Бош саҳифа / Жамият / Депутат вазифасини тўла англайдими?

Депутат вазифасини тўла англайдими?

Депутатликка сайланган одам қачонки ўз вазифасини тўла-тўкис англаб етсагина у ўзига берилган ваколат ва мақомдан тўғри фойдалана олади. Ўзига тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қила олади. Лекин, бугун депутат сифатида сайланган вакилларимизнинг ҳаммаси ҳақида ҳам шундай фикр билдира оламизми? Таассуфки йўқ.

Беш қўл баробар эмаску, дея бироз силлиқлаш мумкиндир. Лекин, назаримизда, бу  иборани халқ вакилларига нисбатан қўллаш бироз тўғри бўлмайди. Чунки одамлар ишончини суиистеъмол қилиш, уларнинг тақдирига бефарқ бўлиш ярамайди.

Яқинда ана шу масалага ечим топиш мақсадида Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини тўғри ва самарали  ташкил этиш масалалари бўйича услубий қўлланма яратилди. Мазкур қўлланма Олий Мажлис Сенати, Давлат хизматлари агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган лойиҳа доирасида ишлаб чиқилди. Термиз шаҳридаги “Матбуот уйи”да бўлиб ўтган йиғилишда қўлланманинг тақдимоти ўтказилди. Унда Олий Мажлис Сенати девони мудири Қувондиқ Муқимов, вилоятдаги Сенат аъзолари, вилоят Кенгаши депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар котибият мудирлари иштирок этди.

— “Маҳаллий кенгаш депутати кутубхонаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган услубий қўлланма 6,5 мингдан ортиқ халқ вакиллари учун муҳим дастур бўлиб хизмат қилади, — дейди Олий Мажлис Сенати девони мудири Қувондиқ Муқимов. — Унда депутатлик сўровини юбориш тартибидан тортиб маҳаллий кенгашлар, кенгашнинг доимий комиссиялари ишини ташкил этишга  оид зарур маълумотлар киритилган.

Дарвоқе, депутатлик сўровини юборишнинг ҳам ўз тартиб-таомили бор. Аксарият сўровларда кўтарилган масалаларнинг фақат қоғозда қолиб кетиши айнан унинг мазмун-моҳияти ва масаланинг қандай қўйилгани билан боғлиқдир. Ёки бўлмаса, маҳаллий кенгашлар сессияларини чақириш, улар билан боғлиқ ҳужжатларни тузишда айрим хатоликларга йўл қўйиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Ваҳоланки, булар олиб борилган мониторинг натижаларида ҳам акс этмоқда. Шу боис, мазкур қўлланма ана шу камчиликларга, депутатлар билан турли корхона, ташкилотлар раҳбарлари ўртасида юзага келаётган тушунмовчиликларга барҳам беради. Тақдимотда қўлланманинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борар экан кўпчиликни ўйлантираётган ана шу масалаларга ҳам тўхтаб ўтилди.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Vaksina vahimasi

Bir necha yillardan buyon butun dunyoni tashvishga solgan, jamiyat hayotining barcha jabhalariga birday jabr ko‘rsatgan, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan