Бош саҳифа / Жамият / Жаннат райҳони

Жаннат райҳони

Шуни алоҳида тан олиб айтиш жоизки, фарзандлар Аллоҳ таоло томонидан бизларга берилган неъматлар ичида энг буюгидир. Бу борада пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Фарзандлар жаннат райҳонларидир” (Сунани Термизий).

Шу маънода, ислом динида фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиши ҳам бежиз эмас. Зеро, пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифда “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одоб-ахлоқдан яхшироқ ҳадя беролмайди”, деганлар (Имом Термизий). Яъни, инсон ўз зурриётига бериши мумкин бўлган нарсаларнинг энг яхшиси моддий эмас, аксинча, маънавий неъмат – илм ва тарбиядир.

Тарбияли фарзанд ота-онасини бу дунёда иззат-икромга, охиратда эса Аллоҳнинг ризолигига мушарраф этади. Тарбиянинг моҳиятини чуқур англаган аждодларимиз бунга алоҳида аҳамият қаратишган. Хусусан, “Кимё” китобида фарзанд тарбияси ҳақида шундай дейилади: “Фарзанд ота-она қўлидаги омонатдир, унинг дили эса нафис гавҳарга ўхшайди. Гавҳар ҳар хил нақшлар билан безатилгани каби бола қалбига ҳам эзгу фикрлар нақшини солиши мумкин.

Бола қалби тоза тупроқ кабидир, унга қандай уруғ сепсанг, ўша уруғ унади. Шунинг учун ота-она ва муаллимлар бу ишда ўзаро ҳамкор бўлиб, унинг дилига яхшилик уруғларини қадамоқлари лозим”.

Шу ўринда савол туғилади. Хўш, фарзанд тарбияси инсон ҳаётида шунчалар муҳим экан, уни қачондан бошлаш керак? Бу саволга ҳар ким ўз билганича жавоб беради. Аммо шу нарса аниқки, фарзанд тарбиясини ҳали у она қорнидалигидаёқ бошлаш керак. Бу борада дунёвий ва диний илмлар аниқ хулосаларини беришган. Шунингдек, ота-оналар ўзлари маънавиятли ҳамда одоб-ахлоқ масаласида намуна бўлмоқлари лозим.

Бу дунёда умргузаронлик қилаётган ҳар бир инсон имкони борича яхшилик қилиши керак. Яхшиликни касб қилиш учун эса инсон тарбияли, маънавиятли бўлиши лозим. Зероки, расули акрам саллоллоҳу алайҳи васалламдан далолат қилинишича, “Инсон дунёдан ўтгач, унинг амал дафтари ёпилади, фақат унга 3 амалдан савоб етиб туради. Булар қолдирган илми, қурдирган масжид ёки кўприги, солиҳ фарзанднинг қилган дуосидир”(Абу Исо Муҳаммад Термизий). Шу сабабли, инсон бу дунёдан ўтгандан кейин ҳам ўзига савоб етиб туришини истаса, фарзандини солиҳ кишилар қаторида тарбияламоғи лозим. Ахир, илм ва тарбиянинг кучи ҳам аслида шунда эмасми.

Расулжон АБДУЛЛАЕВ,
Термиз туман имом-хатиби

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE