Бош саҳифа / Жамият / Зомин ўйлари

Зомин ўйлари

Умрни дарёга ўхшатадилар. Ҳақиқатан, дарёлар гоҳ тўлиб-тошиб, ўзанига сиғмай оқса, гоҳ саёзлашиб, сокин бўлиб қолади. Маьлум вақт ўтиб, тоғларда кўз очган булоқлар, чашмалар ўзининг мусаффо, беғубор сувларини бу дарёга келиб қўшади.

Яна ҳайқиришлар, тўлиб-тошишлар, тўлқинларнинг тойга айланиб чопишлари бошланади. Инсон умрида ҳам, кўнглида ҳам, аслида, ана шундай ҳолат юз беради. Тоғларда булоқларнинг кўз очишига баҳор сабабчи бўлса, инсон     ҳаётидаги, юрагидаги янгиланишлар, юксалишлар ҳайратдан яралади. Биз — ёш қаламкашлар учун  республика ёш ижодкорлари “Зомин семинари” ана шундай янгиланишлар, ҳайратланишлар фасли — ижодий баҳоримиз ҳисобланади.

Семинарнинг очилиш маросимида Усмон Азим: “Истеъдод — одамга Аллоҳдан берилмас экан, ҳар қанча ҳаракат қилмасин, чиранмасин ундан ижодкор чиқмайди,” — деб айтиб ўтди. Бу фикрни давом эттирган Маҳмуд Тоир эса: “Сизларнинг барингиз нафақат умр, балки адабиёт деган улуғ йўлнинг остонасида турибсиз. Кўзланган манзил-мақсадга етгунга қадар турфа ўнқир-чўнқирлардан ўтиб боришингиз, минг бир синовларга дош беришингиз керак бўлади. Ораларингиздан баъзилар ортга қайтиши, баъзиларни эса бўронлар бошқа сўқмоқларга адаштириб кетиши мумкин. Фақат шуни биламанки, Худо юқтирган ҳақиқий истеъдод эгаларигина қилни қирқ ёриб, ўтда ёнмай, сувда чўкмай қутлуғ манзилга бора олади,” — дея таъкидлади. Ёзувчилар Назар Эшонқул, Исажон Султон,  Абдуқаюм Йўлдош, шоиралар Фарида Афрўз, Зулфия Мўминова, Мунаввара, Энахон Сиддиқова, таржимонлар Ойгул Суюндиқова, Муҳиддин Омон ва бошқалар иштирокида давом этган адабиёт сабоқлари биз ёш ижодкорлар ҳаётида унутилмас бўлиб муҳр ланди. “Истеъдоднинг юзага чиқишида, энг аввало, уни ўраб турган муҳит катта аҳамиятга эга, — деди Эшқобил Шукур. —  Боболаримиз айтган “Алпомиш”, “Гўрўғли”,  “Кунтуғмиш”  достонлари, момоларимиз айтган ўланлар  ҳаёт жумбоқларига очқич,  руҳимизни уйғотадиган, нурлантирадиган тенгсиз  тилсимдир. Сирожиддин  Саййид: Абдулла Орипов  бир пайтлар армон билан:

Икки дарё оралиғида,
Қолиб кетди менинг овозим…

деб ёзган дардларини сизлар — ёш таржимонлар, шоирлар, ёзувчилар, драматурглар, умуман, адабиётга янги бир сўз айтаман деб кириб келаётган ижодкорлар юракдан ҳис қилиб, дунё адабиёти билан беллаша оладиган асарлар яратасизлар, — дея бизларга катта ишонч билдирди. Бу ёзувчилар, шоирлар, драматургларнинг ҳар бир айтган сўзи адабиёт қуёшидан таралаётган нурдай кўнглимизни яшнатди. Бу нурлар кўнгил торларини чертган бир ёш ижодкор сойлар ҳақида тўлиб-тошиб шеър ўқиса, бош- қа бири чечаклар ифоридан маст бўлиб кенгликларга термулади. Буларни кузатарканман, юрагимда туғилган ойдин-ойдин ўйларни шеърга солгим келди.

Бу қадим ерларда гуллайди қуёш,
Ер-у кўкни қучар ҳайрат куйлари.
Кўнглимда майсадай кўтаради бош,
Зомин хаёллари, Зомин ўйлари.
Шамол тулпорининг ёлини силаб,
Сездим, бағримдаги ҳислар шамолин.
Чечаклар  — нотаниш дугоналарим,
Кўзим ойнасида кўрар жамолин. 
Бошимиз силаган меҳрибон олам,
Ёруғ умидлардан яралган бешик.
Кўнгиллар ўлкаси – Адабиётга,
Зомин, сен дарвоза, сен кўҳна эшик.

Зомин семинари ҳаёт йўлимизда ана шундай ёруғ уфқларни очди.

Гулмира АБДИРАИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Одам савдоси – халқаро муаммо

Бугунги кунда одам савдосига қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE