Бош саҳифа / Таълим / Келажагингизни бошқаришни биласизми?

Келажагингизни бошқаришни биласизми?

10 йилдан кейин фарзандим Ўзбекистон Миллий университетига ўқишга киради, деган мақсадни олдингизга қўйдингиз. Ва онггингизда эзгу ният пайдо бўлди.

Бунга эришиш йўлида фарзандингизга етарлича шароит яратиб берсангиз ва бу мақсад йўлида қизингиз ёки ўғлингиз ҳам астойдил ҳаракат қилса, келажакда, албатта, талаба бўлади. Бундай онг остида ҳосил бўлган ниятларнинг худди башорат сингари юз бериши беихтиёр футурология билан боғлиқ эканлигини кўпчилигимиз билмаймиз.

Фанда футурология деган тушунча мавжуд бўлиб, унинг моҳияти бир сўз билан айтганда, ер ва инсон келажагини илмий башорат қилувчи фан. Бу билан футурологияни айнан ниманидир башорат қилиш экан, деб тушунмаслигимиз керак. Бунда ҳар бир киши ўз келажагини катта ва эзгу мақсадлар сари йўналтириши, келгуси режаларни шакллантириб, уни коинотга ички овоз орқали йўллаши ва шу мақсадларга эришиш йўлида муносиб ҳаракат қилиши натижасида ўзи билмаган ҳолда яширин фикрлар бир кун келиб рўёбга чиқади. Ана шу жараёнда футурологик башорат, яъни ички ҳисларимиз ва онгимизда туғилган режалар реал ҳаётда бўй кўрсатади.

Биз келажагимиз ҳақида қандайдир тасаввурга эга бўла олишимиз футурологиянинг муҳимлигининг биринчи сабаби бўлиб, буни дастлаб мактаб ўқувчиларига ёшлигидан келажакда улар қандай касб эгалари бўлишларини хоҳлашлари ҳақидаги ва шунга ўхшаш илк кўникмаларни сингдириб боришдан бошлашимиз жуда муҳим. Уларда мақсадни ой ёки йил эмас, балки 10-20-30 йил олдинроққа қўйишга ўргатиб боришимиз футурологик фикрлашни қўллашда катта аҳамиятга эга.

Масалан, футурологик фикрлаш нуқтаи назари орқали дунё олимлари иложсиздек кўринган амалиётларни қисман тадқиқ қилишмоқда. Биз ҳам келажакда юқори натижага эришишимиз учун, аввало, эскича фикрлашдан воз кечишимиз, яъни нуфузли касб эгаси бўлишни, ёки ёшликдаги “отам, бобом ва бобомнинг бобоси ҳам деҳқон ўтган, демак мен ҳам деҳқон бўлишим керак” қабилидаги ўзликни чекловчи фикрларни бир четга суриб қўйиш вақти келди, назаримда. Инсон қаерда, қандай шароитда, нима билан банд бўлиб яшаши, қайси соҳада муваффақиятга эришиши мумкинлиги, келажаги учун жавобгарлик ҳиссини тушуниб етиши ҳақида ўйлаши ҳам футурологиянинг бир қисми, аслида.

Баъзида “қачон биз ҳам фалон давлатдек бўларканмиз”, “силжиш бўлаяптими ўзи” ёки шунга ўхшаш саволлар қулоғимизга чалиниб қолади. Аммо ўша натижаларга эришиш йўлида қанча вақт ва меҳнат, ривожланиш йўлларини босиб ўтишимиз, қанча тараққиёт босқичларини бошдан кечиришимиз кераклиги ҳақида ҳам чуқурроқ мушоҳада қилишимиз керак эмасми?

Футурология — бу аслини олиб қараганда истиқболли ривожланиш, инновация билан боғлиқ. Қайси соҳада бўлмасин бугун амалга оширилган хатти-ҳаракат, албатта, асқотишини, ҳар томонлама пухта ўйланган режалар асосида иш тутишимиз, бошқача айтганда, “футурологик фикрлаш” орқали Ватанимиз келажагини таъминлашга озми-кўпми ҳисса қўша олишимиз лозим.

Азиза ХАЛДАРОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

5 август куни ОТМга кириш имтиҳонлари бошланади

Бу йилги тест синовлари икки сменада ўтказилади: 1-смена 07:00 да, 2-смена 19:00 да Surxondaryo viloyatida …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan