Бош саҳифа / Жамият / Жиноятчиликка қарши кураш

Жиноятчиликка қарши кураш

унда ҳар бир ҳудуд ўз тажрибасини яратади

Бугун суд-ҳуқуқ тизимида юз бераётган ҳар бир ўзгариш инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, одил судловга эришиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятини замонага мос равишда такомиллаштиришга қаратилган.

Бу ҳақда давлатимиз раҳбари яқинда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам тўхталиб, ушбу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган бир нечта муҳим вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.

Биринчидан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида туман, шаҳар ва вилоят суди судьяларини танлаш ва тайинлаш вазифасини Судьялар олий кенгашига тўлиқ ўтказиш лозим. Бу борада жамоатчилик фикри ва судьяларнинг улар олдида ҳисобот бериш масаласи ўз ифодасини топиши зарур.

Иккинчидан, биз бугун халқимиз тинчлиги ва хавфсизлигининг таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, одамлар тинч яшаши учун бутун мамлакатимизда жиноятдан холи муҳит яратишни мақсад қилаяпмиз. Бунинг учун эса ички ишлар вазирлиги тизимидаги ваколат ва функцияларни қуйи бўғинга тушириб, уни чинакам халқчил тизимга айлантиришимиз, бу борада илмий ёндашув ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этиб, ҳар бир жиноят ёки ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олишимиз лозим. Бу борада ҳам жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳар бир ҳудуд ўз тажрибасини яратиши керак. Бу борадаги ишлар самарасини ошириш учун эса Ички ишлар вазири, Миллий гвардия қўмондони ва Бош прокурор республика ҳудудларига шахсан масъул этиб белгиланди. Шунингдек, жиноятчиликка қарши курашда, биринчи навбатда, ижобий натижага эришган профилактика инспекторлари ва маҳалла фаолларини рағбатлантиришни кучайтириш зарурлиги, вазифасини сидқидилдан бажарган ходимларга янги тузилган махсус жамғарма ҳисобидан устама ҳақ тўланиши ва уларнинг меҳнатлари қўшимча рағбатлантирилиши ҳам таъкидланди.

Яна бир эътиборли жиҳат, маҳалла посбони лавозими тугатилиб, унинг ўрнига профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозими жорий этилиши, уларга малакали ҳуқуқшунос, масалага қонун нуқтаи назаридан ёндашадиган фидойи кадрлар ишга олиниши, чекка-чекка ҳудудларда ҳам “Жиноят ҳақиқати ва адолати”, яъни жиноят сўзсиз фош этилиши ва айбдор жазоланиши шартлиги тамойилини жорий этишимиз кераклиги белгиланди. Бу масалага эса фақат ҳуқуқ-тартибот органларининг вазифаси, деб қарамасдан, бутун жамиятимиз бирлашиб, қаттиқ кураш олиб бориши зарурлиги қайд этилди. 

Учинчидан, Жиноят ва Жиноят процессуал кодекслари қарийб 25 йил олдин қабул қилинган. Ўтган даврда жамиятдаги муносабатлар, одамларнинг яшаш тарзи, онги, дунёқараши ўзгарганлигини инобатга олиб, бу кодекслар бугунги давр талабларига жавоб бермай қолди. 

Шу сабабли, жиноят қонунчилигини янада такомиллаштириш ва либераллаштириш бўйича қонунчиликда жазони оғирлаштириш ёки енгиллаштиришга оид моддаларда терговчи ёки судьянинг ихтиёрига, яъни, инсон омилига тўлиқ боғлиқ бўлиб қолмаслиги нуқтаи назаридан Жиноят ва Жиноят-процессуал қонунчилигини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Шу мақсадда, Бош прокурор раҳбарлигидаги идоралараро комиссия 2019 йил 1 июлга қадар Жиноят ва Жиноят процессуал кодексларининг янги лойиҳаларини тайёрлаши лозимлиги белгиланди.

Албатта, бу вазифалар тагида энг аввало, инсон омили ётибди. Улар тўлақонли амалга оширилиши жиноятдан холи, тинч ҳудудларнинг кенгайишига ва аҳолининг манфаатлари тўлақонли ҳимоя қилинишига замин яратади.

Аъзам САЙФИТДИНОВ,
вилоят маъмурий суди судьяси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan