Бош саҳифа / Жамият / Ҳарбий музейга саёҳат

Ҳарбий музейга саёҳат

— Қачон манзилга етамиз, — дейди ўқувчилар уларга ҳамроҳлик қилаётган ўқитувчиларига савол назари билан боқар экан. — Ҳа, оз қолди…

Музработлик мактаб ўқувчилари анчадан буён ҳарбий музейга боришни режалаштирар, бу кунни орзиқиб кутишарди. Мана, ўша кун келди. Ўқувчилар минган саёҳат автобуси мактаб ҳовлисидан узоқлашиб, шитоб билан кетиб борарди. Орқа ўриндиқдаги болалар суҳбатига қулоқ тутаман.

— Мен офицер бўлишни орзу қиламан, — дейди ўқувчилардан бири. — Ҳарбий музейда бўлиш ҳам менга қизиқ. Негаки, у ерда тарих гавдаланади.

—    Музейда қандай экспонатлар бор экан-а?..

Мана шу каби саволлар, ўйлар билан қишлоқ болалари музейга боришмоқда. Йўл бўйи гурунглар қизғин. Ҳамма ўз орзулари билан. Автобуснинг манзилга етканини ўқувчилар сезишмай қолишди.

Саёҳат аввалида ўқувчилар ҳарбий қисмдаги Жалолиддин Мангуберди монументини бориб кўришди. Сўнгра, ҳарбий қисм хизматчиси Жаҳонгир Худойбердиев ўқувчиларни музей, у ерга қўйилган экспонатлар билан бирма-бир таништирди. Ҳарбий музейда ўрта асрларга оид қурол-яроғларнинг намуналари ҳам бор экан. Ўқувчилар уларнинг тарихи билан жуда қизиқишди. Ҳозирги замонавий қуроллар, уларнинг ишлаш ҳолати ҳақида кичик сержант Дилшод Алиев маълумот берди. Унинг айтишича, музейда сақланаётган қуроллар орасида давлатимиз чегаралари дахлсизлиги ва тинчлигимизни ҳимоя қилиш йўлида жон берган Ватан ҳимоячилари, довюрак ҳарбийларимиз ишлатган ҳарбий қуроллар ҳам бор экан.

Ўқувчилар айниқса, мустақиллик йилларида Қуролли Кучларимиз тизимида олиб борилган ислоҳотлар ҳақидаги гапларни тинглаб, жамланган экспонатларни мароқ билан томоша қилишди. Айнан шу бўлимда миллий армиямиз, унинг шаклланиши билан боғлиқ маълумотлар, офицерлар ва аскарларнинг ҳарбий кийимлари, жанговар қуроллари, ҳарбий қисмда аскарлар учун яратилган қулайликлар акс этган фотолавҳалар мавжуд.

Хуллас, ҳарбий музейга қилинган ўқувчиларнинг саёҳати таассуротларга бой бўлди. Дарслар бошланган куни саёҳатчи болаларнинг атрофида мактаб ўқувчилари яна қизғин суҳбат қуришар эди.

Жамшид НАЗАРОВ,

Музработ туманидаги 21-мактаб ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan