Жазава

ёхуд “обуна иши” кимни абгор қилмоқда…

“Авом халқ, бир “қичқириб” берсанг бўлди, кейин четда туриб томошани кўр,— дегувчиларнинг “Facebook” ошиғини олчи қилди-ёв. Очиқроғи улар ўзининг уқувсизлиги панд бериб, қатордан оғиб, “ўтириб қолган”лиги, бебурдлиги аламини мамлакатдаги инсонпарвар ижтимоий сиёсатдан олишмоқда.

Бу “муғомбирларнинг” қозонига ўт қалаётганлар, ўринли ташбеҳ турганда нобоб сўзларни “демократиянинг меваси” деб ёшларнинг дийдасини қотириб, бобомерос қадриятлардан чалғитаётганларнинг аслида ким эканлигини ақлли одам дарров фаҳмлайди.

Айни дамда интернетдан ножоиз фойдаланишнинг глобал масалага кўтарилиш сабаби ва туб илдизи ҳам айнан ана шундай “ўтириб қолган аюҳанносчилар” ҳиссасига тўғри келади. Улар ўзларининг ношудлигини, боқимандалиги аламини бутун бир жамиятдан олади. Яъни ўзларининг “этагига ўзи ўт қўйиб” атрофга бемаъни чанг солиб, гўёки ўчини қўшнисидан олади. Мен фикримни бироз мавзудан чалғиб таъбирлаётганим боиси, яқин-яқинда газета ва журналларга обунанинг айрим раҳбарлар томонидан мажбуран амалга оширилаётгани, ундан ким манфаатдорлиги, аслида обунанинг шакли-шамойили хусусидаги бугунннинг долзарб масаласи кўтарилди. Газеталарнинг ўқувчибоплиги, савияси, бугунги ўқувчи қайси газетани танлаётгани, айрим корхоналарда мажбурий-ихтиёрий (обуна мажбурий, қайси газетани танлаши ихтиёрий) обуна қилиш ҳолатлари учраётгани хусусида муносабатлар билдирилди. Буни олқишлаш керак. Сабаби газета ўқийдиган, қайсидир сонини ўқиш учун таҳририятга ахтариб борадиган, “бугуннинг мавзуси”да тинмай фикр билдирадиган, мақола ва мулоҳаза ёзадиган ўқувчилар барибир олиб ўқишади. Айнан обуна хусусидаги муносабат-мақолалар айнан босма нашрларда чоп этилди. “Нега биз газета, журналлар ўқимаймиз, болаларимизга газета ўқишни, унинг афзалликларини нега уқтирмаймиз?

Нега намуна, ўрнак бўлмаймиз, нега мажбурий обуна бўлишимиз керак, фарзандларимиз ижтимоий тармоққа нега муккадан кетди, ота-оналарнинг, зиёлиларнинг минбарига нега “кўз тегди” мазмунида кўтарилган масала, айнан “жарчи”ларнинг тегирмонига сув қуйди. Улар нафақат корхона ва ташкилотлар ҳатто ҳар бир фуқаронинг оғзини эринмай пойлади. Асл мақсад қолиб “айғоқчи”лик яловини тортишди. Боиси улар ғирт бекорчи, фақат жарчилигидан, “болалатишдан” роҳатланади. Уларнинг обуна-ю, маънавият-маърифат, газета ва миллий матбуотнинг моҳиятини англашга ақли етармиди. Амаллаб, интернатга “дийдиёсини” чалама-чатти (стилистик эмас, ҳатто грамматик хатолар билан) ёзса, сафдошлари ва “кўчанинг” гапи билан ёзишиб, холис фикр эгаси устидан аямай “мағзава” ағдарса бунга гувоҳ бўлиб турган фарзандингиз ҳайратга тушмайдими?

Нақ жаҳонга(интернетга) чиқиб кетаёган бу нобоп муносабатдан (уларнинг наздида) “маънавиятимиз, эркимиз ҳимоячилари”га нисбатан ҳавас эмас, нафрат уйғонмайдими? Агар чуқурроқ суриштирсангиз, нафақат жамиятга, инсонларга ҳатто, ўзининг ака-укасига манфаати тегмаган одамлардан нимани ҳам кутардингиз?

Яқинда таҳририятга Қизириқ тумани, Бандихон массивидан Хадича опа (юридик сабабларга кўра номи ўзгартирилди) келиб бироз, арзи ҳол қилди (аслида бундай мурожаатларга ҳар куни гувоҳмиз). Қизириқ, Денов туманлари ҳуқуқ-тартибот идоралари, суд ҳокимиятининг унинг шу кунгача катта миқдордаги пул маблағини ундириш юзасидан мурожаатига бўлган муносабатидан эътироз билдирди. Онанинг ярим йил умри ариза кўтариб, йиғлаб туманма-туман, эшикмаэшик юрганига ичим ачиди. Натижада икки ҳафта ўтмай опанинг дуосини олдим. Опанинг “Ишим битмади, охири шу ерга умид билан келдим. Шу газетага бор, албатта ишинг ҳал бўлади дейишганди” деган гапи ҳозиргача хаёлимдан ўтади. Унинг наздида журналист давлат таъминотидан катта маблағ олади. Турмуши жуда тўкис, ҳеч қачон нолимайди… Шу боис журналистика соҳасига “манфаат излаб” аралашиб қолган айрим касб эгаларининг боши қотиб, “шахсий хуржуни”ни бўш орқалаб қайтиб кетганлари ҳам, амаллаб аросатда юрганлари ҳам бор гап. Ана шу бизнинг бош муаммомиз… Бу чекка қишлоқнниг ҳокисор, қўли қадоқ аёли журналистлар ниманиниг ҳисобига кун кечираётгани, журналистнинг рўзғоридаги насиба унинг хонадонидан “пеш” эмаслигини, аммо ғурури баланд, нафси тўқ, халқнинг дарди билан яшашлигини, “Обуна”гина унинг ҳаёт-мамоти эканлигини қаердан ҳам билсин.

“Яна мажбурий обуна қилдираётганмиш” деб жар солаётган “меҳрибон”лар эса бирон газетага обуна бўлиб кўрганмикан ёки газетага обуна бўлиб, фарзандини уни ўқиб, уқишга чорлаб кўрганмикан? Таҳририятимизга биргина 2018 йилда юзлаб ариза ва шикоятлар келиб тушган бўлса, шундан 45 таси қаноатлантирилган ва иккитаси ўрганиш жараёнидаги мурожаатлар ҳисобланса, 50 дан ортиқ оғзаки мурожаатлар юзасидан мақола ва журналист суриштируви амалга оширилган, яна қанчаси бизнинг аралашувимиз билан жойида ҳал этилган.

Энг асосийси, таҳририятимизга муаммолари билан мурожаат этувчиларнинг сони салмоқли. Сабаби оддий…. Барчаси жамоамиздан миннатдор. Минглаб талаба, ўқувчи ва ўқитувчилар, тиббиёт ходимидан тортиб қишлоқ хўжалиги ходимларигача, хуллас, турли соҳа вакиллари долзарб мавзуларда мақолалар олиб келишади.

Бир куни қишлоқдошимиз Абдурауф бобонинг ўғлига “болам бу йил қайси газетага обуна бўлдинг. Обкечи, дунёда нима гаплар” деган гапига гувоҳ бўлиб, бобога ҳам, ўғлига ҳам ҳурматим янаям ошди. Ҳар бир ота-она шу саволни фарзандига ғурур билан бера олсагина, келажакдан янада кўпроғини умид қиламиз. Бу фикр билан “жарчи”ларнинг ёқасидан олмоқчи эмасман, аксинча, сиз ҳам газетани кўпроқ ўқинг. Албатта, “Сурхон тонги” газетасига сиз ҳам обуна бўлинг! Ўрни келганда газетанинг интернетдан афзаллигини англаган англайди, англамаганнинг, яъни “букри”нинг белини гўр тузатади, демоқчиман.

Алиёр РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE