Бош саҳифа / Жамият / Мурожаатдан мантиқ бўлса…

Мурожаатдан мантиқ бўлса…

Бугун мамлакатимизнинг қайси бурчагига борманг, Юртбошимизнинг эл-юрт фаровонлиги, Ватанимиз равнақи йўлида олиб бораётган саъйи-ҳаракатларидан миннатдор эканликларига гувоҳ бўласиз.

Президентимиз мавжуд муаммоларни бартараф этиш, меҳнаткаш элнинг розилигини олиш учун том маънода халқ қалбига юриш бошлади. Барча вилоятлар, туманлар, маҳаллаларда халқ билан очиқдан-очиқ мулоқот олиб борилмоқдаки, бу тараққиётимиз бардавомлигини, тинч-тотувлигимиз барқарорлигини, меҳр-оқибатимиз, юртга садоқатимиз боқийлигини таъминлашига ишончимиз комилдир. Ана шундан келиб чиқиб, Денов туманидаги “Дендрарий” боғида 9 май куни вилоят ҳокими Э. Турдимов сайёр қабул ўтказди. Унда Сариосиё, Узун ва Денов туманлари фуқароларининг мурожаатлари тингланди.

Сайёр қабул жараёнида вилоятдаги барча бошқармалар, корхона ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳозир бўлдилар. Бундан мақсад фуқароларнинг мурожаатларини иложи борича жойида қисқа фурсатда ҳал этишдан иборатдир.

Бизнинг элимиз етти ўлчаб, бир кесадиган, донишманд ва закий халқдир. Илгари ота-боболаримиз уйдаги, оиладаги гапни кўчага чиқаришни, арзимаган дарду ташвишни элга дастурхон қилишни ўзларига ор билганлар. Унча-мунча оилавий муаммолар, ҳатто қўни-қўшнидан ҳам сир тутилган. Буларни оила бошлиғи босиқлик билан ҳал этган. Афсуски, кейинги пайтларда халқимиздаги бу жиҳатларни учратиш мушкул кечмоқда. Бўлиб ўтаётган очиқдан-очиқ мулоқот ва сайёр қабулларда отахон ва онахонларимиз, келинларимиз ва фарзандларимиз арзимаган икир-чикирларни кун тартибига олиб чиқишмоқда.

Масалан, овсинлар ўртасидаги, ака-укалар ўртасидаги, тоға-жиян, келин-қайнона муносабатлари юзасидан вилоят ҳокимига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят қилиш ўша шахснинг маънавий-маърифий “чўққиси” нақадар паст эканлигидан далолат беради. Афсуски, бу гал ҳам ана шундай ўнлаб мурожаатларга дуч келинди.

Денов туман “Орол” маҳалласида яшовчи Гулираъно Бердиева мурожаатини эшитиб, ғурурланиб кетдим. Опанинг ўғиллари бир ярим гектар жойга пиёз экишган экан. Айни пайт да юз тоннадан ортиқ тайёр маҳсулот бор. Шуни сотишга ёрдам беринг, деганда ҳокимнинг ҳам юзи ёришиб кетди.

Мавжуд қонунларни тушуниб-тушунмай фуқароларни безовта қилаётган фермер хўжаликлари ҳам йўқ эмас. Денов туманидаги “Кўсор” маҳалласидан келган Искандар Юсупов ва Нусрат Ҳайдарқуловлар 30 йилдан буён Узун давлат ўрмон хўжалигида ишларкан. Куёвсув қишлоғида яшовчи бу ишчилар бир неча гектар жойларда боғ қилишиб, ўрмон хўжалигида кўчат етиштириб, доривор гиёҳлар ва меваларни териб давлатга топшириш билан шуғулланаркан. Улар деҳқончилик қилаётган ҳудуддан пастроқда жойлашган фермер хўжалиги бошлиғи судга бериб, 30 миллион сўм жарима тўлатмоқчи эканлигини айтишди. Биз вилоят ўрмон хўжалиги ўрмон кадастри бошлиғи Бахтиёр Йўлдошев ва тегишли кишилар билан учрашганимизда бу ерлар ўрмон хўжалигига қарашли эканлигини, суд қарори нотўғри чиқарилганлиги, фермер тегишли харитага эътибор бермаганлиги ойдинлашди.

Сариосиё туманининг “Чош” маҳалласида еттита қишлоқ мавжуд бўлиб, Хонжизадан 26 километр узоқликда жойлашган. 1800 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шу маҳалла фуқароси Раҳматулла Жумақулов мобиль алоқа йўқлигидан шикоят қилди. Бу мурожаат юзасидан ҳам жойида мутахассисларга топшириқ берилиб, қисқа фурсатда ҳал этиладиган бўлди. Шунингдек, Денов тумани “Саноатчи” маҳалласидан Муҳаббат Рустамованинг маҳалла кўчалари носозлиги ҳақидаги мурожаати ҳам ижобий ҳал бўладиган бўлди. Бундан ташқари, Денов туманидаги Бобур хўжалиги, “Гулистон” маҳалласидан Тоштемир Тоғаевнинг ичимлик суви, шу туман “Оққўрғон” маҳалласидан Низомиддин Хуррамовнинг сув, суюлтирилган газ ва моддий ёрдам хусусида қилган мурожаатлари ҳам ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Н. Хуррамовнинг ўзи биринчи, хотини иккинчи гуруҳ ногирони. Уч нафар фарзанди бор. Оғир оилавий аҳволига қарамай, шукронаси оғзидан тушмайди. Бир сўз билан айтганда, ўнлаб кишилар сайёр қабулдан мамнун ҳолда дуолар қилиб, хотиржамлик билан уйларига қайтишди.

Шу куни вилоят ҳокими 400 нафардан ортиқ фуқарони қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини ҳал этиш учун тегишли ташкилот ва корхоналар раҳбарларига топшириқлар берди. Вилоят ҳокими бугунги мурожаатларнинг натижаларини биттама-битта сўрашини таъкидлади. Жамоатчилик ҳузурида муаммо “ё ҳал этилиши керак, ёки рад этилиши керак. Бундан бошқа гап бўлиши мумкин эмас”, дея қатъий топшириқ берди.

10 май куни эса Олтинсой, Қумқўрғон, Шўрчи туман фуқаролари учун сайёр қабул ўтказилди. Бу ерда ҳам кўплаб мурожаатлар тингланди, муаммолар ҳал этилди.

— Катта ҳудудда боғимиз бор, — дейди Шўрчи тумани “Коканд” маҳалласида яшовчи Фарруҳ Исматов. — Уни агро фирма қилиш ниятида туман ҳокимига қарор чиқариб беришини сўраб, уч ойдан буён мурожаат қиламан. Аввалига, улар боғ атрофини тўсиқ билан ўрашим лозимлигини айтишди. Уларнинг шартини бажардим, лекин ҳанузгача қарор чиқариб беришни пайсалга солиб келишаётган эди. Вилоят ҳокимига арзимизни айтгандик, муаммомиз бугуноқ ҳал этиладиган бўлди.

Эътибор инсон кўнглини юксалтиради. У ҳаётга бўлган қизиқишни оширади, одамларни жамиятга аралашишга, зиммасига юкланган вазифани, масъулиятни ҳис қилишга ундайди. Айнан вилоят ҳокими ҳамда бошқа барча соҳалар раҳбарларининг халқнинг олдига келиб, унинг дардини тинглаши ҳам киши руҳиятига шундай таъсир кўрсатади. Зеро, бу аҳолининг барча вакили юқори ташкилот вакиллари, раҳбарларининг эътиборида эканлигини билдиради. “Демак, бизни ҳам эшитадиган бор, адолат бор” деган ҳақиқат одамларнинг фикри-зикрида чарх уради.

Бироқ “Машаққатсиз бахт келмас, меҳнатсиз роҳат”, деган мақол ҳам бор. Бу ҳикмат қанчалик топиб айтилган бўлмасин, тўрт мучаси соғ бўла туриб, моддий ёрдам сўраш ёки ҳамма нарсаси бадастир бўлса-да, қўшниси билан кичкинагина йўлакни деб судма суд юриш, аёли ва болаларини кўчага ҳайдаб, кўнгли тусагани билан яна ҳеч нима бўлмагандек яшаш, буни бутун бошли раҳбарларнинг олдида “достон” қилиш инсонийликнинг ҳеч бир мезонига мос келмайди. Ахир инсон аввало, унга нимаики керак бўлса, ўзи ҳаракат қилиши, ўз бахтини ўзи яратиши, бунинг учун эса машаққат чекиб, синовларга бардошли бўлиши керак. Шундагина у орзу қилган фаровонликка етади.

Райҳон РАҲИМОВА,
Сафар ОМОН,
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Vaksina vahimasi

Bir necha yillardan buyon butun dunyoni tashvishga solgan, jamiyat hayotining barcha jabhalariga birday jabr ko‘rsatgan, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan