Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Жамият танасидаги чипқон

Жамият танасидаги чипқон

Давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказаётган хавфлардан бири бу — коррупциядир.

Юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш борасида қатъий чоралар кўрилаётганлигига қарамай ҳамон одамларни алдаш, амалдан фойдаланиб бошқаларнинг ҳақига хиёнат қилиш, даромадига кўз олайтиришлар давом этмоқда.

Коррупцияни илдизи билан тугатиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг иши эмас. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, бу жирканч иллатга қарши курашсак, секин-аста бар- ҳам топади.

Айниқса, ёшларимиз орасида коррупция илдиз отмаслиги учун уларга қонунларнинг мазмун-моҳиятини чуқур сингдиришимиз лозим. Албатта, мактабларда ҳуқуқ дарслари ўтилаяпти. Бироқ юзаки.

Ҳозир нима бўлаяпти? Мактабга борсангиз таълим даргоҳининг қайсидир бир муаммосини ҳал этиш учун айрим педагоглар ўқувчидан пул йиғади. Касб-ҳунар коллежлари атрофини ободонлаштириш ёки гул ўтқазиш зарур бўлса, албатта, ишчи-ходимлар билан тенг равишда талабалардан ҳам пул сўралади. Ёки кўпроқ билим даргоҳларида фалон ташкилотдан комиссия келармиш, камчиликни овоза қилмасликлари учун уларни “кузатишимиз” керак, деган важлар билан ходимлардан пул тўплаш каби ҳолатлар ҳамон кузатилмоқда. Бу ҳам коррупциянинг бир кўриниши.

Бир идорада дейлик, фаррош ишдан бўшаб кетди. Албатта, таниш киши орага кирмаса, бу жойга мансабдор ходим олмайди ёки кимнингдир пул узатишини кутиб туради. Шифохоналарга борсангиз белгиланган тўловлардан ташқари, яна шифокор, ҳамшира сиздан нимадир умидвор бўлади. Ваҳоланки, ўша врач ҳам, ҳамшира ҳам хизмати учун маошини олаяпти. Бемор эса мурожаат қилган шифокорига қарздордай ўзини гуноҳкор сезади. Шундай экан, биринчи навбатда одамлар онгидаги “пулсиз иш битмайди”, деганга ўхшаш ёт иллатларни бартараф этишимиз лозим.

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали мажлисдаги “Билимли авлод — буюк келажакнинг, тадбиркор халқ — фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса тараққиётнинг кафолатидир” номли маърузасида коррупция ҳақида тўхталар экан, эндиликда ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссиялар тузилиши, улар махсус дастур асосида иш юритиши, бу комиссиялар коррупцияга қарши курашни янада кучайтиришга хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, коррупция бу жамият танасидаги чипқон. Уни даволаш ва бартараф этишга барчамиз масъулмиз.

Лутфия ХОЛИҚОВА,
“Айритом” чегара
божхона пости катта
инспектори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Воҳанинг экспорт салоҳияти

Вилоятимиздаги экспортёр корхоналар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан навбатдаги учрашув ўтказилди. Ўтган ҳафта вилоят ҳокими …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan