Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Ҳовлидаги балиқхона

Ҳовлидаги балиқхона

Одатда айримлар дипломли кишилар ўз касбидан бошқа соҳани мукаммал билмайди, деб ҳисоблашади. Тўғриси, бозор иқтисодиёти шароити кўпчиликни, жумладан, дипломли мутахассисларни ҳам ишбилармонликка, тадбиркорликка, фақат маошга қараб турмасликка ўргатди.

Эшмуҳаммад Дўсалов вилоят “Тез ёрдам” шифохонасида врач. Лекин бу мутахассис: “Ҳамма ҳавас қиладиган касбим бор, оладиган маошим рўзғоримга етиб турибди”, деб бепарво эмас. Касбини қойиллатиб уддалайди, бўш вақтида тадбиркорлик қилади. Унинг тадбиркорлиги — деҳқончилик. Эшмуҳаммад врачнинг хонадонида бўлганимизда, у чин маънода меҳнаткаш ва уста боғбон эканлигига, деҳқончилик ҳамда боғбонлик илмини олим-агроном даражасида билишига гувоҳ бўлдик. Фарзандларини, хотинини деҳқончилик билан нон ейишга ўргатибди. 20 сотихдан каттароқ томорқасида қишин-ёзин зироат ўстиради. 80 минг туп саримсоқпиёзнинг яшнаб тургани кишининг ҳавасини келтиради. Ўсимлик орасида биронта бегона ўт кўрмайсиз, ҳар бир саримсоқпиёз битталаб ерга қадалгандай яшнаб турибди. Эгатлари етарлича маҳаллий ўғитга тўйинтирилгани, вақти-вақти билан сувлаб турилгани учун саримсоқпиёз кун сайин каттараяпти.

Саримсоқпиёз яшнаб турган томорқанинг ёнбошида иккита иссиқхона барпо этилган. Оила аъзолари топган даромадларининг асосий қисмини иссиқхона қуришга сарфлагани шундай кўзга ташланади. 6 сотихли иссиқхонада 65 туп, 7 сотихлисида 70 туп ниҳол кўзни қувонтиради. Ҳар йили бу лимон дархтларидан 8-9 тонна ҳосил йиғиб олиниб, 50 миллион сўмгача даромад кўрилади.

— Иссиқхона барпо этишу лимон дарахти ўстиришга отамни мен қизиқтирганман, — дейди Эшмуҳаммад аканинг ўртанча ўғли Алишер. — Ўрта маълумотли тиббиёт ходимиман. Ишлаб юрган кезларимда рўзғоримга қўшимча даромад бўлсин, деб Қумқўрғон туманининг “Хўжақишлоқ” маҳалласига бориб, томорқачилардан лимон олиб бозорга элтиб сотардим. Даромадим ортиб бораётганини билган отам: “Лимон яхши пул бўларкан, узоқдан олиб келиб юрганингдан кўра, томорқамизда лимон ўстирсак бўлмайдими?”, деб қолдилар. Шу қизиқиш туфайли аввалига мўъжазгина иссиқхона қуриб, лимон кўчатларини ўстирдик. Секин-аста лимонзоримизни кенгайтирдик. Ўтган йилги даромаддан яна 6 сотихли иссиқхона қурдик, 60 туп ёш ниҳол ўтқаздик…

Алишер лимон етиштириш бўйича катта тажрибага эга. Оила лимондан йилига бежиз 45-50 миллион сўм даромад қилмаяпти. Қачон қараманг, Алишер ва хотини Зебо Янгибоева иссиқхона ичидан чиқишмайди, вақти келганда ҳосил туккан лимонларни расамади билан бутайди, ҳосил бермайдиган шохларини кесади, вақт соати етганда ҳар туп лимон дарахти остини юмшатади — ўғит беради, сувлайди. Лимон гуллаганда, ҳар бир гулни махсус дорига ботириб чиқади — сира эринмайди. Тадбиркор боғбон Алишер айтганидек, машаққатларига чидаган, эринмай ишлайдиган боғбонгина ҳар туп ниҳолдан 80-90 килограмлаб лимон териб олади.

Алишер Дўсалов янгидан қурган иссиқхонага ўтқазилган 60 туп ниҳолни меҳр билан парваришлаш билан бирга ёш ниҳоллар атрофидаги бўш жойга картошка экиб, мўл ҳосил етиштириш чорасини ҳам кўрган. Картошка ҳосили эрта-индин йиғиб олинади ва оила аъзолари бу маҳсулот учун бозорга боришмайди. Фақат Алишер Дўсалов эмас, аёли Зебо Янгибоева, онаси Ойсулув опа, ака-укалар Анвар, Музаффарлар томорқадаги барча зироатлар қаровига парвона. Эшмуҳаммад ака ҳам ишидан бўш вақт орттирдими, кетмонини олиб, томорқада ишлайди. Отанинг ибрати фарзандларга мактаб. Ҳеч бири ишдан бўйин товламайди. Чунки томорқанинг даромадидан уч рўзғор, яъни 16 нафар кишининг турмуши фаровон.

Мақоламиз бошида оила бошлиғи Эшмуҳаммад Дўсаловнинг тадбиркорлигини эслатгандик. У ҳар бир ишга қўл уришдан олдин режа тузади, қиладиган иши рўзғорига, оиласига, фарзандларига қанчалик нафи тегишини чамалайди. Эшмуҳаммад аканинг Термиз туман Янги ҳаёт қишлоғидаги ҳовлисининг бир чеккасидан катта ариқ оқиб ўтади. Бу ариқдан аҳоли томорқаси, шунингдек, фермер хўжаликларининг даласи сув ичади. Шу ариқнинг бўйига яқин томорқанинг 2,5 сотихча жойи қудратли техникалар ёрдамида ҳовуз қилинган. Ҳовузга ариқдан сув киради ва оқиб яна ариққа тушади. Эшмуҳаммад ака ҳовузни моллар сув ичиши учун қаздирган эмас. Балки балиқ боқишга мўлжаллаган. Ҳовуздаги балиқларнинг каттаси бир килограмгача тош босади. Истаган пайтда ҳовузга тўр ташлаб, балиқ овлашлари мумкин. Ортиқчасини қўни-қўшниларига сотишади.

Бундан ташқари, оила аъзолари ёзги ва қишки бостирмаларда 20 бош майда мол, 15 бош қорамол, 50 та товуқ парваришлашаётир.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ангорда жун ва ипакчилик ривожлантирилади

Президентимиз жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan