Бош саҳифа / Жамият / Жажжилар тарбияси эътиборда

Жажжилар тарбияси эътиборда

Наргиза беш ёшга тўлса-да, негадир тенгдошларидек бурро гапира олмас, ҳатто, айрим товушларни талаффуз қилишга қийналарди. Бундан онаси Гулнора опа хавотирга тушди. Оилавий шифокорнинг тавсияси билан қизини Термиз шаҳридаги 10-кўп ихтисосли давлат махсус мактабгача таълим муассасасига олиб борди.

Муассасадаги логопед-дефектолог қизчанинг муаммосини аниқлагач, тезда даволовчи машғулотларни бошлаб юборди. Ўн кун ичида Наргизанинг нутқида ўзгариш сезилди. Энди қизалоғининг бийрон сўзлаётганини кўрган Гулнора опанинг кўнгли таскин топди.

Термиз шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими тасарруфидаги 10- кўп ихтисосли давлат махсус мактабгача таълим муассасасида эшитиш, таянч ҳаракат аъзолари ва нут қий ривожланишида оғир нуқсони бўлган 110 нафар бола соғломлаштирилмоқда.

— Бундай болалар алоҳида эътибор талаб қилади, — дейди мактабгача таълим муассасаси директори Дилбар Тажиева. — Шу боис, улар махсус комиссия тавсияси билан муассасамизга юборилади. Тарбияланувчилар  билан турли коррекцион машғулотлар олиб борамиз. Боладаги муаммоларни мутахассислар кўмагида бартараф этишга ва таълим тизимини болага мослаштиришга ҳаракат қиламиз. Улар билан махсус дефектолог, руҳшунос, шифокорлар, ҳамшира ва педагог-ходимлар индивидуал равишда шуғулланиб, ижтимоий ҳаётга мослашиб кетишлари учун нутқини ва эшитишини яхшиловчи ўйин-машғулотлар олиб боришади.

Шунингдек, муассасада болалар учун уқалаш хоналари ҳам ташкил этилган. Унда ҳамширалар таянч ҳаракати ва нутқида нуқсони бўлган болаларда вақти-вақти  билан уқалаш машқларини олиб боришади.

— Масалан, нутқида камчилиги бўлган болаларда, дастлаб касаллик сабаблари аниқланади, — дейди мактабгача таълим муассасаси дефектологи Ислом Пардаев. — Сўнг касалликнинг даражасига қараб, болаларнинг нутқини яхшиловчи артикуляцион, яъни оғиз бўшлиғи, тил, ҳиқилдоқ,  лаб ва тишлар билан боғлиқ машқ- лар, логопедик ўйинлар, уқалаш, кичик қўл моторикасини ривожлантирувчи машғулотлар олиб борилади. Шунингдек, талаффуз ва нафас олиш гимнастикасидан ҳам фойдаланилади. Бундай машғулотлар боланинг нутқи, диққати ва хотирасининг ривожланишига ёрдам беради.

МТМда барча тарбия- ланувчилар учун зарур шароитлар яратилган. Муассасадаги кенг ва ёруғ хоналар, ўйинчоқлардан тортиб, ранг-баранг кўргазмали воситалар, адабиётлар эътиборни тортмасдан қолмайди. Айниқса, муассасасида болажонларнинг спортга бўлган меҳрини уйғотиш борасида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилаётгани қувонарли. Жумладан, ҳар йилги ёз мавсумида “Соғломжон-полвонжон”, «Кичкинтой-гижингтой», «Арқон тортиш», шахмат-шашка сингари спорт мусобақалари ва миллий ўйинлар доимий ўтказиб келинаётгани аҳамиятлидир.

Дарвоқе, бола таълим тизимига эмас, балки таълим тизимининг болага мослашиши уларнинг қанчалик қадр-қимматга эга эканлигини кўрсатибгина қолмай, ҳаётда ўз ўрнини топишда тўлақонли қўллаб-қувватланишини билдиради. Бинобарин, ушбу таълим муассасасида қилинаётган ишлар, яратилаётган имкониятлар барчаси фарзандларимизнинг соғлом руҳ билан ўсишига кўмак беради. Ва бугунги кунда ҳеч бир боланинг тақдири эътибордан четда қолмаслигини яна бир бор исботлайди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги масжид муборак

Кеча Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий номидаги янги жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги жомеъ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan