Бош саҳифа / Таълим / Жасмина дизайнер бўлмоқчи

Жасмина дизайнер бўлмоқчи

Куни кеча жиянимни тўгаракдан олиб кетиш учун вилоят Баркамол авлод болалар марказига бордим. Хонага киришим билан деворга осилган аёллар либослари чизилган расм диққатимни тортди.

Буни қайси машҳур дизайнер чизган, дея савол бердим. Тўгарак раҳбари менга “буни бўлажак дизайнер қизимиз Жасмина Ахмедова чизган”, деди.

“Кийим инсон яратган ихтиролар ичида энг қадимийсидир. Шунингдек, ҳар бир инсоннинг зийнати бўлган либослар, унинг жамиятдаги даражасини ҳам билдиради. Қайси даврага қай бир либосда бориш ҳам инсоннинг эстетик диди ва маданияти нечоғлик эканини кўрсатиб туради”, дея устозига чизган либослари ҳақида завқ билан гапираётган Жасминанинг чизган либосларига қизиқишим ортди.

Жасмина Ахмедова Термиз шаҳридаги 11-умумтаълим мактабининг 8-синфида таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, вилоят “Баркамол авлод” болалар марказига “Либослар дизайни” тўгарагига қатнайди. Расм чизишни отасидан ўрганган. Фарзандининг дизайнерликка қобилияти борлигини пайқаган ота-она унга алоҳида хона ажратиб, етарлича шароит яратиб берган. Чизган либосларига мос соч турмакларини ҳам маҳорат билан ўйлаб топадиган қаҳрамонимиз асосан, миллий либосларга замонавий тус беришни хоҳлайди.

У жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан мактаб ўқувчилари ўртасида “Биз ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт” шиори остида ўтказилган ёш истеъдодлилар кўрик-танловининг вилоят бос- қичида “Энг яхши сурат” номинацияси бўйича биринчи ўринни қўлга киритган. Шу билан бир қаторда, куни кеча бўлиб ўтган “Конституция — бахтимиз пойдевори” республика кўрик-танловининг ҳам вилоят босқичида фахрли 3-ўринни эгаллаган.

—     Янги либос дизайнини яратишда вақт ҳам, шароит ҳам танламайман, — дейди Жасмина Ахмедова. — Дарсларимни тайёрлаб бўлгач, бўш вақт топдим дегунча янги либос яратиш устида бош қотираман. Асосан гуаш, рангли қаламлар ва акварель бўёқларидан фойдаланаман. Дилдора Қосимова, Джорджио Армани, Юдашкин сингари машҳур дизайнерларга ҳавас қиламан. Онам менинг яратаётган либосларим дизайнидан машҳур кишилар фойдаланишини, улар чет эл дизайнерларига эмас, ўзимиз яратган либосларга ҳам эътибор қаратишларини орзу қилади. Келгусида либослар коллекциямни яратишни, шунингдек, ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олишни ҳам истайман.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият сабоғи

Жойларда ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan