Бош саҳифа / Жамият / ЗИЁ МАШЪАЛАСИ

ЗИЁ МАШЪАЛАСИ

Башарият йигирма биринчи асрга қадам қўйганда ҳам дунё олимлари, сиёсат ва жамоат арбоблари, халқаро ташкилотлар китоб чоп этишнинг ихтиро қилиниши ўтган икки минг йилликнинг инсоният тараққиётига мислсиз ҳисса қўшган энг буюк воқеаси, деб бир овоздан тан олдилар. Бугун замонавий ахборот ва инновацион технологиялар ривожидан ҳамда интернет имкониятларидан ақлимиз шошиб қолаётган бир пайтда, одамзот ҳаётида китобнинг ўрни ва аҳамияти йўқолди, дегувчилар кўплаб топилади. Халқимизнинг азал-азалдан китобга меҳри, муҳаббати беқиёс! Биз нафақат китобхон миллат, шу билан бирга, буюк ва бетакрор китоблар ижодкори бўлган буюк халқнинг авлодларимиз.

Ёшларни китобга муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, уларда китобхонлик кўникмасини шакллантириш ва, айниқса, таълим-тарбияда шахснинг мустақил фикрли бўлиб вояга етишларида замонавий илм-фан ютуқлари ҳисобланмиш илм сарчашмалари дурдоналари битилган китобларимиз, жаҳон адабиёти билан биргаликда буюк аллома ва мутафаккирларимиз Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Беруний,ибн Сино, Ҳаким Термизий, Фаробий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Румий, Али Қушчи, Маҳмуд Кошғарий, Маҳмуд Замаҳшарий, Алишер Навоий, Мирзо Бобур ва бошқа зотларнинг тарихий меросини ўрганиш, улар томонидан амалга оширилган кашфиётлар замонавий илм-фан ва тараққиёт учун нақадар долзарб ва зарур эканини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш жуда муҳим.

Зеро, китоб ҳамиша инсонни яхшиликка, эзгуликка, катта мақсадларга даъват қилувчимаънавий куч-қудрат манбаи бўлиб келган. Шу боис халқимиз уни нондек азиз ва муқаддас, деб билган, ардоқлаган.

Бугунги кунда жамият ва халқ хизматига ярайдиган, ўзлигини, ўтмишини ҳурмат қиладиган, миллий онг, ғоя ва мафкурали ёшларни тарбиялаш ота-оналар олдидаги энг долзарб вазифадир. Биз каби масъуллар томонидан баркамол ёшларни тарбиялаш мақсадида турли хил анжуманлар, учрашувлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши дилимиздаги, қалбимиздаги ниятларимизни амалга оширишда асосий дастуриламал вазифасини ўтайди. Чунки оилада китобхонлик муҳити бор бўлса, фарзанд ўқимишли бўлиши қадимдан маълум. Шу маънода инсонни шахс сифатида шаклланишида китобнинг роли беқиёс эканлигини Президентимиз Фармойишида алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Муҳтарам Президентимизнинг улуғ мақсад йўлидаги сайъи-ҳаракатларини мамлакатимизнинг бир фуқароси, зиё аҳли сифатида мамнуният билан қўллаб-қувватлар эканмиз, файласуф Цицероннинг, “Китобсиз уй – жонсиз танадай гап”, деган сўзини келтириб ўтмоқликни лозим топдик.

Дарҳақиқат, китобга қанчалик меҳр қўйилса, нечоғлик эътиқод қилинса, у шахсни шунчалик юксаклик, улуғлик ва комиллик сари етаклайдиган, энг ишончли дўст ва энг яхши ҳамроҳдир.

Китоб инсонларда ватанпарварлик, эркинлик, инсонпарварлик, миллий ифтихор, меҳнатсеварлик, иймон-эътиқод, ҳалоллик, ахлоқий поклик, одиллик, ҳурфикрлилик, фидойилик каби энг зарур фазилатларни шакллантиради.
Китоб ўқи, уни фойдаси кўп, деган гапларни айтиш билангина барча китобхон бўлиб қолмайди. Ҳамма китоб дўконларидан китоб сотиб олавермайди. Айтмоқчиманки, китобнинг ҳаётда тарбиявий аҳамияти юксак эканлигини аждодларимиз ўгити ва панд-насиҳатлари орқали ёшларимизнинг онгу шуурига сингдириш, уқтиришда барчамиз масъулмиз .

Нилуфар ТУРСУНОВА,
9-ИДУМ ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Деҳқонларга қўшимча даромад

Бу йил ғаллакорларимиз юқори ҳосил етиштириб, давлатга дон сотиш режасини ошириб бажаргани кўпчиликка маълум. Яхши …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE