Бош саҳифа / Таълим / Чала қолган спорт мактаби қачон битказилади?

Чала қолган спорт мактаби қачон битказилади?

Аҳолини қийнаётган муаммоларни эшитиш билан бирга, уларни жойига бориб ўрганганда ҳолат янада равшанлашиши бор гап. Сурхондарё вилоятида ҳам O’zLiDeP туман Кенгаши депутатлари айни шу ақидага амал қилган ҳолда ҳудудларда одамларни тинглаб, уларнинг муаммоларига ечим топишга бел боғлашган. Мазкур ташаббус партиянинг “Депутат маҳаллаларда” лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ангор туман Кенгаши депутати Шоира Қўзиева «Шарқ гули» маҳалласидаги хонадонларда бўлди. У ерда электр энергияси, табиий газ таъминоти, ичимлик суви, ички йўлларни таъмирлаш ҳамда ишга жойлаштириш бўйича аҳолининг мурожаатларини батафсил ўрганди. Одамлар билан яқиндан мулоқот қилган ҳолда, уларга ечим топишда ҳамфикр бўлди. Шундан сўнг, дастлаб, мурожаат қилганлар орасидан икки нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. Қолган мурожаатлар бўйича депутатлик сўровлари чиқарилди.

O’zLiDeP Денов туман Кенгаши Онар Ниязов ҳам тумандаги “Қўзичоқли, «Хўжахалқи» маҳаллалари фуқаролари учун сайёр қабул ўтказди.

— Ҳудудда жойлашган 23-умумтаълим мактабида бундан тўрт йил аввал спорт зали қурилиши бошланиб, охирига етказилмай қолиб кетган, — дейди ЎзЛиДеП Денов туман Кенгаши депутати Онар Ниязов. — Қолаверса, маҳаллалар болалари таҳсил оладиган 29- ҳамда 68-умумтаълим мактабларида ҳам спорт зал мавжуд эмаслиги ойдинлашди. Бу масала юзасидан туман ҳокимига мурожаат қилгандик, Рустам Пардаевнинг ўзи келиб, ҳолатни кўриб кетди ва ечими бўйича амалий ишга киришилишини билдирди.

Сайёр қабул жараёнида яна ичимлик суви, эскирган электр сим ёғочларни янгиларига алмаштириш, транформатор ўрнатиш ва ички йўллар таъмири масалалари юзасидан ҳам мурожаат қилинди. Улар бўйича депутат туман ҳокимлигига ҳамда бошқа мутасадди ташкилотларга сўровлар юборди.

— Яна бир муаммо бор, — дейди Онар Ниязов. — Айни шу маҳаллаларга тез ёрдам машинаси келмайди. Бу масала туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи билан ҳудудга яқин қишлоқ оилавий поликлиникасига бириктириш орқали ҳал этилади.

Денов туманидаги «Навниҳол», «Обод турмуш» маҳалласи фуқаролари Н.Хабибуллаева, Д.Ярова, Н.Содиқова, О.Хайиталиеваларнинг касб-ҳунар эгаллаш истаги борлигини билдиришганда туман кенгаши депутати А.Холматов уларни «Темир дафтар»га рўйхатга киришига яқиндан ёрдам берди.

ЎзЛиДеП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

5 август куни ОТМга кириш имтиҳонлари бошланади

Бу йилги тест синовлари икки сменада ўтказилади: 1-смена 07:00 да, 2-смена 19:00 да Surxondaryo viloyatida …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan