Бош саҳифа / Жамият / Жарқўрғонлик 385 нафар аёл ишли бўлди

Жарқўрғонлик 385 нафар аёл ишли бўлди

Жарқўрғон туманида жорий йил ҳисобида 774 нафар ишсиз хотин-қиз рўйхатга олинган эди. Бироқ туман хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш маркази саъй-ҳаракати билан уларнинг 330 нафари бюджет ташкилотларига ишга жойлаштирилди.

Тумандаги 49 нафар ижтимоий аҳволи оғир аёлнинг 45 нафари “Сурхон текс” корхонасида иш бошлади. Қолаверса, ўндан ортиқ хотин-қиз маҳаллаларда жамоатчилик асосида ишлашмоқда.

— Бир неча йилдан буён ишсизлигим сабабли, ўзим яшаётган Бобур маҳалласига иш сўраб мурожаат қилган эдим, — дейди фуқаро М. Бердиева. — Маҳалла ва туман ҳокимлигига катта раҳмат, улар ёрдамида жамоатчилик асосида ишлай бошладим. Мана 4-5 ойдан бери ишлаяпман. Оиламиз катта, икки акам ва келинойиларим ишсиз, ота-онам нафақада. Маошим билан рўзғоримизнинг кам-кўстини бутлашга ҳаракат қилаяпман.

— Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам ҳеч қаерда ишламас эдик. Икки фарзандимиз билан қийналиб қолдик, — дейди фуқаро Гулчеҳра Жумаева. — Маҳалла фаоллари оилавий аҳволимиздан хабардорлиги сабаб, мени туманимиздаги Маданият уйига ишга жойлаштириб қўйишди. Кейин турмуш ўртоғим ҳам ишлай бошлади. Ҳозир рўзғоримизни анча бутлаб олганмиз. Маошимиз ҳам ўзимизга етаяпти. Ишли эканимдан мамнунман.

— Асосий мақсадимиз ишсизликни бартараф этиш, — дейди Жарқўр ғон тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Равшанова. — Тумандаги хотин-қизларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиб, жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун шарт-шароит яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Яқинда “Ҳар бир оила — тадбиркор” Давлат дастури асосида банклар билан шартнома қилиб, 120 дона тикув машинасини кредит асосида тикиш-бичиш ишлари билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларга топширдик. Улар хурсанд бўлишди. Умуман олганда, туманимизда ишсиз аёллар у қадар кўп эмас. Деярли барчанинг хонадонида катта томорқаси бор. Экин-тикин ишларини қилишади, қорамол боқишади. Ўз рўзғорлари учун керакли бўлган мева-чева, сабзавот маҳсулотлари дейсизми, барчаси томорқаларда етиштирилади. Ортиқчасини эса сотишади. Иш излаб юрган хотин-қизлар эса мавсумий ишларга чиқиб кетади. Доимий равишда жойларда ва хонадонларда бўлиб, аҳоли яшаш тарзини ўрганамиз. Таклиф ва эътирозлар бўлса, уларни ҳам бартараф этиш учун қўлдан келганча ҳаракат қиламиз.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan