Бош саҳифа / Жамият / «Отамнинг ҳикматга бой мактабида ўқиганман…»

«Отамнинг ҳикматга бой мактабида ўқиганман…»

Ота — қиз бола учун ҳаётда энг идеал шахс ҳисобланади. У ғурур, ор-номус, қатъият, ҳалоллик, шижоат ва меҳр тимсоли сифатида намоён бўлади. Ана шу тасаввур билан қизлар ўзларига умр йўлдош, дўст, ҳамроҳ танлайдилар. Умр бўйи шу идеаллик чегарасида ўз ҳаётини қуришга, отадан ўрганганларини умр йўлларида қўллашга ҳаракат қиладилар. Зеро, отанинг ибрат мактаби, берган ҳар ўгити ҳаётнинг олий мактабида асқотади.

Қаҳрамонимиз Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси суриштирув ишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш гуруҳи катта терговчиси, полковник Нодира Норқулова ҳам ота мактаби сабоқлари билан ўз йўлини топиб олганлардан.

— Бу мактаб менга одамларни тинглашни, ҳурмат қилишни, энг қийин дамларда тўғри танлов қила олишни, энг муҳими, инсонни инсондек қадрлашни ўргатди, — дейди полковник Нодира Норқулова. — Отамнинг «Олдингга келадиган ҳар бир одам у айбланувчи бўладими, жабрланувчими, энг аввало, унинг инсон эканлигини, ўзингни унинг ўрнига қўйиб кўришни унутма!», дея айтган сўзлари ҳали-ҳануз қулоқларим остида жаранглайди. Ваҳоланки, шу ергача ана шу насиҳатларнинг этагидан тутиб, уларга суяниб етиб келганман. Бунинг учун раҳматли бўлган отам ва онамдан жуда миннатдорман. Мен бу гапни бошқа ҳамкасбларимга ҳам кўп бор айтаман. Чунки шундагина терговчи ишга совуққонлик билан эмас, масъулият билан ёндашишни ўрганади.

1993 йил ИИВ Академияси тингловчиси бўлиш бахтига муяссар бўлиб, 1997 йилда уни имтиёзли тамомлаган биринчи қалдирғочлар орасида Нодира Норқулова ҳам бор эди. Олий даргоҳнинг сабоқлари кейинчалик тергов бўлимида ўз фаолиятини бошлаган қаҳрамонимизга асқотди, елкадош бўлди.

Қатъият — терговчига хос фазилат

Н.Норқулова юритувида бўлган иш бирор марта ҳам суддан қайтмаган. Ўз принципига эга қатъиятли терговчининг бошқаларда кузатилмайдиган яна бир хусусияти бор. У жиноятининг аниқ далили бўлмаган одамни айблашдан йироқ тутади ўзини. Ҳар бир ишни ўта синчковлик, ўзгача ёндашув билан очишга ва хулосалашга интилади. Балки шунинг учун ҳам унга энг жумбоқли жиноий иш ҳужжатлари ишониб топширилгандир.

Ярим тун. Ишхонадаги навбатчилик қисмидан ташқари яна битта хонанинг чироғи ҳамон ёниқ. У ердан клавиатуранинг чиқиллашию қоғозларнинг шитир-шитири эшитилади, холос. Терговчи Н.Норқулова ҳали чимилдиқ кўрмаган ўғлининг сирли ўлимига жавоб излаётган муштипар онанинг сўроқларига далил излаш билан овора. Чигал вазиятнинг эса ҳеч бир таги, аниқ далиллари кўринай демайди. Экспертлар хулосаларини, кўрсатмаларни қайта-қайта кўздан кечиради. Уларни ўқиётиб лаблари пичирлайдию юраги эзилиб, увушиб боради. Фарзандининг аянчли тақдиридан оҳ чекаётган онанинг юрагидагиларини ич-ичидан ўтказади. Минг ўлиб-тирилса ҳам, қанчалик оғир бўлса ҳам ишни адолатли якунлаш, онаизорга жавоб айтиши шарт! Илло, терговчининг масъулияти унинг ҳислари, руҳий ҳолати билан ҳисоблашмайди.

— Фаолиятимда бундай ҳолатлар бир неча бор бўлган, — дейди полковник Нодира Норқулова. — Чигал вазиятларга қандай ечим топиш учун куну тун шунинг ўйида бўласиз. Ҳатто, таомланаётиб, йўлда юраётиб ҳам бир лаҳзага бўлсин чекинолмайсиз. Лекин, бир нарсага аминманки, бу ҳаётда ҳар нарсанинг жавоби, охири, ечими бор. Касбимни ана шу машаққати учун ҳам яхши кўраман. Лекин, соҳада олиб борилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугун ички ишлар тизимида ишлаётган хотин-қизлар учун анча енгилликлар берилган. Ҳозир илгаригидек ярим тунгача ўтирмасдан, оиламиз учун ҳам вақт ажратиш имконига эгамиз.

         Ўз устида ишлашни канда қилмайдиган Нодира опа ҳатто, бўш вақтида немис тилини ҳам ўрганишга киришган. Бундан ташқари, мамлакатдаги сиёсий жараёнларни, умуман, қонунчиликдаги ўзгариш ва янгиликларни ҳам кузатиб боришдан эринмайди.  

Полковник унвони берилган кун

Айтишларича, Сурхондарёдаги аёл ички ишлар ходимлари орасида Н.Норқуловагина полковник унвонига сазовор бўлган. Шундан фаҳмлаш мумкинки, демак бу даражагача етиб келиш осон бўлмаган.

           Бугунгача қаҳрамонимиз қанча чиғириқлардан ўтган, турли лавозимларда хизмат қилган. Хусусан, у Термиз шаҳар ИИБ тергов бўлинмасида терговчи, Тергов бошқармасининг босқинчилик, уюшган жиноятчилик, фуқароларнинг соғлиги ва ҳаётига қарши қаратилган оғир жиноятларни тергов қилиш бўлинмасида, тергов фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат этиш бўлинмаларида терговчи, Ахборот-таҳлил таъминоти гуруҳи катта терговчиси каби вазифаларда фаолият юритди. Лўнда қилиб айтганда, умрининг 23 йилини ана шу даргоҳда ўтказди. Ҳеч бир иш жавобсиз қолмагани каби машаққатли меҳнат ҳам мукофотсиз бўлмайди, албатта. 2008 йилда қаҳрамонимиз Ички ишлар вазирлигининг “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишонига муносиб кўрилди. 2018  йилда эса унга давлатимиз раҳбари томонидан полковник унвони берилди.

— Бу кун ҳаётимнинг энг қувончли онлари эди, — деб эслайди қаҳрамонимиз. — Қувончимга кўплаб яқинларим шерик бўлишди. Аммо, ота-онам ҳам буни кўришларини жуда хоҳлагандим. Нима бўлганда ҳам, мен улар истагандек инсон бўлишга интилдим. Энди фарзандларимни одамларга нафи тегадиган, фазилатли қилиб тарбиялашга ҳаракат қиляпман.

         Дарвоқе, Н.Норқулова икки фарзанднинг меҳрибон онаси. Ҳаётда қўллаб-қувватловчилари ҳам, суянчиғи ҳам ана шу оиласи.

         Нажмиддин Кубронинг шундай гапи бор: “Вақтни “эссиз”, “қанийди”, “кошкйиди”лар билан ўтказган кишининг умри энг қисқа умрдир”. Чиндан ҳам шундай. Бироқ, Нодира Норқулова ўтган умридан сира афсус қилмайди. Ҳали унинг режалари бисёр, кўзлаган марраси эса жуда баланд. Биз ҳам унинг ана шу маррага бошини баланд тутган ҳолда етиб боришига тилакдошмиз.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan