Бош саҳифа / Маданият / Зулфиянинг кичик издоши

Зулфиянинг кичик издоши

“Инсон ҳаётда бирор ишга қўл уришдан олдин вақтни тўғри тақсимлашни билиши керак”. Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчиси Мухлиса Шаймардонованинг ана шундай қатъий қоидаси бор.

Эндигина 14 ёшни қаршилаган Мухлисанинг ўз олдига қўйган мақсадларини  унинг  юз-кўзидан, теран фикрларидан пайқаш қийин эмас.

Мухлиса олти ёшиданоқ кашта тикишни бошлаган. Унга онаси Малика Шаймардонова ҳамда Термиз шаҳридаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари устозлик қилган. Бу ҳунарга астойдил меҳр қўйгач эса, бежирим кашта безакларига оид маълумотларни тўплаб, “Ўзбек миллий каштачилиги тарихидан намуналар” номли китобини чоп эттирди.

У бадиий асарлар ўқишни канда қилмайди. Айниқса, тарихий китоб- ларга меҳри баланд. Айни кунларда  Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” асарини мутолаа қилмоқда. Китоб ўқишнинг  фойдаси катта, албатта.  Унинг эришаётган ютуқларида китоблардан олган билим ва мулоҳазаларининг ҳиссаси беқиёс.

Мухлиса ёш бўлишига қарамай, қатор ютуқларни қўлга киритган. Жумладан, у 2016 йил “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг республика босқичида ҳамда театр актёрлиги йўналиши бўйича Муҳиддин Қори-Ёқубов номли республика кўрик-танловида ғолибликни қўлга киритган.

— Мухлиса расм чизишни ёқтиради, — дейди синф раҳбари Алимардон Қаршиев. — Шеъриятга қизиқиши баландлиги, фортепиано ва дуторни маромига етказиб чала олиши, каштачиликдаги иқтидори ўқувчи-ёшларга ўрнак бўла олади. Шундай иқтидорли ўқувчим борлигидан фахрланаман.

Албатта, изланиш ва меҳнатсеварлик, қолаверса, истеъдод муносиб баҳосини топмай қолмайди. Моҳир каштадўз ва истеъдодли қаҳрамонимиз жорий йилда амалий санъат йўналиши бўйича  Зулфия номидаги давлат мукофотига  лойиқ деб топилди.

— Юртбошимизнинг қўлидан давлат мукофотини олишдек  бахтга муяссар бўлдим, — дейди Мухлиса Шаймардонова. — Мен ўша пайтдаги ҳаяжонимни сўз билан таърифлаб беролмайман.  Келгусида эса тиккан кашталарим нафақат ўзбек халқининг қолаверса,  чет элликларнинг  ҳам қизиқишини оширади, деган умидда миллий каштачилик бўйича тадбиркорлик қилишни мақсад қилганман.

Мухлиса сингари жонкуяр, меҳнатсевар қизлар мамлакатимизда хотин-қизларга яратилаётган имконият ва берилаётган имтиёзларга муносиб жавоб бера олаётгани қувонарли ҳол.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ноанъанавий сабоқ

Милоддан аввалги II асрда Юнон-Бақтрия подшолиги чегара ҳудуди қандай ҳимоя қилинганини биласизми? Оғир ва енгил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan