Бош саҳифа / Сиёсат / Олтинсойнинг эртасига дахлдор гаплар

Олтинсойнинг эртасига дахлдор гаплар

Олтинсой тумани вилоятимизнинг тоғли ҳудудларидан бири саналиб, ҳудудда  соҳалардаги муаммоларнинг сақланиб қолаётгани  вилоят раҳбариятини жиддий ташвишга солмоқда.

Аҳоли томонидан вилоят ҳокимлигига ва марказга уларнинг ечимини топиш юзасидан кўплаб мурожаатлар йўлланмоқда. Мазкур ҳолат вилоят ҳокимлиги, “Жамоатчилик назорати” гуруҳлари ва оммавий ахборот воситалари томонидан атрофлича ўрганилди. Маълум бўлишича, муаммоларнинг аксарияти ижтимоий соҳага оид бўлиб, булар йўл қурилиши, транспорт хизмати, ичимлик суви, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат, таълим муассасаларидаги камчиликлар, янги иш ўринларининг яратилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли банк кредитларини олиш билан боғлиқ масалалардир.

7 июлда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Олтинсой туманида бўлиб, ушбу масалалар муҳокамаси ҳамда аниқ ечимларига бағишланган учрашув ва мулоқотларни ўтказди. Дастлаб, вилоят, туман корхона ва ташкилотлари раҳбарлари иштирокида “Жамоатчилик назорати” гуруҳлари томонидан аниқланган муаммоларни бартараф этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда аниқланган камчилик ва муаммолар юзасидан мутасаддиларнинг   ҳисоботлари тингланди. Йиғилиш давомида тумандаги камчилик ва муаммоларни қисқа фурсатларда бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотлар ва мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

АҲОЛИ ТИББИЁТДАН НЕГА НОРОЗИ?

Куннинг биринчи ярмида вилоят ҳокими ва барча вилоят ташкилотлари раҳбарлари  туман марказий шифохонасида тўпланишди. Учрашувнинг бош сабаби шундаки, воҳа аҳолиси томонидан вилоят ҳокимлигига тиббиёт соҳасида қилинган мурожаатларнинг тенг ярми Олтинсой туманига тўғри келади. Ажабланарлиси, аҳоли ўтган даврда бирор марта туман бош врачига шикоят билан мурожаат қилмаган. Ёхуд буни бефойда, деб билишганмикан? Вилоят раҳбариятига йўлланган шикоят ва арзномаларда туман тиббиёт ходимлари ва раҳбариятнинг ўз ишига совуққонлиги, таниш-билишчиликка ружу қўйгани, оқибатда оддий одамлар биринчи тез тиббий ёрдам ва бошқа хизматлар олиши учун сарсон-саргардон бўлишаётгани айтилади. Эмишки, олтинсойлик айрим тиббиёт ходимлари  одамларнинг юриш-туришига қараб муомалаю муолажа қилармиш: агар машинада келсангиз, “ўтинг-ўтинг”, от ёки эшакда келсангиз “нари  кетинг”, дейишармиш. Давлат томонидан ажратилган дори-дармонларни бериш ёки бермаслик ҳам шу кайфиятга боғлиқ экан-да, сабил. Оқибат бу ҳолдан ўксиган, фиғони кўкка ўрлаган фуқаронинг “дод” демоқдан ўзга чораси қолмади чоғи, ўзингиз келиб кўринг ва хулоса қилинг, дейишди. Вилоят раҳбари шундай ҳолатлар мавжудлиги ўрганишлар жараёнида аниқланганини таъкидлаб, соҳа мутасаддиларининг фикрлаш тарзи ўзгариши зарурлигини айтди. Йиғилганлар эътиборига туман марказидан тортиб чекка ҳудудларгача тиббиётда мавжуд камчиликлар, эътиборсизликлар акс этган видеолавҳа намойиш этилди. Таҳлилларда аниқланишича, туманда сил касалликлари профилактикаси қониқарсиз аҳволда. Юқумли касалликлар шифонасида санитария назорати, канализация, ошхонада муаммолар бор. Бунга вилоят бош инфекционисти негадир сукут сақламоқда. Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимида беморлар мавсумий кийимда эмас. Дори-дармонлар сақланадиган хонада шкаф, музлаткич йўқ. 38 турдаги дориларга шифохона муҳри қўйилмаган, бор дорилар ҳам “таниш” беморларга берилади. Реанимация бўлимида ҳам таниш-билишчилик авж палласида. Болалар бўлимида беморлар ҳатто “рецепт”сиз дори олиб келишаяпти. Таъкидлаш жоизки, ҳар бир муолажада тўғри ташхис ва даволашни мақбул шароитларда амалга ошириш лозим. Мана шундай эътиборсизликлар сабабми, болалар ўлими ҳолатлари бир неча бор қайд этилди. Онкология хизматига ажратилган хона туманда умуман йўқ. Касалларни қайд этиш ва уларни таснифлаш кўнгилдагидек эмас. Туман туғруқхона бўлимида беморларга ёзиладиган рецепт бланкасининг ўзи йўқ.  Туман тиббиёт бирлашмасининг собиқ раҳбари ва масъуллар ҳисоботларида “барчаси рисоладагидек, кўнгилни тўқ қилаверинг”, қабилида иш тутишган. Ахир бу камчиликлар ўрганишларнинг бир қисмида аниқланган, холос. Биз билмаган, яширин ётган муаммолар ҳали қанча? Шу боис, вилоят ҳокими Э.Турдимов туман тиббиётчилари аҳолига хизмат кўрсатишни тубдан ўзгартиришини, халқимиз ушбу соҳадан рози бўлишига эришмоқ  бош вазифа эканлигини уқтирди.

ЁШЛАР БИЛАН
МУЛОҚОТ

Куннинг иккинчи ярмидаги  туман иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида учрашув бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари, ҳудуддаги 8 та маҳаллада яшовчи уюшмаган ёшлар иштирок этди. “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида асосий эътибор ватанимиз равнақига муносиб ҳиссасини қўша оладиган шижоатли ёшларни эзгу ғоялар атрофида янада жипслаштириш, уларнинг ютуқларини эътироф этиш, жамиятда бўлаётган ўзгариш ва воқеаларга нисбатан дахлдорлик туйғусини оширишга қаратилди. Учрашув давомида вилоят ҳокими ёшларни қизиқтирган масалалар, ўйлантираётган муаммоларни тўғридан тўғри уларнинг ўзларидан эшитиб, ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмаслиги, барчаси тегишли тартибда ижобий ечим топишини маълум қилди. Иқтидорли йигит-қизлар томонидан ўртага ташланган бир қатор таклиф ва ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, уларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланиши айтилди.

ЁШЛАР —
КЕЛАЖАГИМИЗ

Президентимиз фармонига кўра, қабул қилинган “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастурининг тақдимоти  Вахшивор қишлоғидаги ташаббускор ёшлар ҳузурида  бўлиб ўтди. Аввалига ийманиб турган ёшлар вилоятимиз раҳбарининг самимий мурожаатидан сўнг дилидаги истакларини очиқ-ойдин баён этдилар. Хусусан, Халилова Кумушнинг Вахшиворда кутубхона очиш тўғрисидаги таклифи учун 50 миллион сўм ажратиладиган бўлди. Шунингдек, ижтимоий дорихоналар очиш, касаначилик, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик, қуёнчиликни ривожлантиришни мақсад қилган Ҳотамова Тарзанабону, Раҳматулло Камолов, Сурайё Омонова, Шарофиддин Асадовларга яқин бир ҳафта ичида  Миллий банк  вилоят бўлими томонидан  имтиёзли кредит олишларига ваъда берилиб, тикув машиналари бепул совға қилинадиган бўлди.

Учрашув самимий суҳбатлар, фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтди. Иқтидорли йигит-қизлар бир қатор аниқ таклиф ва ташаббусларини  баён этдилар.

Кечга яқин “Вахшивор” оромгоҳида таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Термизда Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш учун логистика маркази ташкил этилади

БМТ Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш учун Ўзбекистонда логистика марказини ташкил этади. Бу ҳақда БМТ расмийси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan