Бош саҳифа / Адабиёт / Жисмимда гулзорга айланди ишқим…

Жисмимда гулзорга айланди ишқим…

Ҳаёт

Бу ҳаёт кўксимга битилган замин,
Тулпорлар туёғин муҳрлаб кетган –
Юракка тикони ботгани сайин,
Ҳузурбахш лаззати суякка етган.

Само чаман бўлиб нур элаб ётар,
Юлдузлар сочгандек нурдан сочала.
Кўзимнинг оқидек мунис тонг отар,
Кўзим қароғидек олам ғунчалар.

Само — бори уммон, чайқалар беун,
Тўлқинлар юксалар — мангу чўққилар.
Руҳимга айт, қачон ёриб кирди тун,
Армонми, юракдан томган томчилар?

Ҳали барҳаётман, кўнгил қаърида,
Билмайман, умидми, алам яшнайди.
Кўз ёшингга чўкма, бироз нарида,
Бизни сийлагувчи баҳор яшайди.

Жисмимда гулзорга айланди ишқим,
Қулоқ сол, бир даъфа шикоят — арзга;
Тушунсанг-чи, ахир, тугади ашким,
Жонимни Жаббордан олганман қарзга!..

Умр оқаётир…

Руҳнинг қанотида йиллар сарғайди,
Вужуд бўстонида тикондек титроқ.
Мени мен чекмаган оҳлар қарғайди,
Нурга чўмган қайғу қарғайди кўпроқ.

Умрим оқар гўё бир маъсум оҳанг,
Маҳзун дил торини чертади маъюс.
Руҳ — сарсон, вужудга сиғмайди гоҳо,
Кўксимда кўкарар ғалати бир ҳис.

Уйғоққа ўхшайман, ғофилдек баъзан,
Гўёки маст-аласт кимсадек хароб!
Кўзимни соғинчи айламиш Ватан,
Дил сўлиб бормоқда ифорин тараб…

Нур эмган гулшанлар энди хазонрез,
Милтираб тургандай умримиз кафтда.
Тақдирга қўрғондир бир калима — сўз,
Аслингни ёзгайлар аъмоли хатга.

Бу кўнгил — қалдирғоч, учар-у қўнар,
Гоҳ кўкка йўрғалар, гоҳ тубан кетар.
Гоҳида шайтоннинг оёғин ўпар,
Гоҳ пирнинг нур тўла этагин тутар.

Эр бўлсанг собит тур ўз аъмолингда,
Иймонни асрагил қалбнинг қўридай.
Ҳаттоки энг заиф аҳволингда ҳам,
Уйингни қўриқла худди бўридай…

***

Шоҳи тиғдай ўткир, фил келбат, шундоқ,
Омоч судрар ҳўкиз пайкалда ҳамон.
Сиртидан одамдай кўринар, бироқ,
Бўрини ичига яширган одам.

Нур тилган ёллари товланиб нафис,
Қўшин бошлаб кирар отлар жанггоҳга.
Кўзларин кўр қилган ҳой-ҳавас ва ҳирс,
Кимсалар тап тортмай борар гуноҳга.

Кишини сиртидан билиб бўлмайди,
Ичида илони бор, киши билмас.
Майлига, шер бўлгин, бўри бўл, майли,
Аммо одамзоднинг бўриси бўлма!

Тўнғизнинг қавмига кирган бирлари,
Баъзилар ўлакса гўштига тўйган.
Ҳасаддан қалблари куйган, кирланиб,
Баъзиларни эса илон еб қўйган.

***

Маъюс шивирлайди қонимда ёдинг,
Хотира юракда яшайди мангу.
Насимлар қароқда қолгандек қотиб,
Руҳ — тамом гуллаган, бир шаффоф рангли.

Кўнгилнинг кўчаси соғинчдан фараҳ,
Нур инган ифордай туйғулар мушкин.
Юракка қадалган тиконга шараф,
Оби зам-замдайин қоним-да тошқин.

Кўзимнинг ёшидай сизар қатра жон,
Кўксингнинг зарбидай турибман кулиб.
Мажнундай телбавор, хаста, безабон,
Кўзингдай яралдим, сўзингдай ўлдим.

Дил кўҳна ҳужрадай омонат, сағир,
Турибман, журъатсиз, ғарибдан ғариб.
Қўлимда паймона тўла бир чоғир,
Бу жисмим руҳ дафн этилган қабр.

Холмуҳаммад Тоғаймурод

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги китоблар тақдимоти

Илк бор ўтказилаётган I Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ва Республика маънавият …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan