Бош саҳифа / Жамият / Жажжи елкадаги юк

Жажжи елкадаги юк

Болалик даврини подшоликка қиёслашади. Ёши улуғ кексаларнинг гапига қараганда, 5 ёшгача боланинг ҳар бир истаги амри вожиб бўлиши даркор. 7 ёшдан 17 ёшгача эса уларнинг ақлий меҳнат билан бирга жисмоний меҳнат билан ҳам шуғулланишини назорат қилиб бориш мақсадга мувофиқ.

Аждодларимиз айни бу даврни бола тарбиясида муҳим билиб, унинг ўз йўлини танлаши, оқ ва қорани ажратиши, ҳар томонлама комил инсон бўлиб камол топишида беқиёс аҳамият касб этишини ўз асарларида ёзиб қолдиришган.

Шукур, бугун болалар спортига ва уларнинг сифатли таълим олишига барча имконият ва шароитлар етарли. Аксарият ота-оналарнинг ҳам бунга алоҳида эътибор билан қарашаётгани эса барчамизни қувонтиради. Бироқ, болага ҳамма нарсани ўргатиш керак экан деб, унинг кичик жуссасига ҳамма оғир юкни юклаб қўйиш бироз ножоиздек, назаримда.

Бир танишимнинг ўғли шу қадар зеҳнли эдики, бир шеър ўқишга тушса, соатлаб айтарди. Танишим уни 6 ёшидан мактабга берди. Болакай онаси корхонада бошқарувчи бўлганлиги боис ҳафтада уч кун чет тили тўгарагига борар, отасининг хоҳишига кўра уч кун спорт машғулотларига қатнарди, ҳатто якшанбада ҳам актёрликни ўрганарди. Бошида икки йилча барини ўзлаштириб юрди, кейин эса тўсатдан ётиб қолди. Шифокорларнинг айтишларича, тинимсиз равишда китоб ўқиш ва машғулотлар билан банд бўлиш саломатлигига салбий таъсир кўрсатган.

— Энг аввало, ота-она фарзандига меҳр бериши ва буни намоён қила олиши лозим, — дейди психолог Замира Юнусова. — Шундан сўнг, унинг бирор соҳага мойиллигидан келиб чиққан ҳолда ўзлигини намойиш этиши учун шарт-шароит, муҳит яратиб беришга ҳаракат қилиниши керак. Фақат бу болани чарчатиб қўймаслиги зарур. Масалан, уни бир вақтнинг ўзида ҳар хил тўгарак ва машғулотларга бериш унга оғирлик қилиши, натижада эса жисмоний чарчоқ келиб чиқиши мумкин. Бундай давомли чарчоқлар эса боланинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Яхшиси, машғулотларга мавсумий берган маъқул. Масалан, бир мавсум хорижий тиллардан бирини ўрганса, бошқасида бирор бир фан тўгарагига ёки спорт машғулотига қатнаши мумкин. Албатта, орада дам олишни ҳам унутмаслик керак.

Фарзанд гўёки ниҳолга ўхшайди. Уни вақтида тўғри парвариш қилинса, кўкка тўғри бўй чўзади, тик ўсади. Акси бўлса…

Наргиза ОДИНАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan