Бош саҳифа / Жамият / Фаол ёшларнинг таклифлари тингланди

Фаол ёшларнинг таклифлари тингланди

Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказида вилоят ҳокими Т.Боболов Ёшлар парламенти аъзолари ва воҳадаги 60 та сектор ҳудудида яшайдиган энг фаол ёшлар билан учрашди.

Айни пайтда вилоятда 500 мингга яқин 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қиз истиқомат қилмоқда. Ҳозиргача “маҳаллабай” режаси орқали уйма-уй юрилиб, уларнинг 421 мингтаси рўйхатга олинди. 88 мингдан зиёд ёш “Темир дафтар”га киритилди.

– Президентимизнинг ёшларга кўрсатаётган эътиборида чуқур маъно бор, – деди вилоят ҳокими. – Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида “Ҳар бир ёш ҳақида ота-онаси қандай қайғурса, мен ҳам шундай қайғураман”, дея бежиз айтмади. Энг муҳими – сизларнинг қалбларингиз тоза. Ҳалол меҳнатга, янгиликларга ташна, адолатсизлик билан муроса қилмайсиз. Сизлардек йигит-қизларнинг шижоатингизга ишонса бўлади. Лекин, шиддат билан ўзгараётган ҳозирги замонда иродаси суст тенгдошингиз миллатимизга хос бўлмаган йўлдан ҳам кетиб қолиши, адашиши мумкин. Албатта, бундай ёшларни ҳам сизлар тўғри йўлга етаклашингизга ишонамиз. Шунинг учун ҳам мен жойлардаги энг яқин кўмакчим сифатида сизларни танлаганман. Бугун юртимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ёшларга қандай етказилмоқда? Секторлар ёшлар билан қандай ишлаяпти? Президентимиз раислигида шу йил 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилиши қай аҳволда? “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган тенгдошларингиз билан “маҳаллабай” тизимида қандай ишланмоқда? Ана шунга ўхшаш муҳим саволлар ечимини топиш, вазифалар ижросини таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликларни сиз, зийрак ва фаол ёшлар яхши биласиз. Шу масалада мен сизларни эшитишга ҳамиша тайёрман. Мен, вилоят раҳбари сифатида ёшлар ўртага ташлайдиган барча масалаларни ечиб беришга тайёрман.

Учрашувда фаол ёшларнинг таклиф ва истаклари тингланди. Секторларда йўл қўйилаётган камчилик ва муаммоларни вилоят ҳокими билан биргаликда ечиш, бартараф этиш йўллари изланди. Шу мақсадда вилоят раҳбарининг махсус телеграм каналини ташкил этиб, ёшлар унга ҳудуддаги камчилик ва муаммолар, ечимини кутаётган масалаларни киритиб бориш таклифи илгари сурилди.

– Майли, ёшлар муаммолари билан бирга дейлик, жойларда фермерлар йўл қўяётган камчиликларни илғасангиз, уни ҳам ёзиб юборинг, – деди Т.Боболов. – Ҳали ҳам жойларда менга қачон давлат ёрдам берар экан, деб ночорлик гирдобида турган одамларимиз йўқ эмас. Уларни ҳам холисона ўрганиб, таклифларингизни билдиринг. Яқинда вилоят секторлари раҳбарлари билан маҳаллаларни бирма-бир айланиб чиқдик. Муаммо ва камчиликларимиз етарли. Фақат таъмагирлик қилмаслик керак. Бу ишнинг охири бир кунмас, бир кун “вой” бўлади. Биламан, секторда айланиб юришнинг ўзи бўлмайди. Бу масаланинг ечимини топиб берамиз. Энг муҳими иккиланмай камчиликларни менга етказинг. Ўзим гаплашаман. Қани, бу усулни бир қўллаб кўрайликчи, натижаси қандай бўлар экан?

Учрашувда фаол ёшлар томонидан ўртага ташланган кўплаб таклиф ва ғоялар тингланди. Жумладан, олий ўқув юртида таҳсил олаётган аълочи талабаларнинг амалиёти чекка ҳудудларга кўчирилиши орқали ўша ҳудуд ёшларини фаолликка чорлаш, “Давлат дастури билимдони” кўрик-танлови ўтказилиб, давлат дастурида белгиланган вазифалар қай даражада амалга оширилаётгани ҳақида кенг жамоатчилик вакилларининг диққатини тортиш, Термиз—Узун йўналиши бўйича қатнайдиган поездда доим йўловчилар кўплигидан тиқилинч бўлгани боис дам олиш кунлари ва душанбада яна қўшимча вагонлар қўшиш каби таклиф айтилди.  

  • Икки буюк аллома Имом Термизий ҳамда Ҳаким Термизий

қолдирган катта маънавий меъросни ўрганиш, ундан баҳраманд бўлиш имконига эгамиз, — дейди илмий-тадқиқот маркази матбуот котиби Б.Каримов. — Биргина Ҳаким Термизийнинг ажойиб психолог эканлигини кўришимиз мумкин. Улар яратган таълимот, ёзган асарлардан ёшларимизни хабардор қилишимиз уларнинг маънан юксалишида қилинган самарали уриниш бўлади, албатта. Буни кўпчиликка оммавий равишда ёйишимиз, бунинг учун эса медиа марказ ташкил этиб, ҳафтада бир марта Термизийлар ҳақида кўрсатувлар, эшиттиришлар тайёрлаб, телевидение орқали бериб борилса, масқадга мувофиқ бўларди.

Тадбир якунида иштирокчилар пойтахтга бориб, тошкентлик ёшларга яратилаётган шароитларни кўриш, фаол тенгдошлари билан ўзаро тажриба алмашиб қайтишга келишиб олди.

Ф.Умидуллаева

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Vaksina vahimasi

Bir necha yillardan buyon butun dunyoni tashvishga solgan, jamiyat hayotining barcha jabhalariga birday jabr ko‘rsatgan, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan