Журналистлар кенгаши

0
36

Глобаллашувнинг ниҳоятда тезлашуви оммавий ахборот воситалари ходимлари олдига долзарб вазифаларни қўймоқда. Матбуот ҳамиша жамиятдан ва ўқувчилардан бир қадам олға юриши лозим.

Бунинг учун журналист ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги муҳит ва мувозанатни жуда нозик ҳис қилиши керак бўлади. Кейинги йилларда мамлакатимизда халқ хўжалигининг барча тармоқларида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, натижада соҳа ва тармоқлар миссияси янгича мазмун ва моҳият касб этмоқда. Бу биринчи навбатда оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳам тегишлидир. Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз ОАВ ходимлари янгича низом, режа ва вазифалар асосида фаолият олиб бормоқда.

Кеча Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан йиғилиш ўтказилди. Унда фахрий журналистлар, газета муҳаррирлари, масъул ходимлар иштирок этишди. Йиғилишни Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Н. Тўраев очди ва олиб борди. Йиғилишда “Энг улуғ, энг азиз” танловининг вилоят босқичини намунали ўтказиш, соҳа ходимларига Президентимиз табригида таъкидлаб ўтилган топшириқ ва вазифаларни бажариш тўғрисида сўз юритилди.

Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими қошида экология, ҳуқуқий журналистика, ҳарбий ватанпарварлик, спорт журналистикаси, ёш журналистлар, журналист аёллар, фахрий журналистлар ва интернет журналистикаси кенгашлари тузилди. Кенгашлар аъзолигига вилоятдаги энг иқтидорли ва забардаст журналистлар сайланди. Янгидан тузилган 8 та кенгаш ўзларига тегишли соҳа ва тармоқлар бўйича мониторинг олиб боришади ҳамда журналистлар ўқувларини ва ихтисослашувини таъминлайди. Ҳар чорак давомида ҳисобот бериб борадилар.

Ташкилий йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан журналистлар ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Ўйлаймизки, янги ташкил этилган кенгашлар ОАВ ва журналистиканинг мазмун ва сифат жиҳатидан янада яхшиланишига асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Сафар ОМОН

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг