Бош саҳифа / Жамият / Журналистларни нима ўйлантирмоқда?

Журналистларни нима ўйлантирмоқда?

Кеча Термиз шаҳридаги Матбуот уйида вилоят ҳокими Т.Боболов оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашди.

 Тан олиш керак, қарийб уч соат давом этган учрашувда журналистлар ҳоким билан анча эркин суҳбатлашиш имконига эга бўлди. Умуман, бугун воҳада фаолият юритаётган қалам аҳлини ўйлантираётган масалалар хусусида сўз очилди.

Самимий руҳда ўтган учрашувда воҳа бўйлаб кўпроқ пресс-турлар ташкил этиш, март ойини “Сурхондарё вилояти ойлиги” деб эълон қилиш, оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида қатор спорт турлари бўйича “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақаларини уюштириш, ахборот хизматлари фаолият самарадорлигини янада ошириш борасида сўз борди.

Ҳозирда вилоятимизда 36 та газета ва журнал, 3 та телевидение, 2 та радиоканал, 3 та веб-сайт, 3 та нашриёт ва босмахона, 57 та матбаа корхонасида 500 нафарга яқин фидойи инсонлар меҳнат қилмоқда. 20 га яқин республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятимизда ўз мухбирлари фаолият юритмоқда.

Маълумки, Сурхондарё вилояти 1941 йил 6 мартда ташкил этилган. Бу йил 6 мартда бунга 80 йил тўлади. Шу боис, воҳанинг 80 йиллик ёшини муносиб қаршилаш мақсадида оммавий ахборот воситалари Сурхон заминининг тарихи, унинг дурдоналари, бойликлари, табиати ва гўзал ва мўъжизакор қадамжолари ҳақида чиқишлар қилиши лозимлиги таъкидланди. Бунинг учун “Сурхон садоси” бош муҳаррири Ўрол Бобоқуловнинг таклифи қўллаб-қувватланиб, мазкур йўналиш бўйича ОАВ ходимлари ўртасида танлов ўтказиладиган бўлди. Унда ғолиб бўлганлар вилоят ҳокимлиги томонидан пул мукофоти билан тақдирланади.

         Учрашувда сўз олган Ўзбекистон журналистлари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Муҳиддин Абдураҳмоновнинг таклифи билан ОАВ вакиллари учун микро автобус олиб берилиши, Қизириқ ҳамда Денов туманидаги босма нашрлар учун бино ажратилишида кўмак берилиши ҳам айтилди.

         Яна бир масала, газеталар обуначиларга ўз вақтида етказиб берилмаётгани, бунда почта хизмати ҳамда матбуот тарқатувчи корхоналар ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашаётгани, ҳатто айрим туман таҳририятларининг обунадан тушган пул маблағларини бермасдан, пайсалга солишаётгани ҳақида ҳам сўз очилди. Бунга жавобан, Т.Боболов мазкур ташкилот раҳбарларидан бунинг ҳисобини сўраши ҳақида маълум қилди.

Айни пайтда туман ҳокимликлари ахборот хизматларининг айримлари моддий-техник база билан тўлиқ таъминланмаган. Шу боис, уларнинг барчасида ҳам иш самарадорлиги юқори деб бўлмайди. Учрашувда матбуот котиблари томонидан шу масала ҳам кўтарилди.

— Матбуот анжуманига журналистлар тинтув қилиб киритилганининг боиси нимада?  Ахир бизнинг ҳокимдан, ё ҳокимнинг биздан яширадиган сири бўлмаса, бугун ҳамма нарса очиқ-ошкора тарзда ўтаётган бўлса, бундай ҳаракатларга бундан кейин чек қўйиш лозим, — деди анжуманда сўз олган “Халқ сўзи” газетаси вилоят мухбири Илҳом Раҳматов.

         Вилоят ҳокими бундай буйруқ ёки топшириқ бермаганлигини, блогерлар киритилмаганидан хабари йўқлигини, тадбирни ташкил қилишга масъул ҳокимлик вакилларининг бундай ҳаракати нотўғри эканлигини билдирди. Блогерлар билан эса алоҳида яна учрашув ташкил этилишини айтиб ўтди.

         Албатта, учрашув давомида блогер Отабек Сатторий масаласи ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Хусусан, вилоят ҳокими унинг танқидий чиқишлари эмас, балки ҳокимнинг шахсиятига тегадиган гапларидангина хафа бўлганлигини очиқ-ойдин гапирди. (Қонунларимизда мавжуд шахс дахлсизлиги деган тушунчани унутмаслик керак. Ҳеч ким у оддий фуқаро бўладими, раҳбар бўладими, унинг шахсиятига тегишга ҳақли эмас.) Лекин нимаики содир бўлган бўлса, бунга судда аниқлик киритилишини таъкидлади.

         PS: Ҳеч кимга сир эмас, “Ҳоким ва ёшлар”, “Ҳоким ва тадбиркорлар” учрашувлари мунтазам равишда ўтказилади. Лекин, бундай учрашув ОАВ вакиллари билан ҳам тез-тез ўтказилиши керак, назаримда. Учрашувда энди бундай анжуман ҳар ойда бир марта ўтказилишига келишиб олингани эса айни муддао бўлди. Чунки жамиятга кўзгу тутадиган қалам аҳли ўзининг шахсий муаммоларидан холи равишда айнан кўпчиликни қийнаётган масалаларни айта олади. Шундагина воҳада юз бераётган айрим шов-шувли ҳолатларга ҳам аниқлик киритилади, вилоят раҳбарига етиб бориши қийин бўлган масалалар тўғридан-тўғри айтилиб, уларга биргаликда ечим топилади.   

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабалар учун вилоят ҳокими стипендияси жорий қилинади

Ёшлар фестивали доирасида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. Санъат саройи атрофидаги боғда ўтган учрашув …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan