Бош саҳифа / Жамият / Жамоат транспорти қатновида ўзгаришлар

Жамоат транспорти қатновида ўзгаришлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2724-сонли қарори вилоятимизда ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Ана шу қарордан ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 17 августдаги қарори билан тасдиқланган “Шаҳарда йўловчиларни ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкил этишга оид” низомда белгиланган шартлар ва тартиб-қоидалар асосида Термиз шаҳар ҳокимининг 2019 йил 13 июндаги “Термиз шаҳрида транспорт хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Термиз шаҳридаги жамоат транспорти таркиби 130 та замонавий ва қулай “Исузу” русумли автобуслар билан янгиланди.

Йўловчи ташишни оқилона ташкил этиш ва кенгайтириш мақсадида микроавтобуслар 5 та уюшмага бириктирилиб, шаҳарда 7 та йўналиш қатнови йўлга қўйилди.

Ҳар бир янгилик ва ўзгаришнинг тарафдор ва қаршилари бўлганидек, жамоат транспортидаги бу ўзгариш кейинги кунларда ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу муносабат билан 4 июль куни вилоят ҳокимлигида Термиз шаҳар ҳокимлигининг юқоридаги қарорига асосан олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди.

Йиғилишда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, адлия ва монополия органларининг Термиз шаҳар ҳокимининг кун тартибига қўйилган қарори юзасидан билдирган эътирозлари ҳам муҳокама этилиб, қайд этилган қарорни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 17 августдаги қарори билан тасдиқланган “Шаҳарда йўловчиларни ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкил этишга оид” низомда белгиланган шартлар ва тартиб асосида очиқ тендерлар ўтказиш ҳамда бугунги кунда тендер шартномасига мувофиқ тегишли йўналишда ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномасиз фаолият юритиб келган транспорт воситалари учун ташкил этилган янги йўналишларда улар фаолиятининг давомийлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар ҳам белгилаб олинди.

М. АЗИМОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE