Бош саҳифа / Жамият / Кардиологияда мураккаб операция ўтказилди

Кардиологияда мураккаб операция ўтказилди

Республика ихтисослаштирилган кардиология тиббий-амалий илмий марказининг Сурхондарё вилояти филиалида Россиянинг Новосибирск шаҳрида жойлашган Мешалкин номидаги қон айланиш патологиялари илмий текшириш институти кардиожарроҳлари Виталий Байструков ва Сардор Раҳмонов маҳаллий ҳамкасблари билан биргаликда кардиожарроҳликда энг мураккаб ҳисобланадиган қон томирларини стендлаш амалиётини ўтказмоқда.

Бу эса Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бошчилигидаги делегациянинг шу йил август ойида Россия Федерациясига сафари чоғида воҳада кардиохирургияни ривожлантириш, мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳамкорликда амалга ошириш, мутахассисларни ўқитиш, ўзаро тажриба алмашиш юзасидан Новосибирск шаҳрида жойлашган Мешалкин номидаги қон айланиш патологиялари илмий текшириш институти ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология тиббий-амалий илмий маркази Сурхондарё филиали ўртасида тузилган шартноманинг амалий самарасидир.

– Сурхондарёлик мутахассислар билан ҳамкорликдаги юқори технологияли жарроҳлик амалиётларимиз муваффақиятли ўтмоқда, – дейди Виталий Байструков. – Малакали шифокорлар билан ишлаш бизга завқ бағишлаётир. Тиббиёт ҳамшираларининг жарроҳлик амалиётидаги иши ҳам юқори даражада. Бу ердаги шароит ва имкониятлар таҳсинга лойиқ. Тиббиёт ҳамшираларининг жарроҳлик амалиётидаги иши ҳам юқори даражада. Дори-дармон билан таъминлаш ҳам яхши йўлга қўйилган.

Яқин йилларгача кардиология соҳасида мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш нафақат вилоятда, балки Республика миқёсида ноёб ҳодиса ҳисобланарди. Бу борада ҳатто хорижий мамлакатларнинг малакали мутахассисларига мурожаат қилинарди. Бугунги кунда соҳага берилаётган юксак эътибор туфайли уларга эҳтиёж кескин камайган. Барча жарроҳлик амалиётлари ва даволаш ишлари вилоятимизнинг ўзида бажарилмоқда. Бу эса беморларга бир қатор қулайликларни яратмоқда.

– Шифохонага нафас олганда кўкрак соҳасида санчиқли оғриқ, нафас олиш етишмовчилиги, тез ҳолсизланиш аломатлари билан келгандим, – дейди музработлик Феруза Ҳасанова. – Муваффақиятли ўтган мураккаб жарроҳлик амалиётидан сўнг ўзимни жуда яхши ҳис этмоқдаман. Тетикман. Одамлар соғлиғи ҳақида қайғураётган, шундай шароитларни вилоятимизнинг ўзида яратиб бераётган Юртбошимизга раҳматлар айтаман.

Мутахассислар таъкидлашича, юрак қон-томир касалликларининг баъзиларини ёпиқ йўл билан операция қилиш орқали даволаш мумкин. Бироқ, юрак клапанлари билан боғлиқ мураккаб патологияларни фақат очиқ операция усулидагина бартараф этиш мумкин. Бу жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун қўшимча замонавий тиббий шароитлар ва малакали мутахассислар ҳамкорлиги талаб этилади.

Айни пайтда Республика ихтисослаштирилган кардиология тиббий-амалий илмий марказининг Сурхондарё вилояти филиалида очиқ усулдаги ана шундай кардиожарроҳлик амалиётларини ўтказиш шароитларини яратиш бўйича Мешалкин номидаги қон айланиш патологиялари илмий текшириш институти кардиожарроҳлари билан келишиб олинди.

Бир сўз билан айтганда, ўзаро ҳамкорлик филиал шифокорларига россиялик ҳамкасблари билан мунтазам тажриба алмашиш имкониятини яратмоқда. Бу эса аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлашга, маҳаллий мутахассисларнинг юқори технологияга асосланган энг мураккаб кардиожарроҳлик амалиётларини муваффақиятли ўтказишдаги тажрибаларини янада бойитишга хизмат қилади.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

61 nafar xizmatchining farzandi imtiyoz asosida talaba bo’ldi

Termiz xalqaro aeroportlarda xavfsizlikni ta`minlash alohida batalonida Ichki ishlar vazirligi xalqaro aeroportlarda xavfsizlikni ta`minlash bo’yicha …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan