Бош саҳифа / Жамият / Миллат олдидаги бурчини адо этган қаҳрамонлар

Миллат олдидаги бурчини адо этган қаҳрамонлар

Фашизм устидан қилинган ғалабада нафақат қўлига қурол олиб, жангларда мардона курашган мард ўғлонларнинг, балки фронт ортида хизмат қилган миллионлаб сонли оналар ва ёш болаларнинг ҳам ҳиссалари бор.

Айни ўспиринлик ёшида болалиги барвақт тугаган, йўқотишларга қарамай ҳаёт давом этишини эрта англаб етган мурғак қалбларда ҳам уруш ўз изини қолдирди. 1923 йилда туғилган, ҳозир Музработ тумани «Файзиобод» маҳалласида яшовчи Бойқобул бобо Аҳмедов ҳам ана шундай тақдир ва ҳаёт синовларига мардона дош берган инсонлардан. Иккинчи жаҳон уруши вақтида у кўплаб тенгдошлари сингари фронт ортида хизмат қилди. Ғалабадан умид, яқинларининг ой бориб, омон қайтишига бўлган кучли ишонч унга мадад бўларди.

Фашизм устидан ғалаба қозонилди, аммо йўқотишлар ўрнини ҳеч нима боса олмади. Фақатгина вақт бу жароҳатга малҳам бўлди, холос. Бугун отахон пиру бадавлат. Тинчликнинг нақадар олий неъмат эканлигини айтиб чарчамайди. Фарзандларига, набираларига эса уни асраш учун масъул эканликларини уқтириб келадилар. 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари Сурхондарё вилоят вакиллари отахоннинг хонадонида бўлиб, у кишининг ҳолидан хабар олдилар. Дилкаш даврада отахон ўзининг ибратли ҳаёт йўли ҳақида тўлқинланиб сўзлаб берди. Отахонга эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, шу куни 1929 йилда туғилган Музработ тумани “Гулистон» маҳалласида истиқомат қилувчи Тоғайназаров Бозор Абдумуротовичнинг ҳам хонадонида бўлишди. Йиллар суронли, умр ўткинчи, аммо бир маротаба берилган умрни мазмунга тўлдириб, керак бўлса, бутун инсониятга нафли қилиб ўтказиш ҳам аслида катта саодатдир. Отахон билан бўлган суҳбатда ҳам шу жиҳатлар янада ёрқинроқ намоён бўлди.

Табиатига хос вазмин, камтар отахон бутун умр халқ хизматида бўлди. Қобил фарзандлар тарбиялаб, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун ҳалол меҳнат қилди. Фронт ортидаги хизмат ҳам аслида жанглардаги жон олиб, жон беришдан у қадар фарқ қилмайди. Отахон ана шундай шарафларга лойиқ юмушга дахлдор бўлган эсада, у кунларни эслашни истамайди. Қайтанга фаровон, бахтиёр турмуш ва осойишталик учун шукроналар айтиб, ана шундай неъматларнинг бардавом бўлиши учун доим дуода бўладилар.

Шамсиддин АЗАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Vaksina vahimasi

Bir necha yillardan buyon butun dunyoni tashvishga solgan, jamiyat hayotining barcha jabhalariga birday jabr ko‘rsatgan, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan