Жаҳолат излаганлар

0
76

ёхуд деновлик “қузғун” – ларнинг ушалмаган парвози

Ҳуррият ва тинчлик. Бу икки улуғ инъом туфайли кечаётган умримизнинг ҳар бир куни мазмун-моҳиятига кўра миллий тарихимизнинг янги зарҳал саҳифалари бўлиб қолаётир. Биргина воҳамизда ҳам қатор таълим муассасалари, зиё масканлари, масжидлар бунёд этилиб, халқимиз ихтиёрига топширилаяпти. Афсуски, манқурт қиёфасидаги айрим кимсалар, ҳамма даврларда бўлгани каби, бугун ҳам борлиги киши дилини ранжитади. Бутун дунёга таҳдид солиб, одамлар тинчини бузаётган, кўзи қонга тўлган айрим нобакор кимсаларга назар солиб, беихтиёр Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” асаридаги ўз онасини отган манқурт қиёфаси кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Минг афсуслар бўлсинким, манқуртлар орасида воҳадошларимиз ҳам бор. Денов туманида истиқомат қилиб келган Қодирали Саломов, Мелиқул Жабборов, Жаҳон Мирзалиев, Фазлиддин Жўраевлар (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) ва унинг бир гуруҳ шериклари ватаннинг тузини еб, тузлиғига тупурган нокаслардан чиқди.

Улар “ўзаро гурунглашиш” ниқобида мунтазам гаштаклар ташкил этиб, пана-пастқам жойларда ўтказиладиган тадбирларда диний ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилишган.

Улар “Тавҳид ва жиҳод” халқаро диний экстремистик ва террористик гуруҳи аъзолари сифатида яширин диний йиғилишлар ўтказиш, жамоага янги қўшилаётган аъзоларга диний экстремистик ақидаларни синг- дириш, кишиларда бугунги кундан норозилик кайфиятини уйғотиш билан шуғулланиб келган. Ушбу жиноий гуруҳ етакчиси Қодирали Саломов бир неча йил аввал Суриянинг Дамашқ шаҳридаги “Таҳзеб ва таълим” мадрасасида таълим олган. Юртга қайтгач, Сурияда олган диний экстеримистик, бузғунчи ғояларини ўзгалар онгига синг- диришни бошлайди. У бир гуруҳ ёшларни зиёфат уюштириш баҳонасида бирлаштириб, уларнинг онгига секинлик билан ёт диний ғояларни сингдириб боради. Бунинг оқибатида, кейинчалик уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Денов ҳудудида Қодирали Саломов бошчилигида яширин диний йиғилишлар ўтказишни йўлга қўйишади. Йиғинларда фаолияти тақиқланган “Исломчи-жиҳодчилар” диний экстремистик ғоялар, Сурия ва Ироқдаги халқаро террорчилик гуруҳларининг ёвузликлари, “жиҳодий амалиётлари” қўллаб-қувватланади.

2016 йил бошларидан Қодирали Саломов ўз тўрига илинган жиноий гуруҳ аъзоларига мавжуд конституциявий тузумни қоралаб, “исломий давлат” қуриш ғояларини жамоат аъзоларига янада чуқурроқ тарғиб қила бошлайди. Унинг даъватлари таъсирида қалби дағаллашган, онгини жангарилик ғоялари эгаллаган Мелиқул Жабборов, Жаҳон Мирзалиев, Фазлиддин Жўраевлар 2017 йилнинг апрель ойида Туркия давлати орқали Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилади. У ерда улар “Умар”, “Билол”, “Яҳё” лақаблари остида жангларга киришиб, қўлини қонга ботира бошлайди.

Деновлик Мелиқул Жабборов ўзининг залолатга эргашганлиги етмаганидек, аёли ва жондан азиз фарзандларини ҳам қонли жанггоҳларга олиб бориб ташлади. Унинг кўрсатмаси билан акаси Азамат Жабборов Мелиқулнинг турмуш ўртоғи – Малоҳат, уч нафар фарзандларини Туркия давлатига жўнатиб юборади. Шу билан бирга, ака ўз укасига даст- лаб 8 минг ва кейинроқ 2 минг АҚШ доллари миқдорида пул юборади.

Бу ерда қолиб, янги аъзоларни Ироқ ва Шом юртларидаги жангарилар сафига тайёрлаб борган Қодирали Саломов, Жамолиддин Мўминов, Азамат Жабборов, Сулаймон Салимов, Аёмиддин Аслиддинов, Маҳмуд Каримовларни (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўз домига тортиб, уларга диний экстремистик оқимларнинг ақидаларини сингдиради. Билими саёз, эътиқоди суст бу кимсалар манфур ғояларини қўллаб-қувватлаб, оқим раҳнамолари даъватлари акс этган аудиоёзувларни мунтазам равишда тинглаб борган.

Ўзларини Суриядаги жанггоҳларда жанг қилишга тайёр деб ҳисоблаган, жиноий гуруҳ етакчиси Қодирали Саломов ҳамда Жамолиддин Мўминов, Азамат Жабборовлар Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод” халқаро террористик гуруҳи сафига қўшилиш мақсадида мамлакатдан чиқиб кетаётган пайтида қўлга олинди. Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида, жиноий гуруҳ етакчилари ва бошқа аъзоларининг яширин жиноий фаолиятига ҳам чек қўйилди, оқим аъзоларининг кирдикорлари фош бўлиб, суднинг қора курсисига ўтирди. Қодирали Саломов, Жамолиддин Мўминов, Азамат Жабборов, Сулаймон Салимов, Аёмиддин Аслиддинов, Маҳмуд Каримов турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Шунингдек, ноқонуний диний гаштакларда иштирок этиб, ақидапарастлик ғояларини қўллаб-қувватлаган гуруҳнинг бошқа аъзолари Мирзали Турдалиев, Эгам Жониев, Баҳодир Дониёров, Камол Рустамалиев, Салимжон Тошалиев, Одил Шарофиддинов ва Жаҳонгир Абдуллаевларга нисбатан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо чораси-шартли синов муддатлари белгиланди.

Дунёдаги энг буюк неъматлардан бири бу тинчликдир. Муқаддас ҳадисларимизда Ватан сарҳадларини қўриқлаш, юртга муҳаббатли бўлиш алоҳида эътироф этиб ўтилган. Шундай экан, ҳар биримиз огоҳ бўлиб, тинчлигимизни асраб-авайлашимиз керак. Зеро, ҳушёрлик бор жойда залолат ортга чекинади.

Сарвар ТЎРАЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг