Бош саҳифа / Адабиёт / ЮРАКДАГИ САНЧИҚ

ЮРАКДАГИ САНЧИҚ

Мана, бир ой бўлдики, Облоқул муаллимнинг на уйқусида, на юриш-туришида ҳаловат бор. Мусофирликнинг ўйдим-чуқур кўчаларида соғлигини йўқотгач, иложсизликдан яна қишлоғига қайтиб келганига ҳар куни минг марта пушаймон қилади, ич-ичида аттанг деб бармоғини тишлаган билан ўрнига тушмайди. Эркак кишини меҳнат эмас, дард ейди, деганлари тўғри экан. Аёл кишига осон, дардини ичда сақламайди, бақир-чақир қилади, уввос солиб ҳовлини бошига кўтаради, сочини юлади, бетини тимдалайди, хуллас, кўнглини юмшатади. Эркак киши эса барчасини ичга ютиб, ташқи томондан оғир, вазмин кўринган билан ичдан нураб бораверади. Энг ёмони, ичдагини бировга чиқара олмайди, одамларга кулги бўлишни истамайди. Аслида пушаймони қаерга ҳам борарди, агар пушаймон қилиш ҳаётни ўзгартирганда ҳозир ҳамма шоду хуррам яшармиди? Қариялар билиб айтишган: ўзингдан чиққан балога-қайга борасан давога? Шукур, Худо унинг қўлини қуруқ қўймади, икки ўғил, бир қиз билан сийлади. Уларни ўстириб, вояга етказдими, уларнинг тақдирига ҳам жавоб бериши керак-да? Ўзи ўқитувчи бўлгани, йиллар давомида турмушнинг шалдироқ аравасини қийналиб тортавериб кўзи пишгани боис нолишни, дардини бошқаларга дастурхон қилишни унчалик хуш кўрмайди, иложи борича мушкулотлар сабабини ўзидан ахтаради. Лекин ҳаётда бир эмас, бир неча кутилмаган ташвишлар бирданига олдинда кўндаланг бўлиб турса, ҳар қандай одам ҳам осон йўлни танларкан. Кўнглингдаги шайтони лаин қурғур ҳам кўрмаяпсанми, бошқалар ҳам шундай қиляпти-ку, бу маошинг билан бир умр косанг оқармай ўтиб кетасан, болаларингни ўйласангчи, деб кўнглингга васваса солавераркан. Қандай қилиб унинг йўриғига йўрмалаб қолганингни ўзинг ҳам сезмай қолар экансан. Айниқса, бой-бадавлат кишиларни кўрсанг ёки уларнинг уйи ёнидан ўтаётганингда ичингда нимадир ғимирлаб, тинчингни ўғирлар, менинг бошқалардан қаерим кам, мен ҳам бахтли яшашга ҳақим бор-ку, деган аламзада саволлар эрталабгача уйқунгни ҳаром қилар экан.

Уйқудан қандайдир чарчаб, кайфияти бузилиб уйғонган Облоқул ҳовлида куймаланиб юрган хотини Робияга қарар экан, шу хаёлларни кўнглидан ўтказди. Хотини Робия кейинги вақтларда салга асаб қилиб, жиззаки бўлиб қолгани билан аслида ёмон аёл эмас, муаллимнинг боласи бўлгани боис оилада фарзандлари тарбияси билан деярли фақат у шуғулланди, уларнинг оилада дарс қилиши, мактабда яхши ўқишини назорат қилди. Кун бўйи томорқадан бери келмади, қўлидан кетмон тушмади. Аммо бирор марта эрининг юзига тик қараб “Мен ҳам аёл кишиман. Мен ҳам бошқа аёллардай тўй-маъракага бораман. Пардоз-андоз қиламан. Кетмон тутиш эркак кишига ярашади”, демади. Фақат илм олишга имкон бўлмади-да. Болалар ҳам отасига эмас, онасига тортишдими, ишқилиб, болам-чақам дейдиган, рўзғор-ўчарга жон куйдирадиган бўлиб вояга етишди. Шукур, икки ўғли бинойидек ўсди, коллежда касб ўргангач, қишлоқдан сал узоқроқдаги конга ишга киришди, бир-бирини қўллашади, отаси икковини битта тўйда уйлантиргач, ўша тарафдан уй-жой қилиб кўчиб кетишди. Келинлари ҳам меҳнаткаш, рўзғорпарвар. Бу томондан кўнгли тўқ. Ўғиллари ва келинларидан нолиса, ношукурлик бўлади. Аммо бир кам дунё деганларидай, ҳамма пушаймонлари, давралардан қочишига сабаб – ёлғиз қизи Сарвара. Шу туфайли эр-хотин орасида ҳаё пардасига ҳам дарз тушди. Дардни яширсанг, иситмаси ошкор қилар экан. Облоқул четдан қайтгандан бери тутаб турган можаролар бугун эрталаб қизининг “Мен ҳокимиятга бораман, ойижон, мурожаатимнинг жавобини сўраб келай, болаларга эҳтиёт бўлинг” деб чиқиб кетгандан сўнг ростакамига аланга олди, эр-хотин бир-бири билан роса қизишиб олишди. Облоқул ичдаги дардларини тўкиб солди:

– Онаси, менинг айбим аввало, сенинг гапингга кўниб, тайёр ишимни ташлаб ўриснинг юртига кетганимми? Менинг айбим оғир шароитда четда пул топиб, сизларни боққаним, ўғилларимни уйлантирганимми?! Ҳаётда яшаш дегани бола-чақанинг қорни тўқлаб, усти бошини бут қилиш эмас, уларни солиҳ қилиб тарбиялаш эканлигини мусофирликда кўрдим. Уйга қайтгач, бу борада ҳам кеч қолганимни кўриб турибман. Камига сенинг ғалваларингми? Охир-оқибат яна мен айбдорманми? Бошқалар қатори невара суйиб, тинчгина яшайман деганда кўрган куним шуми?

Робия эрининг гапларини қовоғини уйганча тинглади. Очиғи, у ҳам кейинги пайтларда ўзини ўзи тушунмай қолган. Тун бўйи дамбадам уйқуси қочиб, ташқарига чиқиб минғиллаб қўяди, «уф» тортиб, икки томонга ағдарилиб ётганча тонг оттиради. Тун бўйи унга тинчлик бермаган ўйлар эрталаб сигир соғишдан тортиб, ҳовлини супуришу ширчой пиширишда ҳам уни тарк этмайди. Бугун нонуштада ҳам миқ этмади, фақат эрининг зардали кинояси жағини очиб юборди.

– Нима, мен сиз юборган пулни ака-укаларимга ёки опа-синглимга бердимми? Сиз кетгандан бери бирор марта иккита нон кўтариб, бировининг ҳолидан хабар олдиммми? Менинг айбим сиз йўғингизда болаларимга ота-она бўлганимми, мана шу ватанимизни эсон-омон сақлаганимми?

Облоқул хотинининг кексалик нуқси уриб улгурган юзига, асабийлашганда тез-тез пир-пир қиладиган қовоқларига разм солар экан, бунақа пайтда хотини билан тортишиш бефойда эканлигини сезди. Тавба, одам ҳам етти йил ичида шу қадар ўзгарадими? Икки ўғилни бинойидай тарбиялади, рўзғорлари кўп қатори ўтиб турувди. Ё ўзи йўқлигида атрофдагиларнинг муҳити таъсир қилдимикин? Бир Робия эмас, шу лаънати мардикорлик деган нарса бошлангандан кейин бошқаларнинг ҳам нуқтаи назари ўзгариб қолдиёв. Илгари ўртада меҳр-оқибат бор эди.”Ҳамсоя товоқ” деган нарсалар бўларди. Ўзлари ҳаминқадар яшаётган бўлса-да, кечқурун қозондан сузилган биринчи товоқ овқат ўнг қўшникига, иккинчиси чап қўшникига чиқариларди. Улардан ҳам шундай товоқ қайтариларди. Қиёматда кимлигинг дастлаб қўшнилардан сўралади, дерди отаси. Қишлоқнинг четида аза бўлса, ўша хонадон ҳурматига оилада телевизор у ёқда турсин, радио ҳам қўйилмасди. Уста ишлатиш деган гап ҳам кейинчалик пайдо бўлди. Ҳашар қилиш ҳам урфдан қолди. Илгари қишлоқда бир қизнинг оиласи бузилиб, уйига қайтиши қишлоқ учун уят ҳисобланарди. Орият кучли эди. Ҳозирчи, эрдан чиқиб эрга тегиш пайпоқ алмаштиришдай одатдаги ҳолга айланди. Ҳеч ким уят қилмай қўйди.Четга бориб ишлаётган, қарияларга қараётган ёки “зелен” сотаётган қиз-жувонлар кўпайди. Чет элликка эрга тегиш обрўга айланди. Нега бундай бўляпти, ахир биз кўрган қийинчиликларни болаларимиз кўргани йўқ-ку! Нега ўртадаги меҳр-оқибат, уят, ҳаё, увол кундан кунга кўтарилиб боряпти. Облоқул муаллим бўлса-да, охирги пайтда кўп саволларига жавоб топа олмай қийналади. Ё катталар бозор иқтисодиётига ўтамиз, деб «ура-ура» қилиб, бу жараёнда инсон тафаккури ҳам ўзгариб кетишини ҳисобга олишмадимикин? Ё одамларимиз тайёр эмасмикин… Йўғ-ей, ундай десанг, айримлар давлатдан, жамиятдан шунақа нарсалар талаб қилишаяптики, илгари бу ҳақда гапириш у ёқда турсин, ўйлашга ҳам уялишарди. Энди кўпчиликнинг ҳақидан юлиш, давлат мулкига чанг солиш уддабуронлик бўлдими?!

Ана, қишлоқда биринчи бўлиб вино заводининг фирма дўконини очган Эгамбердининг қандай қилиб Эгамбердибойга айланганини ҳамма яхши билади. Тўрт-беш сўм топиб, босар-тусарини билмай, аввал машинани, кейин хотинни иккита қилди. Солиқчиларнинг озғини мойлаб давлатга бир сўм ҳам солиқ тўламаганлиги айтиб мақтанадиган Эгамберди ошкора замон бўлгач,ишлари чаппа айланиб, бир думалаб энди камтаъминланган бўлиб турибди. Тағин маҳаллий ҳокимият менга ёрдам бермаяпти, деб юқорига арз қилади. Тавба, бу одамларга нима бўлган ўзи?!

Россияда пайтида униси-буниси телефонда қизининг айрим ҳаракатларига пичинг қилишганда, Облақул хотинига телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўрар, «хўжайин, одамлар ҳозир оғзи билан юради, ҳозир кўролмайдиганлар кўп» деган гапларидан бироз кўнгли таскин топарди. Ҳарқалай, тоғам оғзи билан юрмас. У шундай хаёл ва умид билан уйидан чиқиб, узоқ йил мактабда ишлаган Шойим тоғаси олдига борди. Тоға гапнинг дангалини айтди-қўйди:

– Жиян, яхшидур, ёмондур, фарзандинг, ҳозир унинг разборини қиб ўтирма, хайма? Болалик қилиб, бир йўлдан адашди. Болали бўлиб ҳам ақли кирмади. Яхшиси, бировдан қарз об бўсаям, Самарқандданми, Каттақўрғонданми, икки хонали уй топиб бер, ўзи билан тинчисин.

– Тоға, шу… яхши иш бўлмапти-да шаънимга… Одамларнинг кўзига қандай қарайман. Шуни деб соғлигимни йўқотдим. Мени ўй еди. Илгари шу гапни эшитганимда бир ўлувдим. Бор-е, деб тақдирга тан берганимда бу гаплар тўхтайдиган кун ҳам бормикан?

– Жиян, банданинг бошида бундан оғир синовлар ҳам бор. Одамлар сенинг кимлигингни яхши билишади. Робияга ҳам, қизингга ҳам кўп таъна қилаверма, ғишт қолипдан кўчган, фойдаси йўқ, яхшиси, мен айтган ишни қил, хўпми?

Тоғасининг ҳузуридан қайтар экан, у сезди: тоғаси аяди, кўп гапларни айтмади, чунки илгари бирор айб иш қилса, ердан олиб, ерга урарди. Бундан кўра юзига тарсаки ургани минг марта яхшийди. Ё ҳақиқатдан ҳам масалани чувалаштирмаслик керакмикин? Нима қилиш керак, хотини айтгандай бир амаллаб қизини боқувчисини йўқотганлар рўйхатига киритиш учун тортишсинми ёки тоғаси айтган ишни қилсинми? Нима учундир маҳалла маслаҳатчиси Ҳалиманинг телефонда «Облоқул муаллим, агар ўша ёқда тилла топаётган бўлсангиз ҳам, уйингиздагиларни тартибга олинг, қизингизнинг қилиғи обрўйингизга тўғри келмайди» дегани хаёлида чарх ураверади. Наҳотки иш шу даражага бордими? Хотини ҳам, бошқа танишлари ҳам неча бор гаплашган бўлса, бу ҳақда ҳеч нарса дейишмаган.

У миясида чарх ураётган фикрларнинг охирига етолмай, маҳалла идорасига келганини ҳам билмай қолди. Оқсоқол Иброҳим ўзининг жўраси, мактабда бир синфда ўқишган. Сўрашиб бўлишгач, оқсоқол хона эшигини ёпиб, синфдоши рўбарўсидаги стулга ўтирди.

– Сени ҳам даромаддан қолдириб, безовта қилдик-да, жўра.

– Иброҳим, мен ўрисга ўйнагани кетмадим, ўзинг биласан, икки ўғилни уйладим, шу қизни ҳам чиқариб, дарбадарликни йиғиштираман, деб ўйлагандим.

– Энди қизни чиқариб ўтирмайсан, бир йўла икки неварага суннат тўйи қилиб берасан…

Иброҳимнинг гаплари  Облақулга кутилмаган зарба бўлди, кўнглида оғриқ турди, ёмон оғриқ турди. Облоқул аслида ич-ичидан шундай гапларга тайёр бўлиб келган бўлса-да, бунчалик бўлади деб ўйламаганди.Иброҳим илгари ҳеч қачон бунақа гапирмаган. Мактабдалигида ундан кўп маслаҳат сўрарди, техникумда ҳам унча яхши ўқимагани учун маҳалланинг баъзи ёзув-чизувларини ёздириб оларди. Лекин ҳар замонда зиёфат қилиб турарди. Ҳозирги гапи эса…очиғи, оғир ботди. Кўнглидаги илон бир ғимирлаб олди. Нима қилсин, туриб чиқиб кетсинми? Тўғри гап туққанингга ёқмайди деб эртага маҳаллада яна гап чиқади-ку! Ҳозир маҳалла оқсоқолларига катта ваколат берилдимикин, ё жўраси ақлли бўлиб қолдимикин? Ё раҳбарлар ўзини ҳаммадан ақллиман, деб била бошладими?

– Менга зарда қилмай гапир, жўра, сени эски қадрдоним, қолаверса, одам деб келдим, хўпми?

        – Мен зарда қилмаяпман, жони ҳиқилдоғига келган одамнинг овози ўзи шунақа чиқади. Одам деб келдим эмиш! Шу гапингни олдинроқ қизингга айтсанг, хотинингга айтсанг бўлмасмиди?! Қиз боланинг тарбиясига она кўпроқ масъул бўлади билсанг. Қизда заррача ўзгариш бўлса, дастлаб она сезади, вақтида қайтариб, тўғри йўлга солади.

 – Жа осмондан келма, раис, агар менинг оилам жонингни бўғзингга келтирган бўлса, ана осмонни устимизга ташлаб юбор! Оилавий ишимга аралашма, хўпми? Э, ўргилдим сендақа раҳбардан! Ўзи аслида мени, менга ўхшаганларни шу аҳволга туширган сизлар бўласизлар. Ойлигим яхши бўлса, мен пул топаман, деб улоғиб юрармидим. Яна бизга зарда қиласан!

– Аввал ўзингга боқ, сўнг ноғора қоқ, жўра. Четга бориб келаётган бир сен эмас. Ҳамма давлатда бор. Қолаверса, ҳукумат бу хатоларни тузатиш йўлини қилаяпти. Ҳовлисида экин қилиб, даромад олишни истамай, хорижда касалнинг иштонини ювиб пул топаётганларни ҳам кўраяпмиз. Мен жоним ачиганидан айтдим. Агар осмонни ташлаб юбора олсанг, осон қутулардинг.

Икки биродар қизишгандан қизишди. Эшик ёпиқ бўлса-да, маҳалла идорасидагиларнинг қулоғи динг, чунки суҳбатдошларнинг овози кўчага эшитилиб турарди: бири тўхтаса, бири гапиради. Қўнғиз ҳам боласини оппоғим, дейди. Бир шайтоннинг гапига кирганки, у шундай йўл тутган. Унинг таъзирини ўзим бераман, аммо бир ожизанинг битта маълумотнома беринг, деганига раис бунча жиғибийрон бўлмаса?! Иброҳим эса ўзича хулоса қилади: бу жўрам тушмагурга мусофирчиликда ҳам ақл кирмабди, латта эди, латтлигича қопти. Битта шунинг оиласи деб маҳалламиз юртга отнинг қашқасидек танилди. Икки эркакдан икки бола орттириб, икки оилани бузиб, бу қиз яна имтиёз сўрайди. Аёли қурғур ёлғиз онага ёрдам бермай хўрлашяпти деб ёзаверади, ёзаверади, келиб ўрганмаган идора қолмади. Ҳаммаси бечорага нега ёрдам бермайсан, дейди. Бирортаси, ҳай, Сарвара, боқувчимни йўқотганман, икки болам билан кўчада қолдим” деб ёзаяпсан, сенда ўзи боқувчи бўлганмиди”, деб сўрамайди. Улар ҳам ўзидан қўрқади.

– Мендан хафа бўлма, маълумотномани энди бошқа раисдан оласизлар. Кеча айнан қизинг ёзган шикоят учун аризамни берганман, ҳужжатларни топширай деб келгандим идорага…

Иброҳим бу ота ҳали ўз қизининг қилмишидан батафсил хабардор эмаслигин сезди, аммо кўп давраларни қизитган гапларни унга айтишдан тийилди, яхшиси, хотинидан сўраб олсин. Леки Облоқул қичимаган жойини қашилаб қўйди:

– Э, ҳали ҳамма жаҳлим мансаб учун, дегин?

– Овсар эдинг, элликка кириб ҳам шундайлигингча қолибсан, жўра. Гапирмайман, дегандим, ўзинг мажбур қилдинг айтишга…

Иброҳим шу қадар зардаю шижоат билан барчасини тўкиб солди, юзинг-кўзинг демай ҳамма эшитганларини айтди.

Хуллас, раис Робиянинг ўрисдан келган пулдан ўзини йўқотиб қўйгани, қизи билан ҳар ҳафта ё Ургут, ё Самарқанд бозорига бориб келгани, она-бола ҳар ойда туман марказидаги ресторанда эри мардикорликка кетган аёллар билан “гап” қилиши, меҳмонга келган ўғиллари, келинлари уларни тополмай қайтиб кетганлари, Сарвара аввалиги қўшниси Баҳром қассобдан ўғилча орттиргани, унинг оиласида жанжал бўлгач, онаси қизини туман марказига ижрага қўйиб келгани, Сарвара икки йилда онасига қарашиш баҳонасида яна қайтиб келгани ва бу гал Собир пайнетчидан ўғил туққани, кейин қишлоқда ғирт қиёмат бўлгани ва Собир бошқа вилоятга кетиб қолгани, омон-омон замон бошланиб, ҳукумат қарорига кўра ёлғиз аёлларга ғамхўрлик кўрсата бошлагач, Сарвара ҳокимга менга арзон ёки бепул уй берасизлар, деб туриб олгани, бу ҳақда тўрт томонга тинмай аризаю шикоят ёзаётгани – ҳамма-ҳаммасини қиморчининг қартасидай очиб ташлади.

Иброҳим Облоқулнинг афту ангорига қараб ўзининг сал ошириб юборганини сезди. Шунинг учун суҳбатни юмшатиш мақсадида гапни буриб, жамиятда боқимандалар, юзсизлар кўпайиб кетгани, қурувчиларнинг қуюшқондан чиқиб кетган хурмача қилиқлари, ота-оналарнинг китоб ўқимаслиги, хуллас, ўзи кўрган салбий ҳолатларни айтиб олди.

– Ана шунақа гап, ҳурматли гастрабайтер муаллим. Энди мен ҳам сенга ўхшаган ишсиз одамман. Шунинг учун битта дўстона маслаҳат бераман, олсанг-олдинг, олмасанг ҳам ўзинг биласан. Эслайсанми, сен билан мен ёш бўлганимизда номаъқулчилик қилган оилаларни қишлоқдан кўчириб юборишарди, ўша ҳақиқий демократия эди. Энди эса одам ўлдирган бир йилда, пора олган олти ойда турмадан чиқиб келаяпти. Қизингга ўхшаганларга жамиятнинг кучи етмай қолди, жўра. Лекин мену сенда ҳали виждон деган нарса бор, шукр, ота-боболаримизнинг қони бор танамизда. Шунинг учун қизинга Каттақўғонданми, Самарқандданми, кичикроқ уй олиб бер, қишлоқдагиларнинг кўзидан нари юрсин, рўзғор ташвишида ишлаб, балки пушаймонликдан кўзи очилиб, хатосини тушуниб, вақти келиб қайтар. Бу иш виждонимизга ҳам, қонунимизга ҳам тўғри келади. Яна ўзинг биласан….

Облоқул Иброҳимнинг барча гапларини эшитишга эшитди, аммо ҳаётида ишдан кетган раиснинг аламли гаплари унинг қулоғидан эмас, гўё духтурнинг нинасидай бутун вужуди бўйлаб танасига ўйиб киргандек бўлди. Карахтга ҳам ўхшамайди, чунки миясида турли фикрлар юрипти, ўзича жавоб бермоқчи бўлади, бироқ арзигулик гап тополмайди. Иброҳимдан кейин маҳалла идорасидан чиқаркан, Облоқул атрофдагилар ўзларини дарҳол четга олганликларини, ортидан бир-бирига нималардир деганиларини ич-ичидан сезди. Йўқ, у Иброҳимдан хафа бўлмади. Хафа бўлишга ҳаққи йўқ. Ўз муваффақиятсизлиги учун бировни ёмонлаш, ўз гуноҳини бировга тўнкаришдан осони йўқ, аммо ундан не фойда? Ҳар ким ўз тақдирига ўзи жавоб бериши керак…

Шу хаёллар билан ҳовлисига кирганини ҳам сезмай қолди. Хотини Робиянинг гапи уни ўзига келтирди:

– Гаплашдингизми, маълумотнома бераман дедими жўрангиз?

Облақул жавоб беришни истамади, аниқроғи, гапирадиган ҳолатда эмас эди. Уйга кирди, орқасидан хотини эргашди. Танчага ўтиргач, чойнакдаги совиган чойдан пиёлага қуйиб, симириб ичгач, тилга кирди.

– Менга қара, хотин, ке, қўй, бировларгаям, давлатгаям даъво қилиб юрмаймиз. Ўзимиз пиширган ошни ўзимиз еймиз. Мен Собир жиянга тайинладим, эрталаб юк машинаси билан келади. Каттақўрғонлик жўрам билан гаплашдим, домда икки хонали уйи бор, ҳозир бўш экан, кейин сотаман, деди. Эрталаб нарсаларини ортиб, бирга борамиз, жойлаштириб қайтамиз. Агар истасанг, бирор жойга ишга киргунча бир-икки ой биргаликда болаларига қарашиб турасан. Мен келтирган пулнинг ҳам ярмини ўзинг билан ол.

Робия эрининг бу гапидан кейин ўйланиб қолди. Ҳойнаҳой, аммаси Зайнаб хола кечаги илтимосидан сўнг бир нарса деган кўринади. Чунки хотининг туришидан тақдирига тан бериш кайфияти сезилиб турарди. Анча жим қолишди. Робия секин сўради:

– Сиз-чи?

– Мен…

У ҳеч нарса демади. Фақат оғриғи борган сайин кучайиб бораётган кўкрагини силаб қўйди.

Фармон Тошев.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan