Бош саҳифа / Жамият / Журналистлар Сурхондарёдаги корхоналар фаолияти билан танишди

Журналистлар Сурхондарёдаги корхоналар фаолияти билан танишди

Давлат активларини бошқариш агентлиги Сурхондарё вилоятига пресс-тур ташкил этди.

Тадбир иштирокчиларига дастлаб вилоят давлат активларини бошқариш бошқармаси бошлиғи Ш. Кичкилов жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Таъкидландики, пандемия дунё аҳлини жиддий ташвишга қўйиб, кўплаб давлатларни иқтисодий танг ҳолга келтираётган йилда Президентимиз томонидан кўрилган самарали чора-тадбирлар давлат активларини бошқариш соҳасида ҳам ўз натижаларини бермоқда. Жумладан, 9 ойда вилоятда 34 та давлат активлари бошланғич нархи жами 87 630,3 миллион сўмга, 8 080 миллион сўм инвестиция ҳамда 146 та янги иш ўринлари яратиш шарти билан аукцион савдоларига чиқарилди. Уларнинг 20 таси 2 935,3 миллион сўмга сотилиб, 7 850 миллион сўм инвестиция киритиш ва 167 та янги иш ўрни яратиш белгилаб олинди. 5 та активлар “нол” харид, 11 та актив 1 сўмга тенг бошланғич қийматда, 4 та давлат улуши мавжуд жамият улуши оммавий савдо орқали сотилди. Айни пайтда 14 та давлат активлари 84 737,1 миллион сўм қийматдаги бошланғич нархда 2 150 миллион сўм инвестиция ҳамда 31 та янги иш ўринлари яратиш шарти билан сотиш ишлари давом этмоқда. Йил якунигача яна 39 та давлат активларини аукцион савдосига чиқариш режалаштирилмоқда.

Вилоятдаги 81 та давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарув тизими жорий этилган. Муассислар ўтган йил якунлари бўйича умумий йиғилишларини ўтказиб, давлат иштирокидаги корхоналар томонидан 7.173,3 миллион сўм дивиденд тўловларини давлат бюджетига тўлаш тўғрисида қарор қабул қилган. Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарнинг самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаб бориш учун агентлик KPI дастурини жорий этиб, корхоналарнинг бизнес–режалари, молиявий кўрсаткичлари электрон тарзда таҳлил қилмоқда. Ижро органлари олиб бораётган ишлар кўрсаткичларига автоматлаштирилган дастур орқали баҳо бериш йўлга қўйилган.

Учрашувда инвестиция мажбуриятлари бажарилиши, банкрот корхоналарни тугатиш, суд бошқарувчилари фаолияти, давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш, давлат улуши мавжуд жамиятлар, хусусий корхоналар ва давлат объектларидан самарали фойдаланиш соҳасида олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам атрофлича фикр алмашилди.

Маҳаллий ва республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги ходимлари жойлардаги қатор корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди. Дастлаб “KLASS EXPO SURXON” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонасида бўлди.

Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами арафасида илк босқичи ишга туширилган корхона Термиз шаҳридаги маъмурий ва хўжалик биноси ўрнида ташкил этилган. Вилоят ҳокимининг тегишли қарори билан 1 йил 6 ой муддатда ойнага ишлов бериш ва қайта ишлаш фаолиятини йўлга қўйиш учун 1 миллион 500 минг доллар инвестиция киритиш ва элликдан ортиқ иш ўрни яратиш шарти билан “ноль” харид қийматида берилган.

Пресс-тур иштирокчиларига корхона раҳбари Қ.Аллаков фойдаланилмай турган бино ва иншоотларнинг олдинги ҳолати ҳамда ўтган даврда сармоядорлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида гапириб берди.

Йилига 3.5 минг метр-квадрат ойнага ишлов бериш ва қайта ишлаш қувватига эга корхонага 1 миллион 500 минг доллар қийматидаги инвестиция киритилиб, 50 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Келгусида маҳсулотнинг маҳаллий бозордан ортиқ қисми хорижга экспорт қилинади. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур корхонадан бир йилда бюджетга 1.200 миллиард сўм маблағ тушади.

–Сармоядорларимиз инвестиция киритиш мажбуриятларини бажаришни давом эттираётган бир пайтда коронавирус пандемияси фаолиятимизга ўз таъсирини кўрсатди, – дейди қўшма корхона раҳбари Қ.Аллаков. – Карантин чекловлари жорий қилиниши оқибатида хориждан келтирилган айрим технологияларни ўрнатиб берувчи мутахассислар Хитойдан етиб кела олмади. Шу сабабли Давлат активларини бошқариш агентлиги Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармасидан инвестиция киритиш муддатини 6 ойга узайтириб беришда амалий ёрдам сўрадик. Бу масала ижобий ҳал этилди. Хорижлик мутахассислар ҳам ускуналарни белгиланган муддатда ўрнатиб беришни ўз зиммасига олди. Келгусида эса корхонани кенгайтириш ҳисобига яна 70 та иш ўрни яратишни режалаштираяпмиз.

«ROSHER” оилавий корхонаси икки йил муқаддам гўштни қайта ишлаб, колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини ташкил этиш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасига бўш турган давлат объекти ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат этган. Шунга мувофиқ тадбиркор фаолият юритмай ташландиқ ҳолга келган қозонхона биносига гўшт маҳсулотларидан колбаса ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун икки йил муддатга 1 миллиард 500 миллион сўм инвестиция киритиш ва 12 та иш ўрни яратиш шарти билан “ноль” харид қийматида эгалик қилган.

Ўз маблағлари ва тижорат банкининг кредит маблағидан оқилона фойдаланган оилавий тадбиркорлар ўтган даврда 2 миллиард 600 миллион сўм сармоя киритиб, шартнома шартларини ортиғи билан бажарди. 12 кишининг бандлигини таъминлади. Корхона раҳбари С. Носировнинг таъкидлашича, бу ерда ҳозир 12 турдаги сифатли, арзон колбаса ва колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва ҳудудий бошқармаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 апрелдаги 182-қарорига асосан “TERMIZ KANSELARIYA MOLLARI” масъулияти чекланган жамиятига қурилиши тугалланмаган собиқ темир йўл шифоханасининг маъмурий биноси замонавий телевизор ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун 16 миллиард сўм инвестиция мажбурияти ва 50 та иш ўрни яратиш шарти билан берилган. Лекин, маҳаллий инвестор воҳада кўпроқ янги иш ўрни яратиш учун замонавий текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишни мақсад қилиб, телевизор ишлаб чиқариш лойиҳасини замонавий типдаги текстил фабрикаси ташкил этиш лойиҳасига ўзгартириб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат этган. Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят бошқармаси бу масалада инвесторга яқиндан кўмаклашиб, мурожаатини ҳукумат даражасида ҳал этишга ёрдам берган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилганлиги учун маъмурий бино хусусий мулк қилиб берилган. Бу ерга 17 миллиард сўм сармоя киритилиб, 800 та янги иш ўрни яратилган. Айни пайтда корхонада арзон, бежирим болалар, аёллар ва эркаклар кийим-кечаклари ишлаб чиқарилиб, мамлакатимиз ички бозорида сотилмоқда.

Шу куни журналистлар корпаратив бошқарув кодекси жорий этилган “Денов вино-ароқ” акциядорлик жамияти фаолияти билан ҳам танишди.

Акциядорлик жамиятида корпоратив бошқарув кодекси жорий этилганига бу йил беш йил бўлди. Янгича тизимда фолият юритаётган жамиятда акциядорлар умумий йиғилишида қабул қилинган низомларнинг қўлланилиши ўз самарасини бермоқда. Хусусан, жамият ижро органи фаолияти акциядорлар учун шаффоф ҳолатга келди. Акциядорларнинг жамият фаолиятига оид тегишли ҳужжатлари билан мунтазам таништириб борилиши даромадларни оширди. Масалан, 2015 йилда корхона 1 миллиард 300 миллион сўм соф фойда олган бўлса, ўтган йил якунида бу кўрсаткич 1,9 миллиард сўмга кўпайди.

Бу ерда тадбир иштирокчиларини корпаратив бошқарув кодекси жорий этилишидан акциядорлар ва корхонага қандай наф бор, деган савол қизиқтирди.

–Аввало, олинган соф фойданинг маълум бир қисми акциядорларга дивиденд учун ажратилади,– дейди корхона директори ўринбосари Ф. Давлатов.– Бу акциядорлар жамиятдаги акция улушига мутаносиб равишда даромад олишига, жамият ижро органи эса фаолият самарадорлигини янада оширишга интилади. Таҳлил этадиган бўлсак, ўтган йил якуни билан битта акцияга 1169,20 сўмдан дивидент тўланган. Ёки шунга мос равишда корхонада самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари ҳам йилдан йилга ошган. Буни давлат активларини бошқариш агентлигининг электрон базасидан ҳам кўриш мумкин. Унга ҳар чоракда жамият кўрсаткичлари коэффициенти ва чораклик бизнес режа кўрсаткичлари киритиб борилмоқда.

Пресс-тур якунида ташкилотчилар тадбир қатнашчиларини Сариосиё туманидаги “Шўртаннефтгаз-Текстиль” масъулияти чекланган жамиятига ҳам таклиф этиб, бу ерда юзага келган муаммо билан таништирди. Фаолияти тўхтаб қолган корхонани тарғиб қилиб, масалани ечишга кўмаклашни сўради.

Гап шундаки, корхонанинг 100 фоиз давлат улуши 56 787,9 миллион сўмга баҳоланиб, жорий йил апрел ойида аукцион савдосига чиқарилган.

Корхонага Италия давлатидан 118 та замонавий пайпоқ ишлаб чиқариш дастгоҳи келтирилган бўлиб, айни пайтда фойдаланилмасдан бўш турибди.

Масъулияти чекланган жамиятнинг давлат улуши бир неча марта такрорий савдога чиқарилган бўлса-да, ўз харидорини топмаяпти. Шу боис унинг бошланғич нархи босқичма-босқич уч марта пасайтирилган ҳолда 42 093,2 миллион сўм, яъни номинал қийматда такрорий аукцион савдосига чиқарилган. Сармоядорлар қизиқиш билдирмаётган корхона фаолиятини йўлга қўйиб, ундан самарали фойдаланиш учун баҳоланган қийматни номинал қийматгача пасайтириш механизми қўлланилиб, савдога чиқарилган 100 фоиз давлат улуши вилоят ҳудудий танлов комиссиясининг қарорига асосан баҳоланган қийматни 50 фоизгача пасайтириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, Давлат тендер комиссиясига таклиф киритилган.

Мутахассисларнинг фикрича, бу таклиф эътиборга олинса, давлат улуши ўз харидорини топиши, корхона ривожланиши, тоғли, чекка туманда янги иш ўрнилари барпо этилиб, кўплаб хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлик масаласи ҳал этилиши мумкин.

Холмўмин Маматрайимов,

Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Муҳокамада янги Давлат дастури

Ҳар йили Давлат дастури тасдиқланиб, унда келтирилган алоҳида бандлар асосида тегишли идора ва вазирликларга вазифалар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan