“Зиё қалъаси”

0
86

Бу дунёда ҳар ким ҳаёт йўлини ўзи танлайди. Кимдир илмнинг этагидан тутиб, ўзгаларга яхшилик улашиб, эзгулик учун хизмат қилса, яна кимдир нафсига қул бўлиб, ўз манфаати учун разилликдан ҳам таб тортмайди. Баъзан иккинчи тоифа кишиларнинг ғалабасидан озор чекамиз, юрагимиз оғрийди. Аммо яна шундай ҳақиқат борки, адолатни маёқ билиб, эл манфаатини кўзлаганларни Яратганнинг ўзи асрайди ва уларнинг номи мангуга муҳрланади.

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан вилоят мусиқали драма театрида “Зиё қалъаси” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди. Унда талқин этилган Қирққиз қалъасидаги воқеалар бизни улуғ аждодларимиз хотираси билан яна бир бор яқинлаштирди.

Комил Ҳамроев асари асосида саҳналаштирилган спектаклга Фарҳод Болтаев режиссёрлик қилган. Рассом — У.Исмоилов. Бош ролларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Д.Юнусалиева, Ҳ.Орипов, Ч.Чориев, Ю.Мирқурбонов ҳамда Н.Аҳмедова, Г. Араловалар ижро этишган.

Ўтмишдаги Қирққиз қалъаси ҳақидаги афсона ва ривоятларни эшитганмиз. Бу қалъада IX асрда “Қизлар академияси” бўлганлиги эса кишини беихтиёр ҳайратга солади. Бу ерга қизлар турли мамлакатлардан  диний ҳамда дунёвий билимларни эгаллаш учун ташриф буюришган. Уларга ўша вақтда табибликда донг таратган Варроқ Термизийнинг қизи Руҳайда бинти Варроқ ал Буғий ҳамда  Аҳмад Устурлобий ас-Сағаноний ат Термизий устозлик қилишган. Асар воқеалари эса турли мамлакатлардан келган 40 та қизнинг илм олишию Руҳайдаи Давроннинг ёвузларнинг ҳийла-найранги билан ҳақсизликка юз тутгани ва адолат учун мардона курашгани ҳақида боради.

ДОВЮРАК ВА
ОҚИЛА РУҲАЙДА

Руҳайда чаласавод табиблардан шифо топмаган одамларни даволаши, ночор оила қизларини ўз бағрига олиб, илм ўргатиши ўша даврдаги дин пешволари, табибларининг ғазабини келтиради. Шундан сўнг, улар Руҳайдани обрўсизлантиришга, ҳаттоки, номусига тажовуз қилишга қасд қилишади. Аммо уларнинг ҳийла-найранглари, дўқ-пўписаларига мардонавор туриб жавоб берган Руҳайда бошлаган эзгу ишидан қайтмайди.

Бу орада Боғдод халифаси Руҳайданинг қўлини сўраб, мактуб юборади. Руҳайда эса буни рад қилиб, халифага етти хил ашё тақдим этади. Бундан ғазабланган, ашёларнинг маъносини фаҳм лай олмаган халифа қалъага ташриф буюради. Бу эса Руҳайдага тиш қайраб юрганларга қўл келиб, уни халифага ёмон кўрсатишга ҳаракат қилишади. Халифа ундан ашёларнинг маъносини сўрайди. Шунда Руҳайда донолик билан: “Етти тақа — менинг етти суворий куч-қувватим бор, бузоқ териси — мени бузоқдек гўл, фаросатсиз деб ўйламанг, бир хум тилло — Ватанимни тиллоларга ҳам алмашмайман, чўчқа териси — мунофиқу разил кимсалардан қўрқмайман, бир коса тупроқ — нафсига қул бўлган одамнинг кўзини тупроқ тўлдиради, шамшир — фосиқ, гар сўзингдан қайтмасанг, ўша ўткир шамшир бошингни кесади, учқур от — илмим учқур от каби кучлики, ортимдан қувиб етолмайсиз”, дея жавоб беради. Бу ҳолдан баттар ғазабланган халифа Руҳайдага “Ё менга хотин бўласан, ё қирқта қизингни бошини танасидан жудо қилдириб, қалъангни кулини кўкка совураман”, дея шарт қўяди. Шунда Руҳайданинг устози, раҳнамоси Аҳмад Устурлобий халифадан бир кун муҳлат сўрайди. Ҳеч бир иложсиз қолган ожиза устозининг маслаҳати билан юрт кезиб, одамларнинг дардига дармон бўлиш учун сафарга отланади. Қирқта қизлар ҳам ўз юртларига кетиш учун ровийлар кийимида йўлга чиқишади.

ҲАҚИҚАТНИНГ
ҚАДДИ БУКИЛСА
ҲАМ СИНМАЙДИ

Одатда тарихий асар саҳналаштирилганда мутлақ ўша давр тилига ўтиб кетилади ва бу томошабинга бироз тушунарсиз бўлиб қолади. Аммо замонавий тилда ўқилса ҳам, ўша давр руҳи сезилмай қолиши мумкин. Ушбу асарда тил ҳам тушунарли бўлиши, ўша давр руҳи ҳам сақланиши учун ҳаракат қилинган.

Саҳна асарини томоша қилар экансиз, ҳамма даврларда ҳам ростгўй инсонларга, илм аҳлига осон бўлмаганини ҳис қиласиз. Спектаклнинг яна бир муҳим жиҳати қалъада айнан қизларга нисбатан бўлажак она сифатида қаралиши, уларга диний ва дунёвий билимлардан ташқари, оила қуриш, меҳмон кутиш одоби, бичиш-тикишдан тортиб пазандаликкача, ҳатто, сувда сузиш ҳам ўргатилиши, ўтмиш даврларида аждодларимиз хотин-қизларга бундай юксак эътибор билан қарашганининг ўзиёқ кўнгилда фахр туйғусини уйғотади.

Актёрлар ижросига ҳамда уларнинг либосларига баҳо берсак, бош қаҳрамон Руҳайда ролини ижро этган актриса маҳорат билан ўйнаган. Муҳими, у бор ички имкониятларини тўла намоён эта олган. Айниқса, асардаги Жунай табиб мисолида актёр ҳақиқий мунофиқ инсоннинг қиёфасини яққол ифодалай олган. Баъзан унинг ҳаракатлари, жазавага тушиши,  айёрона  кулиши томошабиннинг ғазабини келтиради. Бу эса ижро маҳоратининг юксаклигидан далолат беради. Бироқ спектаклда қалъа қоидаларига бўйсунишни истамаган бойнинг танноз қизи Замира образида ортиқча ҳаракатлар сезилиб қолган. Бу эса табиийликка путур етказган. Либослар дид билан танланганки, бу томошабинда ўша давр ҳақида аниқроқ тасаввур уйғотишга турт- ки беради.

САҲНА ОРТИДАГИ
МАШАҚҚАТ
САМАРАСИ

Албатта, театрда саҳналаштирилган асарни томоша қилар экансиз, томошабиннинг тасаввурини бойитиш, хаёлан воқеалар иштирокчисига айланиши учун саҳна декорацияси муҳим роль ўйнайди. Аввало, асар тарихий-романтик драма бўлгани учун саҳнадаги ганчкор хонтахталар, устурлоб асбоби, қалъа шаклини акс эттирувчи деворлар, қуббали деразалар, ҳар тарафда устунчалар устида ёниб турган шағамлар ўша давр руҳини беришга хизмат қилган. Дарвоқе, бу ерда шағамлар рамзий маънода нур таратиб турувчи илм масканини ҳам ифодалаган. Чироқлар ҳар бир саҳна учун алоҳида, ўз ўрнида танланган ва ёритилган. Шундан хулоса қиладиган бўлсак, чироқ устасининг ишига тасанно дейиш ўринли бўлади.

Яна бир гап. Мусиқа саҳна асарининг жонидир. У қаҳрамонларнинг ички ҳиссиётларидан сўзлаб, томошабиннинг ҳисларини-да жунбушга келтирувчи кучдир. Шу маънода спектаклда фойдаланилган қўшиқлар, айрим ўринларда ёвузликдан хабар берувчи ваҳимали куйлар киши кўнглига ғулғула солади. Бу эса асарнинг томошабоп бўлиши, янада жозибалироқ чиқиши учун хизмат қилган.

Асар сўнггида бош қаҳрамон тилидан шундай сўзлар жаранглайди: “Агар бизни кўрмоқчи бўлсангиз, осмону фалакка боқинг, биз тунни ёритиб турган ой-юлдузлар каби фалакда ёниб турувчи маърифат маёғи бўламиз”. Ҳа, илмнинг машъали ҳеч қачон сўнмайди. Зеро, ёш авлодга энг оғир шароитда ҳам сидқидилдан илм ўргатиш — энг олий эзгу ишдир. Шу маънода бундай асарлар биз учун аввало, одамларни ҳалолликка, фидойиликка ундаш учун керак бўлса, иккинчидан, ат Термизий таълимотидаги эзгуликка йўғрилган ғояларни ёшларга тушунарли тилда етказиш, улар онгига сингдириш учун ҳам сув ва ҳаводек зарурдир.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА  

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг