Бош саҳифа / Жамият / Буюк Британия Қуролли Кучлари вазири бошчилигидаги делегация Термизга келди

Буюк Британия Қуролли Кучлари вазири бошчилигидаги делегация Термизга келди

Мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги мудофаа вазирининг парламентар ўринбосари, Қуролли кучлари вазири Жеймс Ҳиппи бошчилигидаги делегация Термиз шаҳрида бўлиб, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов билан учрашди.

Учрашувда вилоят раҳбари делегация аъзоларига ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, ўзбек-британия қўшма корхоналарининг фаолияти ва сармоя киритиш имкониятлари ҳақида сўз юритди.

Айни пайтда жанубдаги вилоятда Британия сармояси иштирокида 8 та корхона фаолият юритмоқда. 2018-2020 йилларда ҳудудга жалб этилган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг 106,2 миллион доллари ёки 22,6 фоизи британиялик сармоядорлар ҳиссасига тўғри келган. 2021-2023 йилларда воҳада Буюк Британия бизнес вакиллари иштирокида 248,5 миллион долларга тенг яна 7 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда.

Ўзбекистонни Афғонистон билан боғлаб турувчи Термиз – Ҳайратон кўприги ҳудудида давом этган самимий суҳбат чоғида икки мамлакатнинг чегарадош вилоятлари ўртасида ўрнатилган ўзаро ҳудудлараро ҳамкорлик алоқалари ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар хусусида фикр алмашилди.

Меҳмонлар “Айритом” чегара божхона постида яратилган замонавий шароитлар билан танишди. Чегара ҳудудда янги барпо этилаётган Термиз халқаро савдо маркази ва унда чет эллик ишбилармонлар учун яратиладиган қулайликлар ҳақида етарли маълумотга эга бўлди.

Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги мудофаа вазирининг парламентар ўринбосари, Қуролли кучлари вазири Жеймс Ҳиппи дўстона учрашув учун вилоят ҳокимига миннатдорлик билдирди.

Делегация аъзоларига Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Торлоу ҳамрохлик қилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Vaksina vahimasi

Bir necha yillardan buyon butun dunyoni tashvishga solgan, jamiyat hayotining barcha jabhalariga birday jabr ko‘rsatgan, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan