Жамоатчилик назоратини йўлга қўямиз

0
37

Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёев Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида “Бугунги кунга қадар давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назорати амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари яратилмаган.

Бу эса, нодавлат-нотижорат ташкилотлари томонидан давлат органлари ва мансабдор шахс лар фаолиятини холисона баҳолашга халақит бермоқда. Шундан келиб чиқиб, давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмларини яратиш мақсадида жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонунни қабул қилиш зарур” — деган эдилар.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, 21 моддадан иборат “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди ва кучга кирди. Қонунда давлат органларининг фаолиятига оид чекловларга риоя этиш, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасидаги фаолиятига аралашмаслик, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига ва уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслик каби мажбуриятлар белгиланган.

Маълумки, Президентимиз томонидан жорий йилнинг 4 майида “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида фуқаролик жамияти ривожлантириш Маслаҳат кенгаши тузилди. Маслаҳат кенгашининг асосий вазифаларидан бири фуқаролик жамияти ва кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва бу ҳақда Президентни мунтазам равишда хабардор қилиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш, мазкур институтларнинг жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш учун қулай шароит яратиш масалалари бўйича давлатимиз раҳбарига таклифлар киритиш белгиланган.

Юқоридаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилиниши, жамоатчилик назоратининг қонуний асосларини яратиш, жамият ва давлатнинг ўзаро самарали алоқасини, манфаатлар мувозанатини таъминлаш, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш ғоясини изчил амалга оширишга хизмат қилади.

Панжи МУСТАПОВ,
фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини
мувофиқлаштириш бўйича Термиз туман Кенгаши раисининг ўринбосари

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг