Бош саҳифа / Ҳуқуқ / 41 нафар МИБ ходими нега жавобгарликка тортилди?

41 нафар МИБ ходими нега жавобгарликка тортилди?

Таҳририятимизга “мажбурий ижро бюроси ходими пулимни ундириб бермаяпти” қабилидаги шикоятлар, мурожаатлар тез-тез бўлиб туради. Кимдир қайси бир танишига берган қарзини ундиролмай ҳалак бўлса, бошқа биров алимент пулини олиш ўйида югургилаб юрибди. Ҳар бошнинг бир ташвиши бўлгани каби одамлар орасида шундай ташвиш билан юрганлари қанча.

Шунга яраша Бюронинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари ходимлари томонидан суд қарорларини ижро қилиш бўйича елкасига юкланган режани, вазифани имкон қадар бажариб келишмоқда. Термиз шаҳридаги Матбуот уйида бошқарма томонидан журналистлар учун семинар ташкил этилди. Унда ўтган 4 ой мобайнида Бюро ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар кўлами ва сифатига бир қур назар ташланди.

  • Жумладан, жорий йилнинг 4 ойида давлат ижрочилари иш

юритувида бўлган жами 1 трлн. 921 млрд. 444,0 млн. сўмлик 160 939 та ижро ҳужжатлари юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилган,  — дейди Бюронинг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳамид Тоғаев. — Шундан 1 трлн. 303 млрд. 964,2 млн. сўмлик 78 048 та ижро ҳужжатлари тамомланган. Ижро ҳужжатлари бўйича асосий эътибор давлат фойдасига ундирувларга қаратилиб, 33 149 та ижро ҳужжатлари бўйича 223 млрд. 214,2 млн. сўм амалда ундирилган.

Алимент ва унга тенглаштирилган тўловлар ундируви билан боғлиқ
22 719 та ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, 1 166 та ҳужжат тамомланган. 1 май ҳолатига қолдиқ бўлиб ўтган 21 553 та ижро ҳужжати бўйича эса ижро ҳаракатлари давом этмоқда.

Қизиқ бир ҳолат бор. Яъни кўп ҳолатларда қарздорлиги мавжуд фуқароларнинг номида ҳеч қандай мол-мулк бўлмаса, Бюро ходими қонунга кўра, ижро ҳужжатини вақтинча тугатишга мажбур бўлади. Натижада жабрланган шахс пулини ёки мол-мулкининг ўрнини қоплатолмай қолиб кетаверади. Бундай вазиятда МИБ ходими ҳам ҳеч бир имконсиз қолиши табиий ҳол. Лекин, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 27-моддаси 3-қисмида даврий тўловларни ундириш тўғрисидаги (алиментлар ундириш, соғлиққа шикаст етказилгани оқибатидаги зарарни қоплаш тўғрисидаги ва шу каби ишларга доир) суд ҳужжатлари бўйича ижро ҳужжатлари тўловларни ундиришнинг белгиланган бутун даврида ўз кучини сақлаб қолиши белгилаб қўйилган. Бундай тартиб алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувларга нисбатан ҳам амал қилади.

Хўш бу нима дегани? Бу — номида ҳеч қандай мол-мулки мавжуд бўлмаган фуқаро ижро ҳужжати вақтинча тўхтатилганидан кейин мабодо номига бирор бир мол-мулк расмийлаштирадиган бўлса, ижро ҳужжати кучга киради ва ундирув ўша мол-мулкка қаратилади дегани. Фақат бунинг учун мурожаатчи қайта мурожаат қилиши лозим бўлади.

Энди савол туғилади, қарздорнинг номига янги мол-мулк расмийлаштирилганини мурожаатчи қандай билади? Ана шу масала шу пайтгача очиқ қолаётган эди. Матбуот анжуманида таъкидланишича, мана шунга ўхшаш ҳолатларга эндиликда махсус дастур орқали ойдинлик киритиш имконияти пайдо бўлади. Ҳозирда мол-мулкни аниқлаш учун электрон дастур амалиётга киритилган. Демак, бу бўйича манба бор. Фақат қарздорлиги бор фуқаролар рўйхати алоҳида дастурга киритиб қўйилади ва мол-мулк белгиланган тақдирда ҳам улар ўша базада автоматик равишда кўриниш беради ва ижро ҳужжати кучга киритилиб, янги расмийлаштирилган мол-мулк ундирувга қаратилади.  

Яна бир гап. Бошқарма фаолиятида асосий эътибор “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” махсус жамғармаларига ўтказиб бериладиган ундирувлар билан боғлиқ ҳужжатлар ижроси алоҳида назоратга олинган. Амалда ижроси таъминланган ижро ҳужжатлари бўйича ундирилган 4 млрд. 239,7 млн. сўм бошқарма органлари ҳисоб рақамларига келиб тушган бўлиб, ўз навбатида ушбу маблағнинг тенг ярми, 2 млрд. 119,9 млн. сўми мутаносиб равишда махсус дафтарлар жамғармаларига йўналтирилиши таъминланди. Бу йўналишда жорий йилнинг 4 ойида 8 млрд. 465,9 млн. сўм пул маблағи дафтарлар бўйича ташкил этилган махсус жамғармаларга ўтказилди.

Давлат ижрочиларининг қарори асосида 236 нафар ижро ҳужжатини ижро этмаган ва суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахсларга нисбатан ҳам 245,3 млн. сўм маъмурий жарималар қўлланилиб, шундан 124,6 млн. сўми ундирилди. Суриштирув соҳасида эса қайд этилган 11 та жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларнинг 1 таси терговга тегишлилиги бўйича бошқа органга юборилган бўлса, 10 таси бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Бюро томонидан Президент фармон ва фарорлари талабларини ҳамда Бюро фаолияти ҳақида маълумотларни кенг оммага етказиш мақсадида жойларда жами 1.197 та тарғибот тадбирлари ўтказилган бўлса, шундан, 304 таси оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилинган.

Шунингдек, Бюро ходимларининг хизмат вазифаларини лозим даражада бажаришлари назорат қилиб борилади. Унга кўра, вазифасини яхши уддалай олмаган ва “Касб одобномаси” талабларига риоя қилмаган жами 41 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган бўлса, ўз хизмат вазифасини виждонан бажарган 24 нафар ходим рағбатлантирилди.

Анжуманда ана шулар хусусида ҳам батафсил маълумот бериб ўтилди.  Тадбир сўнгида иштирокчиларга “Алимент ҳақида муҳим саволларга жавоблар” номли брошюра тарқатилди.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Intellektual mulk – himoyaga muhtoj

Prezidentimizning 2021-yil 28-yanvardagi “Intellektual mulk obyektlarini muhofaza qilish tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari to‘g‘risida”gi qarori natijasida intellektual …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan