Бош саҳифа / Спорт / Бирлашган куч — куч

Бирлашган куч — куч

Арқон тортиш ўйинида кучингизни синаб кўрганмисиз? Қувноқ стартлар ўйинларидачи? Агар синаб кўрмаган бўлсангиз, уларни оила аъзоларингиз билан бирга машқ қилиб кўришни тавсия қиламан. Шунда оммалашиб бораётган оилавий, жамоавий спорт мусобақаларида рақибингиздан ортда қолмайсиз, аксинча доим ғолибларга аталган шоҳсупадан ўрин оласиз.

Термиз халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш батальони ҳарбий хизматчилари ўртасида ўтказилган «Ота-онам ва мен спортчи» номли тадбирда чиниққанлар анча сараланиб қолишди. Ахир мунтазам спорт билан шуғулланиш нафақат соғлигимизга, балки ана шундай беллашувларда ҳам бизга фойда келтиради.

Эрта тонгданоқ ҳарбий қисм ҳовлисида хизматчиларнинг оила аъзолари, фарзандлари жам бўлишди. Улар учун ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, турли кўнгилочар ўйинлар ташкил этилди. Мусобақа эса 5 та ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ўртасида бўлиб ўтди.

Дастлаб, копток ўйнатиб югуриш, қошиқ ёрдамида шарчаларни идишга тўлдириш ва арқон тортиш бўйича ҳар бир оила аъзолари ўзаро беллашишди. Бунда оила аъзоларининг чаққон ва эпчиллиги, тез югура олиши синовдан ўтказилди. Уларнинг ҳаракатларини ҳакамлар ҳайъати кузатиб бориб, баҳолашди.

— Фарзандларим билан биргаликда мунтазам равишда эрталабки бадантарбия машқларини канда қилмаймиз, — дейди батальон 2-қўриқлаш взводи сафдори Озодбек Матмуродов. — Шу боис, бугунги мусобақадаги шартларда қўлимиз анча баланд келди ва ғолибликни қўлга киритдик. Кучлилар баҳси – арқон тортишда ҳам оила аъзоларим менга яхшигина кўмакчи бўлишди. Куч бирликдан эканлигини бугун яна бир бор ҳис қилдим.

          — Мактабимизда карате ҳамда шахмат тўгарагига қатнайман, — дейди Жўрабек Алқоров. — Карате бўйича мусобақаларда ҳам иштирок этиб, фахрли ўринларни олганман. Бугунги мусобақада укам ва ота-онам ҳаммамиз биргаликда шартларни бажаришимиз қизиқарли бўлди. Иккинчи ўринни олган бўлсак-да, оила аъзоларим билан бирга курашганимиз менда бошқача таассурот уйғотди.

          Мусобақа натижаларига кўра, ғолиб бўлган оилавий жамоаларга батальон командири томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалар ҳамда ташаккурномалар топширилди.

Тадбирда махсус қисм отряди чиқишлари йиғилганларга манзур бўлди.

Мазкур тадбирдан аэропорт сарҳадларининг хавфсизлигини таъминлаётган ҳарбий қисм хизматчилари ҳамда уларнинг оила аъзоларини ҳам оммавий спортга жалб этиш, оилаларда соғлом муҳит ҳукмрон бўлишини таъминлаш каби эзгу мақсад кўзланган. Қолаверса, бу оилаларнинг ҳамжиҳатлигига ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Har bir yigitning uyida oti bo‘lsin”

‘‘Ot qadrini qaydan bilsin, ot minmagan erkaklar’’, deganida xonanda Toshpo‘lat Matkarimov nechog‘lik haq bo‘lganini bugun …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan