Бош саҳифа / Жамият / Бизлар оға-инимиз

Бизлар оға-инимиз

Таҳририятимизга қўшни Тожикистондан меҳмон ташриф буюрди. Узун бўйли, қотмадан келган, сочларига оқ оралаган, кўкрагига “Матбуот аълочиси” деган нишон таққан ҳамкасбимизнинг салом-аликдан сўнг, кўзларида қувонч ёшлари йилтиради.

— Ниҳоят, 28 йилдан сўнг яна қадим ва муқаддас Термиз шаҳрига келиш насиб этди. Биласизми, бизнинг жигарларимиз мана шу заминда туғилиб катта бўлишган, — дейди Тожикистоннинг Хатлон вилоятидан келган Неъмат Муҳаммад Саид. — Биз вилоятингиз раҳбарлари, зиёлилари билан яхши дўстона ва маданий алоқада эдик. 1991 йил Тожикистонда биринчилардан бўлиб, ўзбек маданият марказини ташкил қилдик. Унда республикангиз ҳукумат вакиллари, Сурхондарё телевидениеси ҳам иштирок этганди. Биз “Дўстлик ришталари” номли қўшма телекўрсатув ташкил қилдик. Биринчи бўлиб, қубодиёнлик меҳнат қаҳрамонлари, эр-хотин  Эшмурод ва Ҳайитноз Бобогуловлар ҳақида телеочерк ишланиб, Тожикистон ва Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилди. Афсуски, Тожикистондаги фуқаролар уруши туфайли алоқаларимиз узилиб қолди.

Неъматулла Мамасаидов Қубодиён туманининг Лайлакуя қишлоғида 1947 йилда туғилган. Аввал ўқитувчилик қилган. Ҳарбий хизматни ўтагач, Ленинобод педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти бўлимини тугатган. Бир муддат Шаҳритуз  туман газетасида адабий ходим, бўлим мудири сифатида ишлаб юрган пайтларида янги Қубодиён тумани ташкил этилади. Неъматулла Мамасаидов райком йўриқчиси, мафкура бўлим мудири ва биринчи котиб вазифаларида ишлаган. У қаерда бўлмасин, маданият, маънавият, миллий қадриятларни тарғиб ва ташвиқ қилишни ўзининг асосий шио ри деб билган. Мураббийлик, раҳбарлик билан бирга Неъмат Муҳаммад Саид тахаллуси билан ижодкорлик фаолиятини ҳам олиб борди. Унинг “Умид шуълалари”, “Қубодиёндаги қатл”, “Сахбо”, “Тафаккур жилолари”, “Пешво”, “Илҳом эҳсони” каби назмий ва насрий китоблари аллақачон ўқувчиларнинг маънавий мулкига айланган.

У киши улуғ бобомиз Амир Темур ҳақида яқиндагина ёзиб тугатган “Соҳибқироннинг туғилиши” достонини қўлимга тутқазганда ғурурланиб кетдим. Қўлёзмани бошдан оёқ кўздан кечириб, асарнинг равонлиги, бадиий жиҳатдан тўлақонлилиги, тарихий воқеалар талқинининг самимийлиги ва холисоналиги, энг муҳими, халқона, ширали тилда ёзилганлиги мени қувонтирди.

Неъмат Муҳаммад Саид менга 400 саҳифалик “Сўзнинг рангин жилолари” номли китобни ҳадя қилди. Унда Неъматулла ака ташаббуси билан Хатлон вилоятида ижод қилаётган 69 нафар миллатдошларимизнинг ижодидан намуналар тўпланган ва улар ҳақида қисқача маълумот берилган.

— Бу жамоа тўпламини чоп этиш, тегишли маълумот ва материалларни тўплаш осон кечмади, — дейди Неъмат Муҳаммад Саид. — Бизнинг вилоятимизда яшаётган ўзбек ижодкорлари фаолиятидан кўпчиликни хабардор қилиш истаги мени анчадан буён ўйлантириб келарди. Яратганга шукур, бу ниятим ҳам амалга ошди.

Суҳбат асносида у киши бир пайтлар “Сурхон тонги” таҳририятига ҳам бир неча бор меҳмон бўлганлигини эсладим. Бундан ташқари, Неъмат аканинг ижод намуналарини “Муштум”, “Мухбир”, “Гулистон” журналларида ўқиганлигимни хотирладим. Неъматулла ҳожи 80 га қараб кетаётган бўлсада, ҳали йигитлардай бақувват, ўта сергак, нозик таъбли ижодкор.

— Бизнинг вилоятимизда қадимдан икки миллат вакиллари ён қўшни-жон қўшни бўлиб яшаб келишган. Ҳозир ҳам шундай. Улар эт ва тирноқ бўлиб кетган, — дейди меҳмон ғурурланиб. — Уларни ажратиш мумкин эмас. Бизнинг тоғаларимиз, амакиларимиз, холаларимиз Сурхон диёрида яшашади. Биз икки эл, икки мамлакат фарзандимиз. Қай бири ҳақида ёмон гапирилса, сўнгакларимиз қақшаб, юрагимиз зирқирайди.

Икки кундан буён муборак юртингизни айланаман, шунчалик қурилиш, яратувчанлик ишлари кўпки, бошинг айланиб кетади. Мухтасар айтганда, сизларнинг юртингизга Аллоҳ назари тушган. Илоҳим Ш. Мирзиёевнинг умри узоқ, бунёдкорлиги бардавом бўлсин. Узилиб қолган минг йиллик ришталарни боғлади. Шу маънода ҳам барча тожикистонликлар у кишини туну кун дуо қилишади.

Биз меҳмон билан қанчалик  суҳбатлашмайлик, айтилмоқчи бўлган дил сўзлари ва шукроналар тугамасди. Ниҳоят, у кишининг қайтиш вақти бўлганлигини огоҳлантириб, ҳамроҳлари қўнғироқ қилиб қолди. Биз хонадан чиқиб, такси тўхтатдик. Оға-инидек қучоқлашган, ижодкор Неъмат Муҳаммад Саид “Биз хайрлашмаймиз. Тинчлик, омонликда яна кўришгунча” дея Тожикистон сари равона бўлди. Икки халқ, икки миллат дўстлиги, ҳамкорлиги, меҳр-оқибати ҳақида сўзлаб, ёзиб, тугатиб бўлмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Чунки бизлар оға-инилармиз.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Vaksina vahimasi

Bir necha yillardan buyon butun dunyoni tashvishga solgan, jamiyat hayotining barcha jabhalariga birday jabr ko‘rsatgan, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan