархига бошоқли дон ҳосилдорлиги ҳар гектар майдондан 41 центнердан 50 центнергача бўлганида — 10 фоиз (120 минг сўм), 51 центнердан 60 центнергача бўлганида — 20 фоиз (240 минг сўм), 61 центнер ва ундан юқори бўлганида — 25 фоиз (300 минг сўм) устама берилади.

Аксинча, давлат харид нархи ҳосилдорлик ҳар гектар ғаллазордан 30 центнер ва ундан кам бўлганида — 25 фоиз (300 минг сўм), 31 центнердан 40 центнергача бўлганида — 15 фоиз (180 минг сўм) чегирма билан ҳисоб-китоб қилинади. Ушбу тартиб деҳқон ва фермерларнинг ҳосилдорликни ошириб боришига ва кам ҳосил етиштирмасликка бўлган интилишини ҳамда қизиқишини кучайтириб, заминнинг умрини беҳуда ўтказмасликка ундайди.

— Қарорда ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш белгилангани деҳқонларга катта имконият яратилаётганини англатади, — дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бўлим бошлиғи Зафар Жумаев. — Агар амалдаги тартибга кўра, имтиёзли кредит давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон қийматининг 60 фоизигача ажратиб келинган бўлса, янги тартибда 100 фоизгача (тайёрлов корхонаси томонидан бўнак сифатида етказиб берилган уруғлик қийматини ҳисобга олган ҳолда) берилади. Мисол учун, 2018 йил вилоятимизнинг ғаллакор фермерларига 146 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган бўлса, 100 фоизли тартиб бўйича 2019 йил ҳосили учун фермер хўжаликларимизга 318 миллиард 900 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит берилиши назарда тутилмоқда. Молиялаштириш тизимидаги бу ўзгариш фермер хўжаликларининг айланма маблағ тақчиллигига барҳам бериш билан бирга, улар томонидан ресурс ва хизматлар учун тўловларни олдиндан амалга ошириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтириш ҳамда пировардида мўмай даромадли бўлиш имконини беради…

Деҳқонни қувонтирадиган яна бир жиҳат, мазкур қарорда олдиндан билиш мумкин бўлмаган фавқулодда хусусиятга эга ҳодисалар (қурғоқчилик, табиат ҳодисалари ва бошқа форс-мажор ҳолатлар) оқибатида бошоқли дон экинларидан кутилган ҳосил олинмаган ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Ана шундай фавқулодда вазиятлар қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ҳудудий комиссия томонидан тасдиқланганда, давлат хариди учун етказиб берилган дон харид нархида ҳисоб-китоб қилинади. Ҳолбуки, шу пайт га қадар маҳсулот етиштирувчилар турли табиий офатлардан зарар кўрганда етарлича ҳимояланмасди. Бу ҳам деҳқон учун беқиёс ғамхўрлик ифодасидир.

Қисқаси, дунёдаги ҳеч бир давлатда бошоқли дон етиштирувчиларга мамлакатимиздагидек эътибор берилаётгани ва ғамхўрлик кўрсатилаётгани йўқ. Чунки юртимизда фермерлар ихтиёрига тиллога тенг бебаҳо замин бериб қўйилибди. Ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, йилдан-йилга унумдорликни ошириб бориш учун давлат унитар корхоналари томонидан ариқ-зовурлар қазилмоқда ва бошқа турдаги кўмаклар берилаяпти. Боз устига, истаганча минерал ўғит, далада ишлаш учун техника, тракторлар гуриллаб ишлаши учун зарур эҳтиёт қисмлар, ёнилғи-мойлов материаллар ажратилмоқда. Бундан ташқари, ғаллакор деҳқон заминдан мўл ҳосил ундириши учун бир неча ташкилотлар сув, ўғит, ёнилғи-мойлов материалларини етказиб бериш йўлида деҳқон билан ғаллани экишдан тортиб, то ҳосилни йиғиштириб олишгача бўлган жараёнда бақамти меҳнат қилаётир. Табиийки, деҳқон сара дон етиштириши учун агротехник тадбирларни бажаришда маблағга эҳтиёж сезади. Бунга ҳам давлатимиз тантилик қилаётир. Бас, шундай экан, ҳар бир деҳқон, ҳар бир фермер хўжалиги мўл ва сифатли дон етиштириш учун ҳозирдан қатъий чора-тадбирлар белгилаб, зўр ғайрат ва иштиёқ билан меҳнат қилмоғи, ҳосилдорликни ошириш учун бой тажриба ва маҳоратини ишга солмоғи шарт. Акс ҳолда, қатъий чоралар кўрилади ва ихтиёрларидаги замин бошқа ишлайман деган талабгорларга олиб беришгача бўлган чоралар қўлланилади.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“To’palang”dan obi hayot keladi

Viloyatimizda aholini toza ichimlik suvi bilan ta’minlash eng muhim masalalardan. Zero, bugungi kunda viloyat aholisining …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan