Журналистнинг аччиқ қисмати

0
52

Эрталаб хонамга ҳамкасб дўстимизнинг янгаси кириб келди. Гапдан гап чиқиб, ҳамкасбимиз Азизали Алибоевни хотирлаган бўлдик. Чунки у қазо қилгандан буён на кўчада, на уйда, на тўй-маъракада у ҳақда бирор гап, сўз эшитмаганимни эсладим. Дўстимизнинг янгаси сумкасидан чиқариб қоғозга ўралган бир нарсани олдимга қўйди. Мундоқ қўлимга олиб қарасам каттагина бир китоб. Азизали Алибоев. “Жайронгина”…

Ажабо, ўн йилдан ортиқ бир идорада ишлаб, унинг бирор марта адабиёт, шеърият ҳақида гапирганини ёки қораламаларини кўрсатганини эслай олмайман. Биз хизмат юзасидан сафарларда бирга бўлганмиз, турли мавзулар, ижодкорлар ҳақида тортишганмиз. Лекин унинг яхшигина шоирлигини мен сезмаган эканман. У хонамга кирганда “Ака, янгисидан ўқинг” деб қўярда-қўймасди. “Шеърларингиздан мазза қилдим”, дерди. Шунда нега доимо мақолалар олиб келасиз, ижодингиздан ҳам намуналарни чоп этайлик деганимда, бир неча бор “Ака, мен ижод қилмайман. Мақола ёзаман”, деганлари ҳозиргидек ёдимда.

Азизали Алибоев асли касби қурувчи-муҳандис. Тошкент давлат политехника институтини тугатган. Шундан сўнг бир оз ўз мутахассислиги бўйича ишлагач, адабиёт ва матбуот уни ўзига ром этган. “Шеробод” туман газетасида адабий ходим бўлиб ишлаш билан бирга сирт дан Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тугатди. Икки карра олий дипломга эга бўлган дўстимиз Азизали бир умр матбуотга содиқлигича қолди. Ўн йилдан кўпроқ “Сурхон тонги” газетасида адабий ходим, туманлараро махсус мухбир вазифасида ишлади. Ундан сўнг, “Адолат тарозиси” газетасида муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир бўлиб фаолият юритди.

Олти фарзанднинг отаси бўлган Азизали Алибоев умрининг сўнгги кунларигача Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситалари мониторинги марказининг минтақавий филиали раҳбари сифатида ибратли фаолият олиб борди. Кечагидек эсимда: 2015 йил, 15 декабрь, беозор ва хокисор бўлган дўстимиз қўнғироқ қилиб, бир соатдан сўнг келишини айтди. Азизали келгач, биз Маҳмуд Абулфайизов билан у кишини роса гапга солиб, ҳазиллашган бўлдик. Одатдагидек қисқа ва аниқ жавоб қайтарди: “Иш тиғиз, вақт етишмайди”.

Сўнгра ёнидан машинкада ёзилган бир қоғозлик мақолани олдимизга қўйди. “Бу киши синглим бўлади. Музработ туманининг А. Набиев номли хўжалигида яшайди, ўқитувчи”, деди. Ҳар доимгидек мониторинг марказига қараб шошиларкан, “биз томонларга ҳам ўтинглар” деди. Ўшанда биз бу суҳбат, бу дийдорлашув сўнггиси эканлигини хаёлимизга ҳам келтирмабмиз.

Ҳафта охирида синглисининг мақоласи чоп этилди. Азизалига қўнғироқ қилдик. Тушолмадик. Уч кундан сўнг у кишини вилоят шифохонасида вафот этганини айтишди. Унинг жигар церрозига учраганини камдан-кам одам биларди. Боргандик. Туманга олиб кетишганини айтишди. Жамоа бўлиб маъракаларида иштирок этдик. Шеробод туманининг собиқ 17-совхози марказидаги уйига борганда юрак эзилиб кетади. Фарзандлари, набиралари, у қўли билан эккан дарахтлар, анорзор боғи, у ердаги ҳар бир барг, ҳар бир шох дўстимиз, ҳамкасбимиз Азизали Алибоевни эслатиб туради. Гўё қайсидир дарахт панасидан “Хуш келибсизлар” деб чиқиб келаётгандай…

… Китобни бир-бир варақлайман, ҳижжалаб ўқийман. …1978 йилларда ёзилган шеърлар. 19 ёшга тўлмаган йигит ўлим ҳақида, севги ҳақида бу қадар тиниқ ва илҳом билан ёзгани мени ҳайратга солади. “Ҳар кимнинг ҳаёти ўзгача, аммо, Ббарибир муқаррар, оҳ, ўлим ҳақдир”. Ёки “Мангу кўз юмганингда мармар сағана қўюрлар, Ўлгандан сўнг гўрда тинч ётмоқ чун болиш на керак?!”.Ёки “Дунёда бор экан энг сўнгги манзил”… бу шунчаки, эрмак учун айтилган гаплар эмас. Буни ижодкорнинг юрагига Аллоҳ солган.

Воҳада ўнлаб журналистлар бор. Уларнинг бирортаси Азизалининг ҳаётдан, ишидан, соғлигидан нолиганини эшитмаган. Бунга юз карра иймоним комил. У ҳамиша самимий, беозор, ним табассумда юрадиган инсон эди. Шу туфайли ҳам ўзининг ижодкорлигини, бутун дарду аламини, ташвишу изтиробларини қаламга, шеърга тўкишини ҳеч ким билмасди…

Журналист дўстимизнинг ўлимидан икки йил ўтгач, унинг жуфти ҳалоли қаерлардадир яшириб сақлайдиган қўлёзма ва дафтарларини титкилаб, қалб қўри билан муҳрланган битикларни топиб олади. Уларни ўқиб чиқиб, ўзича тартиб бера бошлайди. Ва “Жайронгина” сарлавҳаси остида Тошкентдаги “Ғафур Ғулом” нашриётида минг нусхада чоп эттиради. Бежиз ўхшатмасдан, учратмас деган ҳикмат айтилмаган экан. Азизалининг турмуш ўртоғи ҳам худди ўзидек хокисор, беозор ва камтарин аёл. Шу даражада иш бажарганлигини ҳатто Азизалининг энг яқинларидан ҳам сир тутган. Китоб сўнггида турмуш ўртоғининг ҳамкасблари ва курсдош дўстлари томонидан ўлимидан кейин матбуотда чоп этилган хотираларни ҳам киритган.

Бу китобни қўлига олган, уни варақлаган адабиёт ишқибозлари, Азизали Алибоевнинг фарзандлари, набиралари, яқин қариндошлари дўстлари, ҳамкасблари бу азиз инсонни қайтадан кашф қилишига имоним комил. Ҳар қалай, китобга 102 та шеър, 32 тўртлик киритилган бўлиб, уларнинг ҳар бир сатрида Азизалининг ўзлиги ва мени ойнадек акс этган. Заҳматкаш журналист, садоқатли дўст, эътиборли ҳамкасб ва соҳир қалам соҳиби билан қайта суҳбат қурмоқчи бўлсангиз, дийдорлашишни хумор қилсангиз, унда биринчи ва охирги ёдгорлик бўлиб қолган “Жайронгина” китобини бир муддат ёнингизда олиб юринг.

Сафар ОМОН

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг