Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Жануб сарҳадларида тараққиёт одимлари

Жануб сарҳадларида тараққиёт одимлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги “2017—2019 йилларда текстил саноатини ривожлантириш, тўқув трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятимиз миқёсида умумий қиймати 299,4 миллион АҚШ долларига тенг маблағларнинг ўзлаштирилиши натижасида 10 га яқин енгил саноат корхоналари ишга туширилади. Бу  эса воҳада етиштирилган пахта толасининг тўлиқ қайта ишлаб чиқарилиши билан бирга,  2 мингдан ортиқ хотин-қизни муқим иш ўрни билан таъминлаш имконини беради.

Жумладан, йилига 4200 тонна ип-калава маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватига эга Жарқўрғон “Сурхонтекс” корхонасига мазкур кўрсаткични 9000 тоннага етказиш учун 25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағини жалб этиш кўзда тутилган.  Айни кунда “Сурхонтекс” корхонаси томонидан  тижорат банкига барча ҳужжатлар тақдим этилган бўлиб, корхонани қуриш ва таъмирлаш ишлари учун ўз маблағи ҳисобидан 6 миллиард 500 миллион сўмлик ишлар бажарилган.

— 2014 йилда “Асака банк” томонидан банкрот деб топилган “Сурхонтекс” корхонасининг фаолиятини тугатиш тўғрисида судга даъво аризаси киритилган эди,— дейди “Сурхонтекс” ва  «Nortex style» қўшма корхоналари ижрочи директори Бахтиёр Нормаматов. — Ўша вақтда мазкур корхонанинг дебиторлик қарзи 31 миллиард сўмни, кредиторлик қарзи эса 26 миллиард сўмни ташкил этарди.  Ўзбекистон-Буюк Британиянинг (Шотландия) «Nortex style» қўшма корхонаси томонидан “Сурхонтекс” корхонасига  сармоя киритилгач, 2015 йилнинг якунида Швейцариянинг “Rieter”, Испаниянинг “Savio” ва Туркиянинг “Temgan” компанияларининг дастгоҳлари олиб келиниб, ишлаб чиқариш қуввати оширилди. Натижада, 2015 йилнинг якунида қарийиб 10 миллион АҚШ доллари, 2016 йилнинг якунида эса 14 миллион 500 минг АҚШ доллари қийматидаги ип-калава маҳсулотларини экспорт қилишга эришдик.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 6 ойи давомида корхонамиз томонидан беаз (бўз), сатин ва меткал каби трикотаж матоларидан 6 миллион пагонаметр ишлаб чиқарилди. Қўшма корхона томонидан эса 6 ой давомида умумий қиймати  1 миллион 500 минг АҚШ долларлик миқдорига маҳсулот экспорт қилинди.

«Nortex style» хорижий корхонаси томонидан 2016 йилда 1500 тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2017 йилда олинган кредит эвазига корхона йилига қўшимча 3000 тонна, умумий ҳисобда 4500 тонна ип-калава маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди.

Ҳозирги кунда “Сурхонтекс” корхонасида 240 та, «Nortex style» хорижий корхонасида эса 200 та ишчи-ходим ишламоқда. “Сурхонтекс” корхонаси эндиликда фаолиятини кенгайтиргач, яна  100 та бўш иш ўрнига эга бўлади.

2007 йилда “Сурхонтекс” корхонаси 1097 та ишчига эга бўлгани ҳолда кунига 4 тонна ип-калава маҳсулотларини ишлаб чиқарган бўлса, бугун 240 та ишчи билан кунига 21 тонна атрофида ип-калава маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда.

Маҳсулотнинг сифатига келсак, шу вақтга қадар пахтани Қорақалпоғистон Республикаси ва водийдан олиб келиб, ишлаб чиқаришда фойдаланишга мажбур эдик. Биз шу тўғрида вилоят ҳокимига мурожаат қилганимизда, тез фурсатда ушбу муаммони ҳал қилиб, ўзимизнинг пахтамиздан ишлаб чиқаришда фойдаланишимизга имконият яратиб берди. Шу сабаб, сифатли толадан дунё бозори талаблари даражасидаги, харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқара бошладик.

Корхонада ишлаётган ишчи-хизматчиларнинг фаолияти билан қизиққанимизда, уларга муносиб меҳнат шароити яратилганлигининг гувоҳи бўлдик. Ходимлар корхона ҳисобидан кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланиб, корхонага келиб-кетишларини таъминлаш учун иккита автобус ажратилган экан. Бундан ташқари, ишчи-хизматчиларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастурларини намойиш этиш билан бирга, ҳар ой 15-20 нафар ишчи-ходимга “Жайрахона” соғломлаштириш марказига йўлланма берилади.

Шунингдек, “Нуроний” жамғармаси, “Болалар спорти”, “Кураш федерацияси”, “Сурхон” футбол командаси ва 12- “Меҳрибонлик уйи”га ҳам қўшма корхона томонидан ҳомийлик ёрдами кўрсатиб келинмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш мумкинки, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширилаётган шу каби яна ўнлаб турли йўналишдаги лойиҳалар ҳисобига вилоят аҳолисини иш билан таъминлаш, шунинг баробарида цемент, габро плиталар, пишган ғишт, лак бўёқ, ДСП ва МДФ эшик ромлари каби қурилиш материалларига бўлган талабнинг тўлиқ қондирилиши режалаштирилмоқда. Зеро, халқ фаровонлиги мамлакатимиз сиёсатидаги энг устувор масаладир.

Эркин НОРСАФАР,
“Сурхон тонги” газетаси мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабага имтиёзли кредит

Ҳар ҳафта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотларда вилоят ҳокими Тўра …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE