Бош саҳифа / Жамият / Чўққидаги одам

Чўққидаги одам

Йўл… Олисдан бир нуқтага ўхшаб кўринади. Ана шу йўлларда бугуннинг одами, давр қаҳрамонлари билан тўқнашамиз, юзлашамиз… Бу гал тўқнаш келганимиз — “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Термиз темир йўл бирлашган шифохонаси бош шифокори Чори Қурбонов ҳам узоқ йиллар тиббиёт соҳасида не-не машаққатли йўллардан одимлаб, унинг минг бир чиғириқларидан хатлаб ўтган матонатли инсондир.

7 ака-уканинг ичида тиришқоқлиги, ғайратлилиги билан ажралиб турадиган Чорининг абитуриент бўлиб юрган вақтида тоби қочади. Шифохонама-шифохона югургилаб анча сарсон бўлгач, кўнглида “Яхшиси, шифокор бўлиб, одамларни даволайман, уларни сарсон қилиб қийнамайман” деган ният уйғонади. Кўнглига солгандек у 1980 йил Самарқанд тиббиёт инстиутига ўқишга киради. Узоқ вақт устозларидан тиб сирларини ўрганган қаҳрамонимиз олий ўқув юртини имтиёзли диплом билан тамомлагач, Сурхондарёга қайтади ва шу ерда офтольмолог шифокор сифатида одамларнинг кўзига нур бағишлаш учун бор билими, тажрибасини ишга солади.

— Албатта, одамлар меҳрини қозониш осон иш эмас, бунинг учун самимийлик билан бирга сабр-тоқат ҳам керак кишига, — дейди Чори Қурбонов. — Шифокорга эса одамлар нажот излаб келади, фақат аниқ ташхис қўйиб, уни даволаш учун беморга тўғри йўналиш бера олган мутахассис ўз вазифасини тўлақонли бажара олган бўлади. Шу тариқа беморларининг ҳам кўнглидан жой олади.

Вилоятимиз ҳудудидаги темир йўллардан ўтаётган поездларҳаракати хавфсизлигини тиббий таъминлаш, темир йўлда ишлаётган ходимларнинг саломатлигига масъул бўлиш осон иш эмас. Юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббий кўрикларни мунтазам равишда ўтказиб туриш, янги тиббиёт технологияси ҳамда услубларини татбиқ қилишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун қатъий иш тартиби, тажриба ва ўз касбига бўлган муҳаббат ва фидойилик керак. Эрта тонгданоқ тиббиёт муассасига ошиқадиган қаҳрамонимизда ана шу фазилатларнинг бари мужассам.

Қарийб 18 йилдан бери шу муассасасини бошқараётган Чори Қурбонов бу ерга тайинланганида ҳатто шифохонанинг биноси мавжуд эмасди. Аммо, меҳнатнинг тафтида ўсган шифокор бундан нолиб ўтирмади. Шифохона учун шаҳар ҳудудидан жой ажратилгач, бино қуриш ишларини бошлаб юборди. Шифохонанинг барча қулайликларга эга ҳолга келиши учун умрини, кучини сарфлади. Бундан ташқари, қаҳрамонимиз 2004-2007 йилларда олиб борилган “Тошғузор-Бойсун-Қумқўрғон”, 2010 йилда бошланган Хайратон-Мозори Шариф темир йўлини қуриш давомида темир йўл бирлашган шифохонаси тасарруфидаги тиббий масканларда ишчи-ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш, ишга қабул қилиш, касаллик аниқланганларини даволаш каби ишларга ўзи бош-қош бўлди. –

— Ҳалолнинг боши қилдай бўлса ҳам томири тоғдай бўлади, деган ҳикматни кўп уқтиришган, — дейди Чори Қурбонов. — Шу ўгитни шиор қилиб, кам бўлмадим. Бу эса мени кўзлаган манзим сари етаклади.

Ҳаёт синовларга бой. Тақдир кимнидир эзгу иши, ҳалоллиги учун мукофотласа, кимнидир нафс йўлида нопоклик қилгани учун аёвсиз жазолайди. Ҳар не бўлганда ҳам инсон қатъиятли, матонатли пок виждон ва иймонда собит туриб, синовларни енгса, албатта муродига етади. Чори Қурбонов танлаган йўл ҳам уни кўзлаган манзили сари етаклади. У нафақат катта тажриба орттирди, балки кўплаб шогирдлар ҳам етиштирди. Муҳими, бу ҳаракатлар зое кетмади. 2021 йил қаҳрамонимиз “Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак-нишони билан тақдирланди.  

Яна бир туҳфаки, тақдир уни аҳил оила ва ота изидан борган ажойиб фарзандлар билан сийлади. Ҳа, бугун Чори Қурбоновнинг кичик ўғли Жамшид Шаймаматов тиббиёт институтини тамомлади, у ҳам отаси сингари кўз шифокори бўлди. Қизи Ҳулкар ҳам шу соҳани танлади. Катта ўғли Умид эса тақдирини ҳарбийликка боғлади ва бугун ўз бурчини ўтамоқда. Уларни оталаридек илмли, ҳалол ва тўғрисўз қилиб тарбиялашда турмуш ўртоғи Замира Боймированинг меҳнатлари катта. Кўп йиллар Термиз шаҳридаги оилавий поликлиникада отолоринголог бўлиб ишлаган Замира опа бугун умрйўлдоши Чори Қурбонов билан бирга меҳнатларининг мевасини кўришмоқда.

— Бахт хоҳлаган ишингни истаган пайтда қилишингда эмас, бугунги кун қадрини меҳнатинг билан оқлашингдадир, — дейди Чори Қурбонов. —Танлаган касбим менга ана шу ҳақиқатни англашимга ёрдам берди. Бугун фарзандларим ҳам шу йўлни танлашганида уларга ҳар бир ишга шундай масъулият билан ёндашиши, касбини севиши ва ўз устида тинимсиз изланиши кераклигини уқтираман. Зеро, яхши мутахассис бўлиш анчагина меҳнат ва машаққат талаб этади кишидан.

Ўзини англамоқчи бўлган инсон ҳар бир ўтаётган вақтини, қилган амалларини таҳлил қилиб боради, ўз-ўзини тафтиш қилади, ўз-ўзига савол бериб яшайди. Ва бу саволларга жавоб топиш асносида хатоларини англайди, ҳар амали, ҳаракатидан хулосалар чиқаради. Ўз устида ишлаб, фикрини чархлаб боради. Қаҳрамонимиз ҳам бу одатлардан чекинмаган ҳолда мутолаадан тўхташ — фикрлашдан тўхташдир, деган ақидага амал қилиб яшайди. Суҳбат чоғида иш столи устида турган “Ёлғонлар шаҳри” номли китоб эътиборимни тортгани ҳамоно суҳбат мутолаа завқига уланар экан у кишининг китобсевар эканликларини фаҳмладик. Ҳар ониники сарҳисоб этиб яшовчи инсоннинг олган ҳаётий хулосаларидан эса биз ҳам завқ олдик.

Одатда чўққи бошида турган одамга ҳавас қиламиз. Минг қилсаям, у биздан юксакда, деймиз. Аммо ана шу юкакликкача бўлган йўлни босиб ўтмоқлик учун қадамлар темирдан, иродамиз метиндан, мақсад эса тоғлардай вазмин, барқарор бўлиши керак. ЧориҚурбоновнинг босиб ўтган ҳаёт йўлига назар ташлаб, шахсиятида худди ана шу хусусиятларни кўрамиз. Бироқ, бу чўққига етгунига қадар осон бўлмагани аниқ.

Феруза Раҳмонқулова

   

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Деновдаги 81-мактабга электрон доска ҳадя қилинди

O’zLiDeP Денов тумани Кенгаши депутати С.Рашидова «Қуёшли юрт» маҳалласидан сайланган. Бугунга қадар депутат маҳалладаги кўплаб …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan