Бош саҳифа / Таълим / «ЗОЛИМПИАДА»

«ЗОЛИМПИАДА»

Термиз шаҳридаги 13-умумтаълим мактабида фан олимпиадасининг вилоят босқичи бошланди. Эшитган қулоғу гапирган оғизга қараганда, мактабдаги хоналар совуқ бўлганлиги боис шаҳардаги бошқа мактабда ке-йинги босқич ўтказилишга келишилган. Гапимиз бу ҳақида эмас. Гап олимпиада қандай ўтганида.

Таҳририятга бўлган қўнғироқдан сўнг журналистик суриштирув ўтказиш учун манбаларни ўрганишга киришдим. Мурожаатчининг айтишича, математика фанидан ўтказилган амалий ишларда хатоликлар бўлиб, у оғзаки тушунтириш билан балида ўзгариш қилишга эришади. Аммо, бу ўзгариш ҳам кўнгил тўлар даражада ва адолатли эмас. Демак, хатолик исбот этилган бўлса, нима сабабдан қолган ўқувчиларнинг балида ўзгариш бўлмади? Нима учун саволларнинг барига тўғри жавоб берган, дея изоҳланаётган ўқувчи ҳали ҳануз биринчи ўринда. Ахир, савол ва ечим хатолиги исботланган. Афсуски, бола болалик қилади. Кечки совуқ ва ҳакамларнинг нотўғри муносабати уни ҳолдан тойдиради. Ва индамай кетишга мажбур бўлади.

Аслида оғзаки тушунтириш бериш кераклиги “Низом”да бор, бироқ ўқувчи эмас ҳакамлар эътирозга нисбатан тушунтириш бериши керак. Агар ўқувчи норози бўлса, аппеляция шикоятини қабул қилиши керак. Зеро, “Низом”да:

“Аудиторияга таклиф қилинган олимпиада иштирокчиларига уларнинг ёзма (амалий) ишлари 5 дақиқа давомида танишиб чиқиш учун тарқатилади. Зарур холларда ҳакамлар ҳайъати аъзолари ёзма (амалий) иш натижалари юзасидан тушунтиришлар беради.

Ёзма (амалий) иш натижаси бўйича оғзаки тушунтиришдан қониқмаган  ўқувчилар ёзма (амалий) иш натижалари эълон қилинган хонадан чиқмасдан туриб аппеляция комиссияси раиси номига ёзма равишда ариза беришлари мумкин”, дейилади.

Демак, хато ҳакамлардан ўтди. Бу “Низом”дан чекинишдир. Яна бир ҳолат. “Низом”да бўлмаса ҳам ўқувчилардан шикоятим йўқ қабилидаги тилхат олиш нима учун зарур? Бу ҳам “Низом”дан чекиниш. Ҳакамларнинг бола-чақасию совуқ об-ҳавони сабаб қилиб ўқувчини кетказишга уриниш, эшитмаслик ҳам “Низом”дан четга чиқишдир.

Буларни ўқувчининг гапларидан фаҳмлаб, ташкилий қўмитадаги масъул ходим билан суҳбатлашдим. Унинг розилиги билан фан олимпиадаси бўлиб ўтадиган бинога бордим. Базўр ўнлаб қўнғироқларимдан биригагина жавоб олиб топган умидим пучга чиқди. Вилоят ХТБ ходими Илҳом Кенжаев “Низом”дан чиқмайман”, деб туриб олди.  Нима эканки, “Низом”да ОАВ ходимлари киритилмайди, умуман ҳеч ким бу жараёнга аралашмаслиги керак? Аслида биз ҳам жараёнга аралашиш ниятида эмас эдик. Математикага тишимиз ўтиши ҳам даргумон. Фақат мурожаатга ойдинлик киритсак кифоя. Тушунмади.

—  Ташкилий қўмита раисига учранг. Сулув Ҳамидовага, — гапни чўрт кесди Илҳом Кенжаев.

—  Қаердалар? Чунки, ташкилий қўмита фан олимпиадаси ўтадиган бинода бўлиши керак, раҳбари ҳам.

—  Бошқармада…

“Низом”дан бошқа бирор қонунни билмайдиган, мен бир кунгинаю у олти йилдан бери “сув қилиб ичиб юборган” “Низом”да менинг ҳам, бошқаларнинг ҳам аралашуви мумкинмас. Аслида Илҳом Кенжаев билиши керакки,  “Низом”да бундай банднинг ўзи йўқ. Чунки, Фан олимпиадаларини ўтказиш тўғрисидаги низомнинг 15-бандига кўра, фан олимпиадалари ғолибларининг ёки бошқа қатнашчиларнинг ишларини ўзга жамоа раҳбарлари, иштирокчилари ва уларнинг ота-оналарига кўрсатиш қатъиян ман қилинади дейилади. Демак, мен на ота-она, на ўзга жамоа раҳбари ва на иштирокчи.

Чиқмаган жондан умид. Бошқармага боришга тўғри келди. Қўнғироқдан бўшашини кутганим — бошлиқ эшикдан чиқиб, Зокир Ўтаевга йўллади ва тушунча берилгани ҳақида тушунтириш хатими, тилхатми олишни тайинладилар. Англашимча, у киши аллақачон Илҳом Кенжаев томонидан огоҳлантирилган ва олимпиада масаласи бўйича йиғилиши борлиги сабаб бошқа ходимга “топширди”. Тушунамиз.    Зокир Ўтаев ҳам бирровга қабул қилдилар. У киши ҳам йиғилишга чақирилиб қолгунга қадар суҳбатда бўлдик. Ит итга буюрди, ит қуйруғига деганларидек, гап айланиб Илҳом Кенжаевга тақалди. У яна “Низом”ни рўкач қилди.

Хуршид Каршиев

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

5 август куни ОТМга кириш имтиҳонлари бошланади

Бу йилги тест синовлари икки сменада ўтказилади: 1-смена 07:00 да, 2-смена 19:00 да Surxondaryo viloyatida …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan