Бош саҳифа / Жамият / Жиноят дарахти суғорилмаса…

Жиноят дарахти суғорилмаса…

Жиноят нима, жиноятчи ким? У қачон, қандай вазиятда содир бўлади? Нега жиноят аталмиш ёвузлик дарахти ҳалигача ўсмоқда? Бу каби саволлар берилганда ҳар ким турлича жавоб беради.

Аввало, “жиноят” сўзига таъриф берадиган бўлсак, бу сўз бир неча асрлардан буён қўлланилиб келинаётган “тақиқланган”, “гуноҳ”, “айб”, “қонунга зид” сўзларига синоним сифатида изоҳланади.  Аммо, мазкур сўзга янгича маъно ҳам юклатилган: суд жараёнида қонунбузарликнинг энг олий даражаси деб топилган бирор хатти-ҳаракат, ҳолат ёки ҳаракатсизликка нисбатан қўлланилади. Қадимда  оқни қорадан, яхшини ёмондан, айбсизни айбдордан фарқлаш учун ўз замонасининг оламдан бохабар, донишманд инсонлари ўзаро маслаҳатлашиб қарор чиқаришган.

Ҳеч бир инсон жиноятчи бўлиб туғилмайди. Фақат у ўзини қуршаб турган муҳитга, унинг талабларига баъзан туғма иллатлар, баъзан моддий қийинчилик,  катта омадсизлик сабабли тезда кўника олмайди.

Инсонни ҳаёт йўлларидаги синовлар, қийинчиликларни енгишдаги иродасизлик, осон йўлни танлаш жиноят оламига етаклайди. У кўп ҳолларда ҳали болалик чоғидаёқ ота-онасидан айрилиб, қаровчисиз қолади ва онги етарлича таълим-тарбияга, меҳрга қонмай, кўнгли ўксик улғаяди. Меҳр-муҳаббатга ташналик туй-ғуси ўрнини аста-секин  шафқатсизлик эгаллайди, кишини қабоҳатга бошловчи режалар тузади. Дастлаб, кимсасиз бинолардан қувурларни ўғирлаб сотишни ўрганади, сўнг тенгдошлари турли билимларни ўзлаштираётган пайтда у қулфбузарлик сир-синоатларини пухта эгаллайди.

Ёшлик чоғида имконияти бўла туриб, ўқиб-ўрганмаган, кўчада ўйин-кулгу ва безорилик билан вақтини елга совурганлар зиммасига рўзғор юки тушганда ва уларнинг нотўғри йўлга қадам босаётганини пайқаб, бу йўлдан қайтарувчилар топилмаганда, уларга фақат жиноят оламигина ўз эшикларини кенг очади. Кун бўйи қора терга ботиб, арзимаган маош олгандан кўра қўлни совуқ сувга урмай, чўнтаккесарлик қилиб мўмайгина пул топиш жўнроқ-да. Жиноят — бу боши берк кўча. Эртами, кечми, бош бориб деворга урилади, лекин унда ортга йўл бўлмайди.

Ҳозирги кунда ахлоқ тузатиш колонияларида жазоланувчиларнинг аксарият қисмини ўсмирлар ташкил этади. Агар эътибор берадиган бўлсак, 8-9 синф ўқувчилари бошқа синф ўқувчиларига нисбатан анчайин жиззаки ва қизиққон бўлишади. Коллеж ва академик лицейнинг 1-2-курс талабаларида ҳам шу ҳолат кузатилади. Улар қувонч, нафрат сингари ҳис-туйғуларини яшириб ўтиришмайди. Бунинг асосий сабаби ўсмирлик, балоғат ёшида кечадиган жисмоний ва руҳий ўзгаришлардир. Ота-оналар ҳамда ўқитувчи-мураббийлар мазкур даврда ўзаро ҳамкорликда иш юритиб, балоғат ёшидаги йигит-қизларга дўст тутунишса ва уларга ўз маслаҳат ҳамда йўл-йўриқлари билан ёрдам беришса, юқоридаги нохуш ҳолат зўрайиб кетишининг олди олинган бўларди.

Дунё шиддат билан ривожланаётган бир вақтда фарзандлар тарбиясига енгил-елпи ёндашиш келажакда кечириб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкинлиги барчамизга аён. Шу ўринда битта савол туғилади: келажакда ёш авлод жиноят дарахтини  суғормаслиги учун нима қилмоқ лозим? Бунинг учун униб-ўсиб келаётган ниҳолдек ёшларнинг қизиқишларини сўндирмаслик, уларни тушуниб, қўллаб-қувватлаш, аммо шу билан бирга ўз ҳолларига ташлаб қўймаслик зарур.

Малоҳат
АБДУҲАМИДОВА,
ТерДУ қошидаги
“ART+” ижодий 
жамоаси  аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE