Бош саҳифа / Таълим / Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси

Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси

Халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган фан ўқитувчилари орасидан илғор, ижодкор, ташаббускор, фидойи ўқитувчиларни аниқлаш,  ўқув-тарбия жараёнида инновацион технологиялардан унумли фойдаланиб, самарали натижаларга эришаётган устозларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида ўтказилаётган «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» танловининг биология фани бўйича республика босқичи Термиз шаҳрида бўлиб ўтди.

Танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун воҳамизга вилоятлардан 14 нафар биология фани ўқитувчиси ҳамда 14 нафар ҳакамлар  ҳайъати аъзолари ташриф буюришган. Танлов иштирокчиларининг дам олишлари ва танловга тайёрланишлари учун барча шарт-шароит яратилиб, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида  Ҳаким ат Термизий зиёратгоҳи, Фаёзтепа тарихий обидаси, Султон Саодат мақбараси, вилоят археология музейи, янги ахборот кутубхона маркази, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказига саёҳатлар уюштирилди. Кечки дам олиш вақтлари таниқли санъаткорлар томонидан концерт дастурлари намойиш этилди.

Дастлабки кун танлов иштирокчилари «Энг яхши очиқ дарс ишланмаси»ни тайёрлаш бўйича беллашди. Шу куннинг ўзида танловнинг иккинчи шарти бўйича иштирокчиларнинг эришган ютуқлари ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганиб чиқилиб, баҳоланди.

15-16 май куни бўлиб ўтган танловнинг 3-турида иштирокчилар қуръа ташлаш йўли билан танланган синфларда 45 дақиқалик дарс машғулотларини ўтишди. Уч тур бўйича 41 ва ундан юқори балл тўплаган иштирокчилар танловнинг тўртинчи босқичига ўтишди.

Танловнинг 4-турида  онлайн тест  асосида барча бос- қичларда муваффақият қозонган қатнашчилар билимларини синовдан ўтказди. 4 та тур бўйича 76 ва ундан юқори балл тўплаган Бухоро вилояти Бухоро тумани 35-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Қанбар Болтаева биринчи ўринга, вилоятимиз вакили — Узун тумани 3-ихтисослашган умумтаълим мактаб-интернати ўқитувчиси Музаффар Ражабов иккинчи ўринга, Андижон вилояти Шаҳрихон тумани 53-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилбар Ғуломова учинчи ўринга сазовор бўлишди. Ғолиблар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланиб, Халқ таълими аълочиси кўкрак нишонига тавсия этилди.

— Биз каби ўқитувчилар учун яратилаётган шароит ва бу каби танловлардан ўзимга куч олаяпман, — дейди Қанбар Болтаева. — Аввало, танлов ташкилотчиларига раҳмат дейман. Улар бизни иззат-икром билан кутиб олди. Келгуси фаолиятим учун кўплаб тажриба тўпладим. Ҳар бир вилоятдан келган касбдошимдан битта бўлса ҳам янги педагогик технологияни ўзлаштиришга ҳаракат қилдим. Ушбу кўрик-танловда биринчи ўринни олиш мен учун орзу эди. Бугун ана шу орзуим ушалганидан беҳад хурсандман.

Ушбу кўрик-танлов нафақат билимлар беллашуви сифатида, балки республикамиздаги энг илғор ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашиш имкониятини кенгайтиргани билан аҳамиятли бўлди.

Алиёр РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

TARBIYA VA SAVIYA

“Gapni gapir uqqanga” degan donishmandlar. Donishlar teran ildizga egaki, uning aslini ham ko‘pchilik bilmaydi. Aytilgan …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan